Бош саҳифа > Янгиликлар > Мураккаб жарроҳлик операциялари энди ўзимизда бажарилади
Мураккаб жарроҳлик операциялари энди ўзимизда бажарилади6-06-2017, 17:53. Муаллиф: info |
Куни кеча вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида биринчи марта юрак ишемик касалликлари билан оғриган ўн нафар бемор коронар ангиография текширувидан ўтди. Шулардан тўрт нафарида юрак-қон томирлари торайиши аниқлангани боис, уларда стентлаш амалиёти ўтказилди. Айни дамда марказнинг кардиология бўлими мутахассислари томонидан жарроҳлик амалиётидан чиққан беморларга керакли муолажалар олиб борилаяпти. Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилдаги қарори асосида жорий йилнинг биринчи чорагида марказга Япония ҳукуматининг JICA халқаро ҳамкорлик ташкилоти грант маблағлари ҳисобидан қиймати 5,6 миллион доллар бўлган 92 турдаги замонавий тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар келтирилган эди. Булар орасида рентген ангиография ҳам мавжуд бўлиб, операция айнан ана шу аппарат ёрдамида амалга оширилди. — Бундай мураккаб операциялар илгари фақат Тошкент шаҳри ва Хоразм, Фарғона, Наманган вилоятларида ўтказиларди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош кардиологи Қодиржон Ёрқулов. — Вилоятимизда мазкур жараённинг биринчи марта амалга оширилиши соҳа мутахассислари учун янада масъулиятли кечди. Операцияни асосан, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кардиология марказининг интервенцион кардиологлари ўтказишди. Шунингдек, жараёнда ўзимизнинг кардиолог мутахассислар ҳам иштирок этди. — Мен ўн йил давомида нафас етишмай, кўкрак қафасимда оғриқ билан қийналиб юрдим, — дейди 51 ёшли бемор Учқун Саманов. — Юрак етишмовчилиги ташхиси билан марказда кўп марта даволандим. Аҳволим оғирлашавергач, шифокорлар операция қилмаса бўлмаслигини айтишди. Бахтимга ўзимизнинг марказга янги технологиялар келтирилган экан. Малакали шифокорлар ёрдамида менда бу жараён ўтказилди. Энг муҳими, ҳозир яхши нафас олаяпман. Икки нафар фарзандим, оилам, яқинларим ҳам жуда бахтиёр. Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг самарали натижа бераётгани аҳоли саломатлигининг янада мустаҳкамланиши ҳамда фаровонлигининг ошишига хизмат қилиши, шубҳасиз. Ортга қайтиш |