Бош саҳифа > Президент фармон ва карорлари > Қарор

Қарор


11-03-2015, 09:23. Муаллиф: info
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

Неча минг йиллар давомида азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этиб, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган Наврўзнинг истиқлол йилларида ҳаётимиздаги ўрни ва моҳияти тобора ошиб бормоқда. Халқимиз учун табиат уйғониши, шарқона янги йилнинг бошланиши, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш эзгу, бир сўз билан айтганда, табиий анъанага айланиб қолди.

Ушбу миллий байрамнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири, инсоннинг табиат билан ҳамоҳанг бўлиб яшаши, жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, кексаларга эъзоз ва эҳтиром, кичикларга иззат кўрсатиш, одамийлик, яхши қўшничилик, хайр-саховат, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш борасида Наврўзнинг моҳияти ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини инобатга олиб ҳамда бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида:

1. 2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.

2. Тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

айни Наврўз фаслида инсон ўзини табиатнинг ажралмас, узвий бир қисми сифатида ҳис этишини ифода қиладиган, атроф-муҳитни, она заминни эъзозлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;

жойларда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;

мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимиз учун севимли байрамга айланган Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган аҳиллик ва тотувлик, меҳру саховат, ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш;

янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам дастурларига фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, оилавий ансамбллар, бахши-шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини танлов асосида жалб этиш;

байрам дастурларини тайёрлашда фольклор санъатининг энг яхши намуналари, халқ ўйинларига, эл-юртимизнинг дилидан чуқур жой олган тарихий урф-одатларга, гўзал инсоний туйғуларни тараннум этадиган мумтоз куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш.

3. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
И.Каримов


Тошкент шаҳри, 2015 йил 25 февраль
Ортга қайтиш