Қидириш   

26 январь 2017,   кўрилган: 386

Тошкент халқаро аэропорти ва Республиканинг бир қатор объектларига Ислом Каримов номи бериладиЎзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

“Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой олган Биринчи Президентимизнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш бўйича вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мамлакатимиз фуқароларидан кўплаб таклифлар тушмоқда.

Халқимизнинг самимий тилаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2016 йил октябрь ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилгани;

Тошкент шаҳар, Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасида жойлашган жоме масжидга “Ислом ота жоме масжиди” деб ном берилгани;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрда “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов) Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш чора-тадбирлари режасини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқсин.

Шу муносабат билан қуйидаги вазифалар топширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуасини барпо этиш;

тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкалларни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўрнатиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари биргаликда: Биринчи Президентимиз кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида (Ўзбекистон кўчаси, 45) Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш ва Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини ҳам ушбу манзил бўйича жойлаштириш; Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш;

қуйидаги муассаса ва объектларга:

Тошкент давлат техника университетига;

Асака шаҳридаги автомобиль заводига;

Фарғона шаҳридаги Санъат саройига;

Тошкент халқаро аэропортига;


Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклифлари асосида) Ислом Каримов номини бериш;

ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этиш. Ушбу саналар муносабати билан оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритиш;

олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини жорий этиш;

Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш;

Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган махсус почта маркаларини чиқариш.

3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ тадбирлар кенг ёритилсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти: Ш.Мирзиёев
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
18 январь 2017,   кўрилган: 476

Дори-дармон нархи қанчага арзонлашди?2016 йилнинг 31 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Хўш, ушбу қарор амалиётга қандай жорий этилмоқда? Кўзда тутилган вазифалар кўнгилдагидек амалга оширилмоқдами? Энг муҳими, аҳоли учун, халқ учун қандай қулайлик яратилди?
Ушбу саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Ҳабибулло ЖАЛИЛОВга мурожаат қилдик: ДАВОМИНИ УҚИНГ
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
06 январь 2017,   кўрилган: 382

Ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун кучга кирдиЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги қонунни имзолади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 6 октябрда имзоланиб, 12 октябрда Сенат тасдиғидан ўтган ҳужжат 27 декабрдан кучга кирди.
Мазкур қонун моҳияти аҳолининг ҳожатманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини белгилаш, шунингдек, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ролини ошириш, ижтимоий ҳимоя соҳаси тизимидаги асосий тушунчаларни белгилашга қаратилган.
Қонун «ижтимоий хизматлар» тушунчасини «хизматлар эҳтиёжманд шахсларга ёрдам кўрсатиш, уларга бошқа фуқаролар билан бир қаторда жамият ҳаётида иштирок этиш имкониятларини яратиш ва (ёки) уларнинг одатий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш бўйича комплекс ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, таълимий, тиббий, реабилитацион ва бошқа чоралар» сифатида англашни белгилайди.
Ёлғиз ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи кексалар; I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар; ҳаракатлана олмайдиган ёки ҳаракатланиши чекланган фуқаролар; ижтимоий аҳамиятга молик касаллик билан оғриган шахслар, етим болалар ва ота-она қаромоғисиз қолган болалар аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига киритилган.
Қонунийлик, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, инсонпарварлик, оммабоплик, профилактик, манзилли йўналганлик ва индивидуаль ёндашув ҳамда кўнгиллилик ижтимоий хизматларнинг асосий тамойиллари этиб белгиланган.
Ижтимоий хизматлар ижтимоий ҳамроҳлик қилиш ва консультатив ёрдам, уйда парвариш қилиш бўйича ижтимоий хизматлар, кундузги ва (ёки) қисқа муддатда бўлишга мўлжалланган муассасалар ҳамда интернат муассасаларида ижтимоий хизматлар шаклида тақдим этилади.
Ижтимоий хизматлар шу каби хизматларга эҳтиёжманд шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳаётий ҳолатини баҳолаш, индивидуаль дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш (зарурат туғилганида) ҳамда унинг мониторингини олиб бориш йўли билан тақдим этилади.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :