Қидириш   

» » Давлат санитария-эпидемиология назорати

Давлат санитария-эпидемиология назорати
27 сентябрь 2014,   кўрилган: 2349

Давлат санитария-эпидемиология назоратиДавлат санитария-эпидемиология назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида маълумот
Давлат санитария назорати бу санитария қонунларини бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган санитария-эпидемиология хизматининг фаолиятидир.
Аҳолинингсанитария-эпидемия масалаларида хотиржамлигини таъминлашда Давлат санитария-эпидемиология назорати хизмати идоралари фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
атроф муҳитни соғломлаштириш, овқатланишни, меҳнат, турмуш, дам олиш, таълим-тарбия бериш шароитларини яхшилашга қаратилган қонунчилик, санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши ташкилий тадбирлар мажмуини амалга ошириш асосида одамнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳуқуқларини кафолатлаш;
халқ хўжалик объектлари, технология ускуналарини ва асбобларини, транспорт воситаларини ривожлантириш, жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушуриш чоғида атроф муҳит омиллари аҳоли саломатлигига зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олишга қаратилган фаолиятининг устиворлигини таъминлаш;
аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш;
санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқиш ва ижтимоий фаолиятнинг мажбурий қисми сифатида амалга ошириш;
мулкчиликнинг шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахсларнинг санитария нормаларига, гигиена нормативларига риоя қилмаслик ҳамда санитарияга доир ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширмаслик натижасида аҳолининг саломатлигига ва атроф муҳитга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
санитария нормалари, қоидаларига риоя этилиши ва санитария-гигиена тадбирлари амалга оширилиши устидан давлат санитария назоратини амалга ошириш.
Давлат санитария-эпидемиология назоратини амалга оширувчи идораларнинг фаолияти
Ўзбекистон Республикасининг давлат санитария-эпидемиология хизмати қайси идорага бўйсунишидан ва мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган давлат идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этишлари устидан давлат санитария назоратини амалга оширади.
Санитария-эпидемиология станцияси ушбу Қонунга ҳамда улар тўғрисидаги Низомга мувофиқ иш кўрувчи тиббий профилактик муассаса ҳисобланиб, санитарияга доир ва эпидемияга қарши кураш чора-тадбирларининг мажмуини уюштирилишини ва ўтказилишини таъминлайди ҳамда давлат санитария назоратини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ва Ўрта Осиё темир йўлининг ишлатилаётган ва қурилаётган объектларида идоравий санитария назоратини тегишли вазирликлар ва идораларнинг санитария-эпидемиология станциялари амалга оширадилар.
Давлат санитария-эпидемиология хизмати идоралари, муассасалари ва мансабдор шахслари қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, санитария-эпидемиология хизмати фаолиятига йўл-йўриқ кўрсатиб раҳбарлик қиладилар, уни уйғунлаштириб ва текшириб борадилар.
Давлат идоралари, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар зиммасига санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг хотиржамлигини таъминлашга доир қуйидаги мажбуриятлар юкланади
белгиланган тартибда тасдиқланган санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этишлари;
давлат санитария назоратини амалга ошираётган идоралар, муассасалар, мансабдор шахсларга рўй берган авариялар, санитария- эпидемия, радиация вазияти тўғрисида ҳаққоний ва тўла-тўкис ахборот беришлари шарт.
янги кимёвий ва биологик моддаларни, ион ҳосил қилувчи нурланиш манбаларини ҳамда мана шу манбаларга эга бўлган асбобларини, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини, материаллар, технология жараёнлари, ускуналар ва бошқа халқ истеъмоли молларини жорий этишдан олдин аҳолининг санитария-эпидемия хавфсизлигини таъминлашга доир нормативлар бўйича илмий асосланган таклифларни, уларга риоя этилиши устидан назорат қилиш усулларини, зарарли маҳсулот ва чиқитларни зарарсизлантириш йўлларини ишлаб чиқишлари ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачига тақдим этишлари шарт.
объектларни лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш, янгилаш чоғида, корхоналарни техника билан қайта қуроллантириш ва уларни фойдаланишга топшириш чоғида санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига амал қилишлари шарт.
технология ва бошқа ускуналардан фойдаланилишини, майдон, иншоотлар, ишлаб чиқариш бинолари ва санитария-маиший бинолар, иш жойлари, турар жой бинолари, болалар ва даволаш-профилактика муассасалари, ўқув юртлари, маданият, спорт ва бошқа муассасалар бинолари, шунингдек транспорт воситалари санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сақлаб турилишини таъминлашлари шарт.
кимёвий моддаларни, биология воситалари ва материалларини сақлаш, қўлланиш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш чоғида санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг хотиржамлигини таъминлайдиган санитария нормалари, қоидалари ҳамда гигиена нормативларига риоя қилишлари шарт.
Янги кимёвий моддалар, биология воситалари ва материаллари, минерал ўғитлар, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ўсишини тезлаштирадиган дори-дармонлар, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари, полимер ва пластик массалар, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини, бошқа кимёвий ва биологик воситаларни қўлланишга улар заҳарлилиги ва гигиенаси жиҳатидан баҳоланганидан, гигиена нормативлари белгиланганидан кейингина Ўзбекистон Респубикасининг Бош давлат санитария врачининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рухсатномасига кўра йўл қўйилади.
радиоактив моддалар ва бошқа ион ҳосил қилувчи нурланиш манбалари билан ишлаганда радиация хавфсизлиги нормалари ва санитария қоидаларига, шунингдек радиоактив моддалар ва бошқа ион ҳосил қилувчи нурланиш манбаларини қазиб олиш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш чоғида стандартларга, техника шартларига ва бошқа норматив ҳужжатларнинг талабларига риоя қилишлари шарт.
Яшаш учун турар жой биноларини берадиган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари, бошқа мулкдорлар ана шу биноларга одам қўйиш чоғида амалдаги санитария нормаларини бажаришлари шарт.
Амалдаги гигиена нормативларига жавоб бермайдиган турар жой биноларига одам яшашига йўл қўйилмайди, уйларда яшовчилар турар жой биноларини сақлаш ва улардан фойдаланишнинг маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари томонидан тасдиқлаган қоидаларини бажаришлари шарт.
Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотишдатиббиёт-биология талабларига, санитария нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этишлари шарт.
Янги озуқа қўшимчаларини, махсус қўшиладиган биологик актив моддаларни, озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг янги технологияларини, шунингдек озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотлари бевосита солиб қўйиладиган идишларнинг янги турларини қўлланишга улар заҳарлилиги ва гигиенаси жиҳатидан баҳоланганидан кейингина ва Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг рухсати билан йўл қўйилади.
хўжалик-ичимлик суви таъминотининг марказлаштирилган тизимлари етказиб берадиган сувнинг сифати гигиена талабларига ва давлат стандартларига мос бўлишини таъминлашлари шарт.
Марказлаштирилган тартибда хўжалик-ичимлик суви етказиб берадиган сув қувурлари ва уларнинг манбалари учун махсус тартиблар ўрнатилган санитария муҳофазаси майдони белгилаб қўйилади.
Сув қувурларининг, улар сув оладиган манбаларнинг санитария муҳофазаси майдонлари, уларнинг санитария тартиботи маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари томонидан тасдиқланади.
рўзғорда ва маиший мақсадларда ишлатиладиган ҳавзалардаги сувнинг, шу жумладан марказлаштирилмаган тартибда таъминланадиган сувнинг сифати амалдаги санитария нормалари ва қоидаларига мос бўлишини таъминлашлари шарт.
Касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш соҳасида қуйидаги мажбуриятлар белгиланган
Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларнинг раҳбарлари ва алоҳида шахслар юқумли, паразитар ва бошқа оммавий касалликлар, шу жумладан радиация омили билан боғлиқ бўлган касалликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг, шунингдек улар келиб чиққан тақдирда бу касалликларни йўқотиш чораларини ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашлари шарт.
Юқумли, паразитар, бошқа оммавий касалликлар келиб чиқиш ва тарқалиш хавфи туғилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари бош давлат санитария врачларининг тақдимига мувофиқ белгиланган тартибда тегишли ҳудудларда ишлаш, ўқиш, ҳаракатланиш ва одам ва юк ташишнинг алоҳида шартлари ва тартибини жорий қилишлари мумкин.
Юқумли ва паразитар касалликлар ўчоғларида карантин-ташкилий ва профилактика тадбирларни ўтказиш, касалликка чалинган беморларни касалхоналарга ётқизиш тартиби ва муддатларини тегишли ҳудудлардаги ҳокимият ва бошқарувнинг маҳаллий идоралари ҳамда бош давлат санитария врачлари белгилайдилар.
Вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари вилоят Бош давлат санитария врачи раҳбарлигида қуйидаги ишларни амалга оширади:
ўз бўйсунувидаги санитария-эпидемиология хизмати идоралари ва муассасаларига раҳбарлик қилади;
халқ хўжалиги объектларини қуриш ва қайта қуриш лойиҳалари юзасидан хулосалар беради;
санитария эпидемия жиҳатидан хотиржамлик масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларининг қарорлари асосида ва уларни бажариш юзасидан ҳужжатлар чиқаради;
одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавфли бўлган, аҳолининг яшаши ва хўжалик фаолиятини юритиш тақиқланадиган ҳудудларни белгилайди;
вилоят ва шаҳар ҳудудларига карантин инфекциялари олиб кириш ва тарқатишдан санитария муҳофазаси тадбирларини амалга оширади;
авария вазиятларини йўқотиш чоғида санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказади;
Шунингдек,
а) давлат бошқаруви идораларида, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалардан, шунингдек алоҳида шахслардан йўл қўйилган санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари бузилишига барҳам беришни талаб қилиш;
б) халқ хўжалиги объектларини қуриш ва уларни қайта қуриш лойиҳаларида санитария нормаларига, қоидаларига ва гигиена нормативларига риоя этилишини назорат қилиш;
в) мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларга ва алоҳида шахсларга белгиланган тартибда:
аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуриш лойиҳалари, халқ хўжалиги объектларини жойлаштиришнинг истиқбол режалари бўйича, шунингдек корхоналар, бинолар ва иншоотларни қуриш, қайта қуриш лойиҳалари бўйича хулосалар бериш;
қурилиш учун ер участкалари бериш, рўзғорда ва маиший мақсадларда сувдан фойдаланадиган жойларни ва оқова сувлар тозаланганидан кейин уларни тушириб юбориш шартларини аниқлаш, заҳарли, кимёвий, радиоактив ва бошқа моддаларни қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш масалалари бўйича хулосалар бериш;
г) турар жой бинолари ҳамда маданий-маиший бинолар, саноат, қишлоқ хўжалик ва бошқа корхоналар, шунингдек иншоотларнинг амалдаги санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги ҳақида хулосалар бериш;
д) болалар муассасаларида тарбияланаётган ҳамда ўқув юртларида таълим олаётган болаларнинг ўқув-меҳнат соатлари ва тахминий машғулот тартиби ҳақида тақдим этишган таклифлар юзасидан хулосалар бериш;
е) қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, илмий тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртларини, бошқа муассасалар ва ташкилотларни махсус экспертизалар ўтказишга жалб этиш ва бунга буюртмачилар ҳисобидан ҳақ тўлаш;
ж) санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари бажарилишини назорат қилиш мақсадида қайси идорага қарашли бўлишдан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кириш;
з) қайси идорага қарашли бўлишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларнинг раҳбарларидан ва алоҳида шахслардан:
санитария нормаларини, қоидаларини, эпидемияга қарши тартиботни мунтазам суратда бажармаётган ва ишлаб чиқаришнинг ҳамда бажарилаётган ишларнинг хусусиятларини ҳисобга олиб, юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахсларни ишдан четлаштиришни;
атрофдагилар учун хавфли бўлган юқумли ва паразитар касаллик билан оғриган беморларни касалхонага ётқизишни;
профилактика ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишни;
объектларнинг санитария ҳолатини аниқлаш ҳамда аҳоли саломатлигининг ҳолатини эпидемиология жиҳатдан таҳлил қилиш учун зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни беришни талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар;
и) гигиена экспертизалари, лаборатория тадқиқотлари ўтказиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини, буюмларни, предметлар ва материалларни олиш, шунингдек бевосита объектларнинг ўзида, лабораторияда ва асбоблар ёрдамида зарур текширишлар ўтказиш;
к) санитария назоратини амалга оширишга бошқа идораларнинг мутахассисларини шартнома асосида, шунингдек жамоатчилик вакилларини жалб этиш.
Бош давлат санитария врачлари ва уларнинг ўринбосарлари санитария қонунлари бузилган тақдирда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар:
ер участкаси, уй-жой, жамоат, ишлаб чиқариш ва бошқа халқ хўжалиги объектлари қурилишига, уларни қайта қуриш, кенгайтиришга, ер ажратишга доир, санитария нормаларига ва қоидаларига жавоб бермайдиган лойиҳалаш ҳақидаги ҳужжатларни ва лойиҳаларни қайтариш;
санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари бузилишига барҳам берилгунга қадар амалдаги ишлаб чиқариш объектларида, маданий-маиший бинолардан фойдаланишни, умумий овқатланиш ва савдо корхоналарининг, таълим, даволаш-профилактика ҳамда санаторий-курорт муассасаларининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш, ускуналар, асбоблар ва гидротехника иншоотларини ишлатишни тақиқлаб қўйиш;
санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари бузилган тақдирда аҳоли пунктлари, бинолар ва иншоотлар қурилишини, уларни қайта қуришни ҳамда мазкур объектларда айрим иш турларини амалга оширишни тўхтатиб қўйиш;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган ёки одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли деб топилган янги хом ашё турларини, кимёвий моддаларни, технология ускуналарини, жараёнларини ва асбобларини, озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат хом ашёсини, саноат буюмларини, қурилиш материалларини, ион ҳосил қилувчи нурланиш манбаларини, биология воситаларини, озиқ-овқат хом ашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларга ишлатиладиган идишлар, пластик, полимер ва бошқа материалларни, улардан тайёрланган буюмларни ва бошқа халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқаришни, қўллашни ва сотишни таъқиқлаб қўйиш;
хўжалик ва ичимлик суви билан таъминлашда, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларга ишлов бериш чоғида кимёвий моддаларни қўллашни, одамлар саломатлигига зарарли таъсир кўрсатиш хавфи туғилган тақдирда қишлоқ хўжалик экинлари ва ҳайвонларнинг ўсишини тезлаштирадиган ва тартибга соладиган дориларни, пестицидларни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини қўллашни бу моддалар ва материалларни ишлаб чиқувчи уларнинг хавфли эмаслиги ҳақида илмий асосланган маълумотларни тақдим этгунигача тақиқлаб қўйиш;
сув истеъмол учун яроқсиз деб топилганда ундан ичиш ва хўжалик мақсадларида ишлатишни тақиқлаб қўйиш;
санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузаётган шахсларни вақтинча ишдан четлаштириш.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно.
Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, мансабдор ва бошқа шахслар қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ санитария қонунларини бузганлик учунинтизомий ва маъмурий жавобгарликка тортиладилар:
1) тупроқни, атмосфера ҳавосини, озиқ-овқат маҳсулотларини, иш олиб бориладиган жой ҳавосини, сув билан таъминлашнинг очиқ ва ерости манбаларини, аҳоли томонидан маданий-маиший мақсадларда фойдаланиладиган сув ҳавзалари ҳамда сув омборларининг қирғоқларини кимёвий, физикавий биологик ва бошқача тарзда ифлослантирганлик учун;
2) санитария нормаларига, қоидаларига ва гигиена нормативларини ҳисобга олмаган ҳолда аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишни, санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг хотиржамлигини ва радиация хавфсизлигини таъминлашга доир норматив-техникавий ҳужжатларни ишлаб чиққанлик учун;
3) янги хом ашё турларини, технология ускуналарини, жараёнлари ва асбобларини, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат хом ашёсини, саноат буюмларини, бинокорлик материалларини, ион ҳосил қилувчи нурланиш манбаларини, кимёвий моддалар ва маҳсулотларни, биология воситаларини, озиқ-овқат хом ашёси, озиқ-овқат моллари ва дори-дармонлар бевосита тегиб турадиган идишлар, бошқа материалларни, бу материаллардан тайёрланадиган буюмларни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини ҳамда бошқа халқ истеъмоли молларини, тиббиёт ва иммунобиология дори-дармонларини ишлаб чиқариш ва қўлланишга доир норматив-техника ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи билан келишмаган ҳолда ишлаб чиққанлик учун;
4) корхоналар, бинолар ва иншоотларни, транспорт воситаларини, сув таъминоти, канализация ва оқова сувларни тозалаш тизимларини, гидротехника иншоотларини, бошқа объектларни санитария нормаларига, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этмаган ҳолда ва давлат санитария назорати идоралари билан келишмасдан туриб лойиҳалаганлик, қурганлик, қайта қурганлик учун;
5) ер участкасидан давлат санитария назорати идоралари билан келишмасдан туриб янги қурилиш, объектларни қайта қуриш, кенгайтириш учун фойдаланганлик учун;
6) озиқ-овқат хом ашёси ва маҳсулотлари сифатига қўйиладиган талабларга риоя этмаганлик, таркибида инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлган радионуклидлар, заҳарли, биологик, кимёвий ва бошқа моддалар ва бирикмалар белгиланган гигиена нормативларидан юқори бўлган маҳсулотларни овқатга ишлатганлик учун;
7) озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш чоғида санитария нормалари, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузганлик учун;
8). қишлоқ хўжалик экинлари ва ҳайвонларининг ўсишини тезлаштирадиган моддаларни, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситаларини, озиқ-овқат хом ашёсига, озиқ-овқат маҳсулотларига ва дори-дармонларга тегиб турадиган идишлар, бошқа материалларни, ем-хашакка қўшиб бериладиган озиқа моддаларни давлат санитария назорати идораларининг рухсатисиз қўлланганлик учун;
9) чет элдан олинадиган технологиялар, материаллар, хом ашё ва маҳсулотларни етказиб беришда, сотишда ва улардан фойдаланишда санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузганлик учун;
10) хўжалик-ичимлик сув таъминоти марказлаштирилган тизимлари орқали берилаётган сувнинг сифати гигиена талабларига мос келмаслиги учун;
11) сув ҳавзаларидан рўзғорда ва маиший мақсадларда фойдаланганда, сувнинг сифати санитария нормалари ва талабларига мос келишини таъминламаганлик учун;
12) аҳоли пунктлари ва ҳудудларини сақлашнинг, саноат, қишлоқ хўжалик ва хўжалик рўзғор-чиқитларини, шу жумладан радиоактив ва заҳарли моддаларни тўплаш, сақлаш, ташиш ва қайта ишлашнинг санитария қоидаларини бузганлик учун;
13) атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларини бузганлик учун;
14) барча типдаги таълим муассасаларида, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот муассасаларида ва бошқа муассасалар ҳамда корхоналарда санитария нормалари, қоидалари ва нормативларига риоя этмаганлик учун;
15) радиоактив моддалар, ион ҳосил қилувчи нурланиш манбалари билан ишлашда, шунингдек радиоактив чиқитларни кўмиб ташлаш чоғида радиация хавфсизлиги нормалари ва санитария қоидаларини бузганлик учун;
16) юқумли, паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва уларни тугатиш чора-тадбирларини бажармаганлик учун;
17) давлат санитария-эпидемиология идоралари ва муассасаларининг йўлланмалари билан санитария-гигиена, тиббий, биологик, техникавий, социологик ва бошқа махсус экспертизалар ўтказишдан асоссиз бош тортганлик учун;
18) тиббий кўриклардан ўтмаган ёки саломатлиги туфайли меҳнатга яроқсиз деб топилган шахсларга ишлашга рухсат берганлик учун;
19) айрим тоифадаги фуқаролар мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганлиги ёки кўрикдан ўтиш муддатларини бузганлиги учун;
20) давлат санитария назоратини амалга оширувчи идоралар ва муассасаларнинг кўрсатмаларини, хулосаларини ҳамда қарорларини бажармаганлик учун;
21) объектдаги санитария гигиена ҳолатини, эпидемия вазиятини ва радиация ҳолатини аниқлаш учун зарур бўлган материалларни беришдан бош тортганлик учун;
22) давлат санитария назоратини амалга оширувчи идоралар ва муассасалар томонидан ёпиб қўйилган объектларда муҳрларни узиб ташлаганлик ва ишни қайта бошлаганлик учун;
23) ишчи ва хизматчиларнинг айрим тоифалари, шунингдек якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг мажбурий гигиена таълимидан ўтиш тўғрисидаги қонун талабларини бузганлиги учун.

ҚАЙТА АЛОҚА

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Интерактив хизматлар   |   admin  |