Қидириш   

» Мақолалар Август 2017 йилда

25 август 2017,   кўрилган: 185

Элимиз саломатлиги йўлидаХалқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридаги вазифаларни сидқидилдан бажариш, аҳоли саломатлигини назорат қилиш мақсадида вилоят сил касалликлари диспансири жамоаси 6 августдан 17 августгача вилоятимизнинг чўл ҳудудлари қисмига кирувчи Томди туманига ташриф буюрдилар. Рентгенологлар ўн бир кун мобайнида 574 нафар фуқарони флюрографик текширувдан ўтказишди. Таҳлилларга кўра 42 нафар фуқарода сурункали обструктивли ўпка касаллиги, 46 нафарида юрак патологияси касаллиги борлиги аниқланди.
– Биз уларга аниқланган касалликлар бўйича даволанишлари ва тиббий маслаҳатлар олишлари учун йўлланмалар бердик. Шунингдек, фаол сил касаллиги топилмади. Нофаол сил касаллиги яъни даволаниб тузалган беморлар 20 нафарни ташкил этди. Лабарантлар Шерали Чўлиев ва Бахтиёр Улуғовлар назоратга келган ҳар бир фуқаро билан самимий мулоқотда бўлдилар. Халқимизни рози қилиш мақсадида бор билим ва кучимизни элимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қаратамиз,– дейди вилоят рентгенология бўлими бошлиғи Қаҳрамон Қучқоров.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
25 август 2017,   кўрилган: 211

Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирландиПрезидент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик тантаналари арафасида тиббиёт соҳасининг бир гуруҳ етакчи олимлари тақдирланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берган.

Биринчи даражали Давлат мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази илмий бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Флора Иноятова, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дилором Аҳмедова, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази профессори, ТошПТИ кафедра мудири ва тиббиёт фанлари доктори Шавкат Амоновлар борлиги тиббиёт соҳасининг яна бир ютуғи бўлди.
Марказ олимларига ушбу юксак даражадаги мукофот “Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болаларнинг реабилитацияси” амалий тадқиқоти учун берилди. Президентнинг мазкур эътирофи муассасанинг бу борада олиб бораётган изланишларига берилган юқори баҳонинг ёрқин ифодаси бўлди.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида яратилган шарт-шароитлар бугунги кун талабига тўла мос келади. Марказ қошида 40 ўринга мўлжалланган махсус “Туғма ва орттирилган ЛОР аъзолари касалликлари” янги бўлими ишга туширилди, у замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди ҳамда маҳаллий ёш шифокорлар Россия, Австрия, Франция, Россия, Польша, Словакия, Италия, Украина каби давлатларнинг етакчи клиникаларида таҳсил олиб қайтишди. ДАВОМИНИ УҚИНГ
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
24 август 2017,   кўрилган: 162

Ўзбекистонда Қурбон Ҳайити 1 сентябрь куни нишонланадиЎзбекистонда 1 сентябрь — Қурбон Ҳайити нишонланадиган кун дам олиш куни деб эълон қилинди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги қарорни 24 август куни имзолади. Қарор матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.

«Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти ва аҳамиятини, халқимизга мансуб меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи эканини эътиборга олиб, миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш максадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 1 сентябрь жума кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2017 йил 1 сентябрь мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин», — дейилади ҳужжатда.

Республика «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш ҳақида кўрсатма берилган.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
24 август 2017,   кўрилган: 203

Ҳукумат ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига жалб этишни тақиқладиЎзбекистон ҳукумати 2017 йилги мавсумда балоғат ёшига етмаган ёшларни, шунингдек, Соғлиқни сақлаш соҳаси ва таълим соҳаси ходимларини пахта теримига жалб этишни тақиқлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида ёзилишича, 15 август куни вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов АҚШнинг халқаро муносабатлари бўйича Сенат қўмитаси делегацияси билан учрашув вақтида Вазирлар Маҳкамаси 8 август куни шу ҳақда қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилган.

Эркин Муҳитдинов умуммиллий ахборот кампанияси шарофати билан жамоатчилик эндиликда тақиқланган меҳнат муносабатлари амалиётлари тўғрисида яхшироқ хабардор қилинмоқда.

Учрашувда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, Ўзбекистонда одам савдоси профилактикаси бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда меҳнат миграцияси соҳасидаги қайта ўзгаришлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда пахта терими мавсуми сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. Қайд этиш керакки, олдинги йилларда ўқувчилар, ўқитувчилар ва шифокорлар пахта теримига жалб этиб келинган.

Бироз аввалроқ янги пахта мавсумида иш ҳақлари кўтарилиши ва вақтида берилиши ҳақида хабар берилганди.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
22 август 2017,   кўрилган: 194

Моғор организмингизга тушса, нима бўлади?Табиатда моғорнинг 200 минг тури бор, уларнинг баъзилари инсон ҳаёти учун жуда хавфли. Моғорнинг организмга тушиши нималарга олиб келиши ва бундан қандай ҳимояланиш ҳақидаги видео "Лайфхакер"да тақдим этилди.

Моғор нима ва у инсонга қандай таъсир кўрсатади? Энди моғорлаётган маҳсулотни истеъмол қилиш мумкинми? Қандай турдаги моғор ҳалокатгача олиб келади?

Моғор ҳамма ерда бўлиши мумкин - Арктика музликларида, Чернобиль бункерида, очиқ космос шароитларида ва эҳтимол, ҳозир истеъмол қилаётган нонингизда... Моғор - бу органик таналар юзасида пайдо бўладиган ва маҳсулотларнинг бузилишини келтириб чиқарадиган микроскопик қўзиқорин. Моғорнинг 200 минг тури бўлиб, унинг 50 минг тури инсон учун хавфли ҳисобланади. Моғорнинг ўзи эмас, ундан ажралиб чиқадиган зарарли моддалар - микотоксинлар катта хавф келтириб чиқаради.

Организмга тизимли равишда моғорнинг келиб тушиши жигар ва буйраклар фаолиятини ёмонлаштиради. Шунингдек синусит, бронхит, астма, ҳужайралар мутацияси ва энг ёмони, онкологик касалликларни келтириб чиқаради. Шунингдек моғор экзема, дерматит каби тери касалликларига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Огоҳ бўлинг: сариқ моғор келтириб чиқарувчи афлотоксинлар ўта хавфли ҳисобланади. Манбалар - балиқ, сут маҳсулотлари ва ёнғоқлар. Унинг кичик дозаси ҳам инсонларни интоксикацияга ва ҳатто ўлимгача олиб келиши мумкин. Заҳарланмаслик учун моғорли озиқ-овқат маҳсулотларини умуман емаслик керак. Маҳсулотнинг фақатгина моғорлаган қисмини олиб ташлаб, хавфни бартараф этдим деб ўйламанг, у бутун маҳсулот бўйлаб илдиз отиб бўлган бўлади.

Ҳавода ҳам моғор манбалари бўлиши мумкин ва ундан ҳеч ким ҳимояланмаган.
Шу боис мунтазам равишда иммунитетни мустаҳкамлаб бориш керак. Шунингдек озиқ-овқат маҳсулотларини доимо музлатгичда сақлаш ва уларни тозалаб туриш тавсия этилади.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
21 август 2017,   кўрилган: 166

 Ўзбекистонда ижро интизомини назорат қилиш бўйича электрон тизим яратилмоқда"Unicon.uz" Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази Жанубий Кореянинг "Bridgesoft inc" компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда "Жаҳон" АА хабар бермоқда.
Жанубий кореяликлар " Unicon.uz" Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази томонидан ишлаб чиқилаётган " IJRO.GOV.UZ" тизимини ривожлантириш учун грант маблағларини тақдим этишни режалаштирган.
Мазкур дастур ижро интизомини назорат қилиш бўйича ягона идоралараро электрон тизим бўлиб, маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш тартибини марказлаштиришга ва автоматлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, меморандумда 2018 йили Ўзбекистонда кенг кўламли маълумотларни таҳлил қилиш бўйича ахборот тизимини ишлаб чиқишга оид тадқиқот ўтказиш кўзда тутилган.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
17 август 2017,   кўрилган: 328

19-20 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтадиВазирлар Маҳкамасининг 15 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 19-20 август – умумхалқ хайрия ҳашари кунлари деб эълон қилинди.
Мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда, жумладан, Навоий шаҳрида кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти. Айниқса, кенг жамоатчилик томонидан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига катта эътибор бериб келинмоқда. Халқимизда “Ҳашар — элга ярашар” деган нақл бор.
Шунга амал қилган ҳолда жойларда ҳашарлар ташкил этилиши ҳудудлар ободлигига муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Дарҳақиқат, юртимизда байрамлар ва қутлуғ кунлар олдидан ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва орасталашга муҳим эътибор қаратган ҳолда ҳашарлар ўтказиш ҳайрли одатга айланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш, пойтахтимизнинг барча ҳудудларида санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг 19-20 август кунлари юртимизда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.
Ҳашар мобайнида турар-жой мавзелари, кўчалар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва бошқа ҳудудлар ободонлаштирилиб, тозаланади.

СИЗ ҲАМ ҲАШАРДА АЛБАТТА ҚАТНАШИНГ.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
16 август 2017,   кўрилган: 210

Кун тартиби қандай бўлиши керак?Мутахассисларнинг фикрича, эрталабки жисмоний машғулотларни соат 07:00 гача режалаштирган маъқул. Бу вақтдаги машқлар нонуштагача ёғ ажралмаларининг кўпроқ парчаланишига имкон беради. Энг қийин ишларни уйғонгандан сўнг уч соат ўтиб бажариш керак (тахминан 09:45 ларда диққатни жамлаш, ижодкорлик, хотира фаоллиги кўрсаткичлари ортади). Бир соатдан кейин стресс ҳолати пайдо бўла бошлайди (айниқса меҳнат ҳафтасининг бошида). Шунинг учун мутахассислар 10:45 ларда кичик танаффус қилишни маслаҳат беради.
Тушликни 12:15 атрофида қилган яхшироқ. Тадқиқот натижаларига кўра 15:30 да одамнинг иродаси сустлашади ва бирор нарса тамадди қилишга хоҳиш пайдо бўлади. Сўровлардан маълум бўлишича, 39 фоиз одам 15:00 дан сўнг парҳезни бузади.
22:10 ларда ухлагани ётиш маъқул. Уйқуга кетиш учун ўртача 20 дақиқа, чуқур уйқу босқичига ўтиш учун 90 дақиқа керак бўлади. Жами уйқу давомийлиги 7–9 соат бўлиши мақсадга мувофиқ. 18 ёшдан кичик шахслар эса 10 соатгача ухлаши керак.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
11 август 2017,   кўрилган: 201

Китоб маънавиятимизни бойитадиПрезидентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўтказган йиғилишларида, учрашувларда, тиббиёт муассаларига ташриф буюрган чоғларида соҳада амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш билан бир қаторда тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг тиббий маданиятини ва маънавиятини ошириш зарурлигини қайта-қайта таъкидлаяптилар. Оммавий ахборот воситалари орқали юртбошимизнинг бу борадаги фикрларини жойларда амалга оширилаётганидан хабардор бўлиб турибмиз.
Мен вилоят қон қўйиш станциясида экспедеция ҳамшираси бўлиб ишлайман. Иш жараёнида турли беморлар билан мулоқот қилишга тўғри келади. Ана шу пайтда тиббиёт масканида олган билимларингиз ва устозларнинг угитидан ташқари ўқиган асарларингиз ҳам қўл келиб қолади. Турли характердаги инсонлар билан тиллаша олишда китобхонлик асқотади. Шу боис соҳага оид қарор ва буйруқлардан ташқари бадиий китоблар ҳам мутолаа қилиб тураман. Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутоолаасини ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши кўнглимиздаги гап бўлди. Негаки, китоб инсон руҳиятини озиқлантиради. Китоб маънавиятни бойитади. Ҳозир “Трансфузиология”ни ўқияпман. Бундан ташқари Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Алишер Навоийнинг “Хамса” асари ҳам қўлимда. Мақсадим ўз ишимни кўнгилдагидек бажаришдан ташқари, хушмуомала тиббиёт ходими деган номга сазовор бўлиш. Аҳоли саломатлигини асраш жамиятимизнинг тараққиётида қанчалик муҳим ўринга эга эканлигини юракдан ҳис этганимдек, беморлар билан тиллаша олиш уларнинг дарддан фориғ бўлишларида шунчалик катта кўприк деб ҳисоблайман.

Ойсулув ҚОДИРОВА
вилоят қон қўйиш станцияси
экспедеция ҳамшираси.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :
11 август 2017,   кўрилган: 176

Тўғри  овқатланиш  саломатлик омилиОвқатланиш ва овқатлар бу тирикликни, ҳаётни таъминловчи энг асосий талаб. Чунки ҳар қандай жонзот танасидаги ҳаётий жараёнлар – тириклик, ҳаракат, ўсиб-улғайиш ва ниҳоят, саломатлигининг даражаси овқатликлар ҳамда овқатланиш ҳисобига бўлади. Инсон аввало организми ва саломатлиги учун зарур бўлган қандай овқатлардан истеъмол қилиш кераклигини билиши керак. “Кўп овқат еган киши овқатни эмас, овқат уни ейди” деган мақолда чуқур маъно бор.
Истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари инсоннинг жинси, ёши ва унинг иш фаолиятига, ҳамда йил фаслига мос бўлиши лозим. Агар бир суткада уч маҳал овқатлансак, нонушта умумий овқатланиш миқдорининг 25-30 фоизини, тушлик 40-50 фоизини ва кечки овқат эса қолган фоизини ташкил этиши керак. Ўз саломатлигини ўйлайдиганлар тўғри овқатланиш маданиятини ўзлаштирган бўлишлари, яъни оқсил, ёғ, углевод, витамин, минерал моддалар ва сувнинг организм учун аҳамиятини билишлари зарур.
Биз оқсилларсиз яшай олмаймиз, чунки улар ҳужайраларнинг асосини ташкил этади. Организмнинг оқсил моддаларга бўлган эҳтиёжини асосан гўшт, балиқ, тухум, сут, дукаклилар – ловия, мош ҳисобига қондирилади. Овқат рационидаги оқсилнинг 60 фоизи ҳайвон оқсиллари ҳисобига қондирилиши керак. Оқсил моддаларнинг етишмаслиги жиддий касалликларга олиб келади.
Ёғ маҳсулотлари организм учун қувват манбаи бўлиб ҳисобланади. Улар 2 хил бўлади: ҳайвон ёғлари, ўсимлик ёғлари. Ўсимлик ёғлари таркибида холестерин бўлмайди, шунинг учун енгил ҳазм бўлади. Ҳайвон ёғлари таркибида юқори даражада холестрин моддаси бўлади. Углеводлар энергиянинг асосий манбаи. Углеводга бўлган талаб қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари – ун, ёрма, картошка ҳисобига қопланади. Одам овқатида углевод етишмаса, жисмоний ва ақлий меҳнат қобилияти пасаяди, қонда чала оксидланган моддалар тўпланади. Ортиқча углевод ёғга айланади. Озиқ-овқат рационида витаминларнинг бўлиши жуда зарур. Улар нормал ҳаёт фаолиятини таъминлайди, организмда етишмаса ёки ортиқча бўлса, ферментлар тизими ва моддалар алмашуви бузилади. Витаминлар қаторида минерал тузлар, микроэлементларнинг ҳам аҳамияти катта. Минерал тузлар тўқима, тўқима суюқлиги, қон, плазма ва суякларнинг таркибий қисмини ташкил этади. Сув инсон организмининг 70 фоизини ташкил этади. Организмнинг ҳаёт кечиришида, физиологик жараёнларнинг муътадил кечишида сув ҳал қилилувчи роль ўйнайди. Сувсиз овқат ҳазм қилиш ҳам, ҳужайралардаги моддалар алмашинуви ҳам бўлмайди. Шу боисдан организм учун зарур миқдорда сувнинг истеъмол қилиниши инсон саломатлигини сақлашнинг асосий шартларидан ҳисобланади.
Тўғри овқатланиш инсоннинг ҳаёт фаолияти, меъёрий ўсиши ва ривожланишини таъминлайдиган, унинг саломатлигини мустаҳкамлайдиган ҳамда касалликларни олдини олишда ёрдам берадиган асосий омилдир!


Манзура РАҲМОНОВА, Саломатлик ва тиббий статистика иснтитути Навоий вилоят филиали соғлом турмуш тарзи ва ўқитиш бўлими бошлиғи.
Бўлими : Янгиликлар   |   info  |   :