Қидириш   

Бошқарма низоми
28 сентябрь 2014,   кўрилган: 2274

Вилоят ҳокимининг 1999 йил 22 февралдаги
Қ-68 сонли қарорига 2- илова


Вилоятда соғлиқни сақлаш тўғрисидаги
НИЗОМ

1. Умумий қоидалар.
1.1. Мазкур низом Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2017- сонли “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида” ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган хамда Соғлиқни сақлашни бошқариш худудий органи мақомини, вазифаларини, функцияларини, ваколатларини ва унинг фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.
1.2. Соғлиқни сақлашни бошқариш органи (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) Республика соғлиқни саклашни бошқариш органлари ягона тизимидаги худудий бўғин ҳисобланади ва ўз фаолиятида тегишли ҳокимликка ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бўйсунади.
Бошқарма ўз ишини давлат бошқаруви бошқа органлари ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда амалга оширади.
1.3. Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг меъёрий ҳужжатларига ва мазкур низомга амал қилади.
1.4. Бошқарма мулкчилик шаклларидан қатъий назар, тасарруфидаги худудда жойлашган соғлиқни сақлаш масалаларининг ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал қилишга доир фаолиятини мувофиқлаштириб боради ва назорат қилади, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширади.
1.5. Бошқарма бюджетдан маблағ билан таъминланади, юридик шахс хисобланади, тезкор бошқариш ҳуқуқи билан алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига, шунингдек махсус хисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

2. Бошқарманинг асосий вазифалари.
Қуйидагилар бошқарманинг асосий вазифалари хисобланади:

• Тасарруфидаги худудда соғлиқни сақлаш сохасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;
• Фуқаролар саломатлигини мухофаза қилиш сохасидаги қонунчиликнинг бажарилишини таъминлаш;
• Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил қилиш, тасарруфидаги худудда оналик ва болаликни мухофаза қилишнинг самарали тизимини ташкил этиш;
• Тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, улар томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати, бюджет маблағларидан белгиланган мақсадда ва самарали фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш;
• Профилактик соғлиқни сақлашни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш;
• Тасарруфидаги худудда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг барча даражаларида аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ташкил қилиш ва мустаҳкамлаш;
• Бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, мақсадли дастурларни амалга ошириш асосида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ килишни таъминлаш;
• Соғлиқни сақлашни техника билан қайта жиҳозлаш ва унинг моддий базасини ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш, ташхис қўйишга, беморларни даволаш ва соғломлаштиришга замонавий технологиялар ва техника воситаларини жорий этиш, фан, техника ва илғор тажриба ютуқларини тиббиёт амалиётига жорий қилиш;
• Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини тайёрлаш хамда уларнинг касбий билим даражасини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
• Хусусий соғлиқни сақлаш тузилмалари фаолиятини ривожлантиришга ва ташкил қилишга кўмаклашиш;
• Хорижий инвестицияларини, халқаро ташкилотлар, жамғармалар ва жамоа ташкилотлари маблағларини соғлиқни сақлаш тизимига жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш.

3. Соғлиқни сақлаш бошқармасининг функциялари.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси уз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади;

• Тасаруффидаги худудда соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, уларни амалга оширишда давлат, жамоат тузилмаларининг ўзаро хамкорлигини таъминлайди;
• Аҳолига дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил қилади, ундан барчани бахраманд бўлишини таъминлайди, тиббий хизматлар кўрсатиш сифатининг тиббий-санитария стандартларига риоя этилишини назорат қилади;
• Мунтазам назоратдаги беморлар контингентининг тиббий кўрикдаги ўтказилишини таъминлайди;
• Касалланиш профилактикасини такомиллаштириш ва аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тадбирларини ишлаб чикади ва амалга оширади, тиббий хизмат курсатиш даражаси ва сифатини яхшилаш чора-тадбирларини кўради.
• Тасарруфидаги бутун худудда аҳолига фавқулодда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлайди.
• Юқумли, паразит касалликларнинг, шунингдек инсоннинг яшашига ноқулай таъсир кўрсатувчи мухит омиллари билан боғлиқ бўлган касалликлар ва бошқа касалликларнинг олдини олишга доир ишларни амалга оширади;
• Оналик ва болаликни мухофаза қилиш хизматини ривожлантиради, суд-тиббий экспертизасини ва суд-рухий экспертизасини таъминлайди;
• Раҳбар ходимларнинг малакавий таркиби ва касбий савияси устидан назоратни амалга оширади, тиббиёт муассасаларини юқори малакали кадр билан бутлашни ва врачлар, фармацевтлар ва тиббий ходимларнинг касбий малакаси оширишни таъминлайди;
• Бошқарма номенклатурасидаги лавозимлар кадрлар танлашни амалга оширади ва бошқармани юқори малакали кадрлар билан бутлашни таъминлайди;
• Фан, техника ва илғор тажриба ютуқларини тиббий амалиётга жорий этишга кўмаклашади;
• Иқтисодий ва молиявий ишларни ташкил қилади, тасарруфидаги муассасалар фоалиятини таҳлил қилади, шунингдек бюджет маблағларидан самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланиш устидан назоратни амалга оширади;
• Соғлиқни сақлашда статистикани юритиш ишларини ташкил қилади, тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасаларда статистик ҳисобга олиш ва ҳисобот тартиботига услубий раҳбарликни амалга оширади, статистик ахборотларнинг ишончлилигини назорат қилади;
• Бошқарма тасарруфидаги муассасалар ва ташкилотлар тузилмасининг такомиллаштириш тадбирларини амалга оширади, тасарруфидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларни белгиланган тартибда ташкил қилади, ва тугатади, улар тўғрисидаги низомлар ва уставларни тасдиқлайди.
• Тасарруфидаги худудда соғлиқни сақлаш муассасалари ва ташкилотларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, соғлиқни сақлашнинг нодавлат (хусусий) секторини ривожлантиришни рағбатлантирувчи шарт-шароит яратади;
• Турли фавқулодда вазиятлар ва фалокатларни бартараф этиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади, одамларнинг хаётини сақлаш ва саломатлигини мухофаза қилишга, фуқароларни фавқулотда вазият худудидаги вазият ва кўрсатилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;
• Фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятларини кўриб чиқади. Бошқарма тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар фаолиятидаги қонунчилик бузилишларини, камчиликларини бартараф этишга доир зарур чора-тадбирларни кўради;
• Белгиланган тартибда халқаро алоқаларни, соғлиқни сақлаш сохасидаги чет эл тажрибасини ўрганишни ва ундан фойдаланишни амалга оширади;
• Қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

4. Соғлиқни сақлаш бошқармасининг хуқуқлари
Бошқарма қуйидаги хуқуқларга эга:

• Тасарруфидаги муассасаларда соғлиқни сақлашни ривожлантириш ишларини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустахкамлаш, малакали тиббиёт кадрлари тайёрлаш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун ваколатли органларга белгиланган тартибда киритиш;
• Ўз ваколатига кирувчи соғлиқни сақлаш масалалари бўйича конференциялар, семинарлар, кенгашлар, учрашувлар ўтказиш, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш;
• Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан бошқармага юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотларни сўраш ва олиш;
• Тиббий кенгаш мажлисларида, мулкчилик шакилларидан қатъий назар,соғликни сақлаш мауассасалари ва ташкилотлари раҳбарларининг бошқарма ваколатига таалуқли масалалар бўйича ахборотларни эшитиш;
• Худуддаги санитария-эпидемиологик вазият билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун ҳокимлик ҳузуридаги фавқулотда эпидемияга қарши кураш комиссиясига киритиш;
• Ўзига тегишли муаммоларни хал қилишга илмий муассасаларни, олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий олим ва мутахассисларни шартнома асосоида жалб этиш;
• Ташқий иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ва банк хамда бошқа кредит муассасаларида қонунчиликда белгиланган тартибда валюта счётларига эга бўлиш;
• Бюджетдан ташқари маблағлардан ходимларнинг самарали меҳнатини рағбатлантиришда фойдаланиш;
• Тасарруфидаги муассасаларнинг амалдаги қонунчиликка хлоф равишда чиқарилган буйруқларни бекор қилиш.

5. Бошқарма ишларини ташкил этиш

5.1 Соғликни сақлаш бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда вилоят ҳокими томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ бошчилик қилади .
Бошлиқ бошқармага юкланган вазифалар бажарилиши ва унинг ўз функцияларини амалга ошириши учун шахсан жавоб беради.
5.2 Бошқарма бошлиғи:
• Бошқармага ва унга қарашли муассасалар,ташкилотлар,корхоналар фаолиятига раҳбарлик қилади;
• Ўз ваколати доирасида буйруқлар,йўриқномалар чиқаради хамда ўзига қарашли барча муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради ва уларнинг ижросини текширади;
• Бошқарманинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, бошқармага қарашли ташкилотлар ва муассасалар низомлари ва уставларини тасдиқлайди ;
• Бошқарма аппарати ходимларини ва ўзига қарашли ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларини белгиланган номенклатурага мувофиқ лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
• Бошқарма аппарати ҳодимларини моддий рағбатлантириш шартларини белгилайди;
• Алохида ўрнак кўрсатган ходимларни фахрий унвонлар ва мукофотлар беришга белгиланган тартибда тақдим этади;
• Амалдаги қонун хужжатларига мувофиқ бошқа хуқуқларга эга бўлади.
5.3 Бошқармада бошлиқ-тиббий кенгаш раиси лавозимига кўра унинг ўринбосарлари,шунингдек соғликни сақлаш муассасаларининг бошқа рахбарлари-кенгаш аъзолари бўлган тиббий кенгаш ташкил этилади. Аъзоларнинг шахсий таркиби тегишли ҳокимлик томонидан тасдиқланади.
5.4 Тиббий кенгаш маслахат органи ҳисобланади хамда ўз мажлисларида тасарруфидаги худудда соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг ва бошқарма, шунингдек унинг тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар фаолиятининг, кадрлар танлаш ва уларни жой-жойига қўйиш,қабул қилинган қарорлар бажарилишини текширишнинг асосий масалаларини кўриб чиқади. Бошқарма таркибий бўлинмалари хамда тасарруфидаги бошқа ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларининг ахборотларини эшитади.
Тиббий кенгаш қарорлари бошқарма бошлиғининг буйруқлари билан амалга оширилади.


ҚАЙТА АЛОҚА

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Меъёрий ҳужжатлар   |   admin  |    

Мавзуга доир ўхшаш мақолалар