Қидириш   

22 декабрь 2014,   кўрилган: 1545

Қон босими нега пасаяди ?Қовоқларингиз оғирлашиб, кўзларингиз юмилиб кетяптими? На аччиқ чой ва на қаҳва ёрдам бермаяптими? Ўйлаб кўринг, балки гипотоникдирсиз? Тиббиётда қон босимининг катта ёшлиларда 90/60, болаларда эса 70/40 мм симоб устунидан пасайиб кетиши гипотония (артериал гипотензия) деб аталади. Тўғри, бу касаллик натижасида гипертонияда бўлгани каби инфаркт ёки инсульт келиб чиқмайди, лекин бемор ҳолсиз бўлиб қолади, иш қобилияти пасаяди.
Бу қандай касаллик?
– Гипотонияга чалинган одам тез чарчайди, боши оғри бўлиб, юраги атрофида нохуш сезгилар пайдо бўлади, боши айланади, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Тоҳир Ибрагимов. – Айниқса, бирдан ўрнидан турганида, бошини бурганида боши айланади. Бундай беморлар куннинг иссиғини, дим жойларда ўтиришни кўтара олмайдилар, айниқса, ҳаво босимининг ошишига жуда сезгир бўладилар. Хуллас, гипотоникларнинг ташқи муҳит ўзгаришларига мослашиши қийинроқ бўлади. Улар кун бўйи ўзларини турлича сезадилар: уйқудан тетик бўлиб турмайдилар, бироз юрганларидан сўнг бўшашиш ўтиб кетади, лекин куннинг иккинчи ярмида яна чарчаб, тинкалари қуриб қолиши мумкин. Мабодо фарзандингизнинг ҳадеб фикри тарқоқ бўлиб, бўшашаётганини кузатсангиз, уни танбалликда айблайвермай, шифокорга кўрсатинг.
Одам нега бунчалик тез чарчаб қолади?
Маълумки, соғлом кишида юрак-қон томир тизими бир меъёрда ишлайди. Гипотония касаллигида эса қон томирлар ҳаддан ташқари кенгайиб, тонуси пасайиб кетади, натижада юрак-қон томир тизими фаолияти бузилади; қоннинг кўп қисми томирларда қолиб, юракка кам етиб келади, оқибатда юрак чиқариб берадиган қон миқдори пасаяди, бош мия қон томирлари ҳам қон билан тўла таъминлана олмайди, яъни қон айланиши ёмонлашади. Гипотониклар қувватсизлик ва кўп терлашдан нолийдилар. Асабнинг қаттиқ бузилиши, вақтида дам олмаслик, сурункали равишда тўйиб ухламаслик, кам ҳаракатлилик қон босимининг пасайишига олиб келади. Шунингдек, ташқи салбий омиллар – ионли радиация, бензол, қўрғошин билан кўп алоқа қилувчилар ҳам қон босими пасайишига мойил бўлишади. Гипотония баъзи касалликлар (Аддисон, микседема, гипогликемия, ўткир ва сурункали гепатит) асорати сифатида, қон босимини туширадиган дориларни кўп ишлатиш оқибатида ҳам келиб чиқиши мумкин.
Уйқу – энг яхши дори
Гипотонияга чалинган киши, албатта, тиниқиб, 9-10 соат ухлагани маъқул. Уйқудан уйғониб, бирданига туриб кетмаслик керак. Маълумки, одам ухлаганида қон асосан жигар, ичаклар, талоқда тўпланган бўлади ва бош мия қон билан тўлиқ таъминланмайди. Бундай вазиятга гипотоник бирданига ўрнидан турса, боши айланиши, ҳатто, ҳушидан кетиб қолиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ётган ҳолатда енгил гимнастика машқларини бажариш (қўл бармоқлари, тизза ва тирсак бўғимларини букиш), кейин каравотда озгина ўтириб, эҳтиёткорлик билан туриш керак.
Гипотониклар уйқудан уйғонгач, қуйидаги машқларни ҳам бажаришлари мумкин: ётган ҳолда оёқларни кўтариб, худди велосипед ҳайдаётгандек айлантириш,; оёқлар билан «қайчи» ҳаракатини қилиш; қўл-оёқларни кўтариб силкитиш ва бўш қўйиб, бирданига пастга ташлаш.
Умуман, гипотонияда пиёда сайр қилиш, сузиш, оғир жисмоний зўриқиш талаб қилмайдиган спорт ўйинлари билан шуғулланиш фойдали.
Парҳез ҳақида
Гипотоникнинг таомларида минерал моддалар ва витаминлар, айниқса, В1, С, Р етарли бўлиши керак. Гречиха ва сули ёрмасидан тайёрланган бўтқалар фойдали. Сабзи, қизилча, бақлажон ва цитрус мевалар еб туриш керак, ёғли ва хамир овқатлардан эса тийилган маъқул. Қора тут жуда фойдали.
Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |   :
22 декабрь 2014,   кўрилган: 1469

Ўзбекистонда парламент сайлови якунландиЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатларни сайлаш бўйича барча сайлов участкаларида овоз бериш якунланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов 2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика матбуот марказида Тошкент вақти билан соат 22.00 да мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда 18 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган умумий сайловчиларнинг 88 фоиздан кўпини ташкил этди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунининг 44-моддасига мувофиқ парламент Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ўтган, деб ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг конференцияси ҳам якунланди. Унда Экоҳаракатнинг Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси ва ҳудудий бўлинмалари вакиллари томонидан Қонунчилик палатасига 15 нафар депутат яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Ҳозир овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш жараёни давом этмоқда.
ДАВОМИНИ УҚИНГ
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :