Бош саҳифа > ВМ карорлари > Қарор

Қарор


5-12-2014, 12:14. Муаллиф: info
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

«ҚОН ВА УНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИ ДОНОРЛИГИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 48-сон, 572-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сон қарорини бажариш юзасидан ва бепул донорликни ривожлантириш ҳамда қон ва унинг таркибий қисмлари захираларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Даволаш-профилактика муассасаларининг донор қонининг таркибий қисмларига эҳтиёжларини таъминлаш нормативлари 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2014 йил 27 ноябрь,
324-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 ноябрдаги 324-сон қарорига
1-ИЛОВА

Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартибини белгилайди.
2. Қон билан ишлаш хизмати, идоравий мансублигидан қатъи назар, давлат соғлиқни сақлаш тизимининг донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш бўйича ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари (кейинги ўринларда қон билан ишлаш хизмати муассасалари деб аталади) мажмуидан иборат бўлади.
3. Қон билан ишлаш хизмати муассасаларининг, шунингдек вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг донор қони ва унинг таркибий қисмлари масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли буйруқ билан белгиланади.
II. Қон билан ишлаш хизматининг тузилмаси ва ваколатлари
4. Қон билан ишлаш хизмати қуйидагиларни ўз ичига олади:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги Республика қон қуйиш станцияси;
Тошкент шаҳридаги «Қон препаратлари» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг қон қуйиш станциялари;
Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази ҳузуридаги қон қуйиш станцияси;
Тошкент тиббиёт академиясининг иккинчи клиникаси ҳузуридаги қон қуйиш станцияси;
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳузуридаги қон қуйиш станцияси;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кўп соҳали тиббиёт марказларининг қон қуйиш бўлимлари;
туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг қон қуйиш бўлимлари;
бошқа вазирликлар, идоралар ва давлат бошқа ташкилотларининг қон қуйиш станциялари ва бўлимлари.
5. Қон билан ишлаш хизмати муассасалари ишларини ташкил этиш ва уларнинг тартиби:
республика аҳамиятига эга бўлган қон билан ишлаш хизмати муассасалари учун – тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан;
минтақавий аҳамиятга эга бўлган қон билан ишлаш хизмати муассасалари учун — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган низомлар билан аниқланади.
6. Қон препаратларини тайёрлаш билан шуғулланувчи қон билан ишлаш хизмати муассасалари ўз фаолиятини фармацевтика фаолиятига берилган лицензия асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширадилар.
7. Қон билан ишлаш хизмати қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этишни қуйидаги йўллар билан амалга оширади:
донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш;
аҳолини қон ва унинг таркибий қисмларини ихтиёрий равишда топширишга жалб этиш;
донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишнинг хавфсизлик шароитларини таъминлаш;
донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ташишни ташкил этиш;
донор қони банкини яратиш ва янгилаб бориш;
қон билан ишлаш хизматини, донорликни қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини, уларни тайёрлашни ҳамда клиник қўлланишни ташкил этиш масалалари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;
қон донорлиги бўйича маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантириш;
қон ва унинг таркибий қисмларининг ихтиёрий бепул донорлигини ривожлантириш бўйича нодавлат ноҳукумат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Қон билан ишлаш хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
III. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар ва идораларнинг қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатлари
8. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:
донор қони ва унинг таркибий қисмлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини таъминлайдилар;
ўз ҳудудларида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этадилар;
қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратадилар.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
9. Вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ўз ваколатлари доирасида:
шахсларни донорлар сафига жалб этишда қон билан ишлаш хизматига кўмаклашадилар;
донорнинг аризасига биноан уни иш, хизмат ёки ўқиш жойидан тиббий кўрикдан ўтиш кунида, шунингдек қон топшириш кунида соғлиқни сақлаш муассасаларига тўсқинликсиз юборадилар, донорнинг ушбу кунларда иш жойида ёки хизмат жойида бўлмаслиги одамларнинг ҳаётига ёки саломатлигига хавф солишига, давлат мудофаасини, хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларнинг бажарилмаслигига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно;
қон топширишни ташкил этиш учун зарур хоналар тақдим этадилар;
донорга қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатларни берадилар ва уни рағбатлантириш чораларини қўллайдилар.
Вазирликлар ва идоралар қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
IV. Фавқулодда вазиятларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш
10. Фавқулодда вазиятлар хавфи пайдо бўлганда ўз вақтида ҳаракатланиш, тегишли маъмурий-ҳудудий бирликларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш ишларига тезкор раҳбарликни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
мўлжалланаётган донорлар рўйхатларини аниқлаштириш;
шикастланганлар учун қон топшириш шохобчаларини аниқлаш ва ташкил этиш;
донор қонини тайёрлаш бўйича кўчма бригадалар ташкил этиш;
донор қонини тайёрлаш ва текшириш учун реактивлар ва ускуналар захирасини яратиш;
аҳоли ўртасида қон донорлиги бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириш;
донорларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини ва донор қонини тайёрлашда санитария-эпидемиология назоратини таъминлаш.
11. Фавқулодда вазиятларда донор қони таркибий қисмларига ҳамда препаратларига бўлган эҳтиёж ушбу низомга иловага* мувофиқ, эҳтиёжнинг тури ва ҳисоби бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланади.
*Илова рус тилидаги матнда берилган.
V. Молиялаштириш манбалари
12. Қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини, донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш тадбирларини молиялаштириш белгиланган тартибда, давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 ноябрдаги 324-сон қарорига
2-ИЛОВА

Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ донор қонини, унинг таркибий қисмларини ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тизими уларнинг сақланишини таъминлаши керак.
3. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш:
даволаш-профилактика муассасаларида беморга қон қуйиш;
даволаш-профилактика муассасалари ўртасида қайта тақсимлаш;
беморни бошқа даволаш-профилактика муассасасига йўналиш бўйича кузатиб бориш ҳолатларида амалга оширилади.
Донор қони ва унинг таркибий қисмларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш фавқулодда вазиятларда шошилинч инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳолатларида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илтимосномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга оширилади.
II. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишни ташкил этиш
4. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишдан олдин улар визуал кўздан кечирилиши ва ҳужжатлаштирилиши лозим.
5. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш учун масъул бўлган шахс қон, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини юклаш, ташиш ва туширишда улар билан ишлаш қоидаларига ўқитилган бўлиши керак.
6. Донор қони ва унинг таркибий қисмларининг ҳар бир бирлигини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тўғрисидаги қарор фақат:
маҳсулот идентификациялангандан кейин;
донор қони намуналари гемотрансмиссив инфекциялар юзасидан текширилгандан кейин;
ташқи кўриниши, ўрамининг бутлиги ва маҳсулотни сақлаш шартлари тўғрисидаги рўйхатдан ўтказиш маълумотлари текширилгандан кейин қабул қилинади.
III. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишнинг умумий шартлари
7. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш фақат ташиш қоидаларига риоя этилиши учун жавоб берадиган соғлиқни сақлаш давлат тизимининг ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ходими томонидан амалга оширилади.
8. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак:
совутиш ускуналари ва транспорт термоизоляция контейнерларининг мавжудлиги;
донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташишда уларнинг номи бўйича алоҳида сақланишини таъминлаш;
муайян ҳарорат режимини доимий равишда сақлаш.
9. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратлари жойланган термоизоляция контейнерлари ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишда зарблардан, буралишдан, силкинишдан, катаклар қисмлари — музлашдан сақланиши лозим.
10. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини термоизоляция контейнерларида ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш ҳар қандай транспорт воситасида амалга оширилиши мумкин.
11. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ярим соатдан кам вақтда ташиш етарли даражада изотермикликни таъминлайдиган ҳар қандай контейнерлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
12. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратлари пакетлари термоизоляция контейнерларида бир-бирига тегиб туришига йўл қўймаслик учун тик ҳолатда жойлаштирилади.
13. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини сақлаш ҳарорати изотермик контейнер ва совутгичда бир кеча-кундузда камида икки марта рўйхатдан ўтказилади.
14. Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини олишда изотермик контейнер очилгандан кейин контейнер ичидаги ҳарорат дарҳол текширилиши, олиш санаси ва вақти рўйхатдан ўтказилиши керак.
IV. Якуний қоида
15. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ортга қайтиш