Бош саҳифа > Президент фармон ва карорлари > Қарор

Қарор


15-07-2015, 17:53. Муаллиф: info
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИНИ МУНОСИБ ТАРЗДА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА


Бугунги кунда она Ватанимиз, Ўзбекистонимизнинг барқарор суръатлар билан ривожланиб, барча соҳаларда улкан ютуқларга эришаётганини, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни халқимиз авваламбор Яратганимизнинг марҳамати сифатида шукроналик ва розилик туйғуси билан қабул қилмоқда.
Шу борада эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:

1. 2015 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 18 июнь кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин.

Мазкур тадбирларни ўтказишда муборак Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, сабр-қаноат туйғуларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, барча миллат ва халқлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этишга қаратилган кенг кўламдаги савобли амаллар, тарғибот ишлари ташкил этилсин.

Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг табаррук қадамжолари ва зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти И.Каримов

Тошкент шаҳри, 2015 йил 16 июнь

Ортга қайтиш