Бош саҳифа > interaktiv xizmatlar > Кўп учрайдиган саволларга жавоб

Кўп учрайдиган саволларга жавоб


6-10-2014, 13:20. Муаллиф: Navoiymed2023
Кўп учрайдиган саволларга жавоб



Савол беринг жавоб берамиз....




Савол: Қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиникалар ва шаҳар, туман кўп тармоқли поликлиникаларида аҳолига қанақа турдаги тиббий хизмат кўрсатилади.

Жавоб: Оилавий поликлиникалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил 13 апрелдаги 100-сонли буйруғи асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Қишлоқ врачлик пунктлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 7 майдаги “Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 80-сонли буйруғи асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Поликлиникаларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар:
-Аҳолига ва болаларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва уни ташкил қилиш, шунингдек жойларга бориб ёки сиртдан мутахассис маслаҳатини ташкил қилиш зарур бўлганда бу ишга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассисларини жалб қилиш;
-Яшаш жойидан ва ёшидан қатъий назар ҳаёт учун хавфли бўлган ҳолларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш;
-Бошқа тиббий муассасалари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олийгохлари ходимлари билан ҳамкорликда шаҳар аҳолисига маслаҳатлар ҳамда амалий ёрдамлар уюштириш;
-Тиббиёт соҳасининг замонавий янгиликларини қўллаш ва амалда тадбиқ қилинишини ташкиллаштириш;
-Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, яъни, амбулатория-поликлиника муассасаларини умумий амалиёт врачи иш принципига босқисма-босқич ўтказиш;
-Энг илғор даволаш-профилактика муассасалар фаолияти ва эришган муваффақиятларини ўрганиш ва оммавийлаштириш;
-Юқумли касалликларга қарши барча турдаги тиббий муолажаларни қўллаш.

Савол: Қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиникалар ва шаҳар, туман кўп тармоқли поликлиникалардан уйга чақириқ хизмати тартиби қанақа.

Жавоб: Қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиникаларда уйга чақирув хизмати соат 7-00 дан 17-00 гача қабул қилинади.
Уйга чақириқлар ҳар бир умумий амалиёт шифокори ҳудудиди бўйича регистуратура орқали қабул қилинади ва тегишли ҳудуд шифокорига тезда хабар берилиб, қайдлов журналида қайд қилинади.
Якшанба куни уйга чақириқ қабул қилинмайди, поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктида навбатчи врач хизмат кўрсатади.

Савол: Дастлабки, даврий ва бошқа турдаги тиббий кўриклардан ўтиш учун қайси муассасаларга мурожаат қилиш лозим.

Жавоб: Барча турдаги тиббий кўриклардан ўтиш учун фуқаролар шаҳар, туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникаларда дасталаб врачгача қабул хонасига, муассасада бундай хона бўлмаса, ҳудудий терапевт ёки умумий амалиёт шифокорига, сўнгра, ушбу мутахассислар тавсиясига кўра ЛОР, окулист, стоматолог, хирург, невропатолог, гинеколог, дерматолог, психиатр, нарколог мутахассисларига мурожаат қилиш лозим бўлади.

Савол: Қайси турдаги тиббий хизмат пуллик тартибда амалга оширилади.

Жавоб: -Бирламчи ишга кирувчилар
-Декретив аҳоли
-Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар
-Ҳайдовчилик курсларига ўқишга кирувчилар
-Бюжетга қарашли бўлмаган корхона ва ташкилотлар ходимларининг тиббий кўриклари пуллик тарзда амалга оширилади.

Савол: Корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимларини дастлабки ҳамда даврий тиббий кўрикдан ўтказиш қайси муассасалар томонидан ва қай тартибда амалга оширилади.

Жавоб: Бюджет ташкилотлари ҳамда қолган барча корхона ва ташкилотлар дастлабки тиббий кўрикдан ўтиш учун кўп тармоқли марказий поликлиника пуллик тиббий хизмат бўлимига мурожаат этиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сонли буйруғи асосида, тиббиёт бирлашмасининг тасдиқланган калькулациясига амал қилган ҳолда тиббий кўрикдан ўтади.
Корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари даврий тиббий кўрикдан шартнома асосида ўтказилади. Бунинг учун корхона ва ташкилот раҳбарлари масъулдирлар.
Тиббий кўрикдан ўтиш учун агар бюджет ташкилотлари бўйича такрорий бўлганда бириктирилган тиббий муассасага мурожаат этади ва тиббий кўрикдан бепул ўтказилади.

Савол: Беморларга бепул асосда бериладиган дори воситаларига қайсилари киради ва улар кимларга берилади.

Жавоб: Беморларга имтиёз асосида дори воситаларини бепул бериш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли қарори асосида амалга оширилади.
1. Онкологик касалликларга чалинганлар
2. Сил касаллигига чалинганлар
3. Мохов касаллигига чалинганлар
4. Эндокринологик касалликларга чалинганлар
5. Руҳий касалликларга чалинганлар
6. ОИВ касаллигини юқтирганлар
7. Юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар
8. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар
9. 141-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари.
10. 1941-1945 йиллардаги уруш-меҳнат фронти қатнашчилари.
11. Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар.
12. Байналмилал жангчилар.
13. Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтган пенсия ёшидаги шахслар.

Савол: Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш қандай амалга оширилади.

Жавоб: Аҳолига тез тиббий ёрдам вилоят ва туманлардаги тез тиббий ёрдам бўлимлари ва унинг шаҳобчалари томонидан кўрсатилади.
Тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланиш учун зарур ҳолларда Навоий шаҳар аҳолиси учун 103 телефон рақамига ёки Навоий Кон-металлургия комбинати тиббий-санитария бўлими ишчи ходимлари учун 223-81-27 телефон рақамига мурожаат қилиш лозим.
Шаҳар ва туманларда аҳоли қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин:
Кармана туманида 532-40-04;
Навбаҳор туманида 562-13-39;
Конимех туманида 512-23-24;
Хатирчи туманида 545-13-26, 545-17-72;
Қизилтепа туманида 555-17-68;
Нурота туманида 523-10-81, 523-24-18;
Учқудуқ туманида 593-29-83, 593-19-35;
Зарафшон шаҳри 577-16-54, Мурунтов қўрғонида 572-43-08;
Томди туманида 582-25-82;
Қилинган мурожаат тез ёрдам станцияси диспетчери томонидан қабул қилиниб, кўрсатилган манзилга тез ёрдам бригадаси юборилади.

Савол: Аҳолига ихтисослаштирилган шошилинч ёрдам хизмати қайси муассасалар томонидан амалга оширилади.

Жавоб: Аҳолига шошилинч тиббий ёрдам хизмати Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ), унинг вилоятдаги филиаллари (РШТЁИМ Навоий вилоят филиали) ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари таркибидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари (ШТЁБ) томонидан бепул кўрсатилади.

Савол: Жарроҳлик йўли билан даволаниш учун қайси муассасаларга мурожаат қилиш лозим.

Жавоб: Жарроҳлик йўли билан даволаниш учун жарроҳлик бўлими мавжуд бўлган барча стационарларга мурожаат қилиш мумкин.
Вилоятда қуйидаги шифохоналарда жарроҳлик бўлимлари мавжуд:
РШТЁИМ Навоий филиали. Филиалда 2 та шошилинч жарроҳлик бўлими, оғир қўшма шикастланишлар бўлими, шошилинч гинекология бўлими, шошилинч урология бўлимларида ҳамда Кармана, Навбаҳор, Конимех, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Томди туман тиббиёт бирлашмалари марказий шифохоналари шошилинч тиббий ёрдам ва кўп тармоқли жарроҳлик бўлимларида;
Навоий шаҳридаги НКМК тиббий-санитария бўлими, Зарафшон шаҳри ва Учқудуқ туманидаги тиббий-санитария қисмлари кўп тармоқли жарроҳлик бўлимларида;
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида (болалар учун);
Вилоят перинатал марказида (хотин-қизлар учун);
Вилоят онкология диспансерида (ўсма касалликлари билан оғриган беморлар учун);
Вилоят кўз касалликлари шифохонасида.
Мураккаб (ихтисослаштирилган) жарроҳлик операциялар Республика ихтисослаштирилган марказларида амалга оширилади, яъни академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган Жарроҳлик маркази, республика ихтисослаштирилган офтальмология марказида, республика кўз микрохирургияси марказида, республика Травматология ва ортопедия илмий текшириш институтида, республика Нейрохирургия марказида, республика Онкология марказида, республика Урология марказида, республика 1-сонли клиник шифохонасида, Тошкент тиббиёт Академияси клиникаларида, Тошкент Педиатрия институти клиникасида, Тошкент ихтисослаштирилган илмий-амалий Педиатрия марказида, республика болалар Ортопедияси марказида, республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш Миллий марказида, республика Эндокринология марказида, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида, Самарқанд Давлат тиббиёт институти клиникасида бажарилади.

Савол: Имтиёзга эга бўлган фуқаролар кимлар, тиббий ёрдамдан фойдаланишда имтиёздан қандай фойдаланилади.

Жавоб: Қуйидаги шахслар имтиёзга эга ҳисобланади:
1. Ғирт етимлар.
2. I ва II гуруҳ ногиронлари.
3. Болаликдан ногиронлар.
4. 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар.
5. 1941—1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчилари.
6. Ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар.
7. Чернобил АЭСдаги аварияни бартараф этишда ногирон бўлган шахслар.
8. Байналмилал жангчилар.
9. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан нафақа олувчи кам таъминланган оилалар аъзолари.
10. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар.
Имтиёзга эга бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббий-танлов комиссияси хулосасига кўра вилоят ва республика тиббиёт муассасаларида ордер билан бепул тарзда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, касаллигига кўра тегишли тиббиёт муассасаларидан бепул дори воситаларини олишлари мумкин.

Савол: Ногиронликни белгилаш қайси муассасалар томонидан амалга оширилади.

Жавоб: Фуқароларга соғлиғи ҳолати бўйича ногиронликни белгилаш шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникалари врачлик маслаҳат комиссиялари томонидан ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тиббий-меҳнат экспертиза инспекциясига қарашли вилоят Бош тиббий-меҳнат эксперт комиссияси ва туманлараро ТМЭКлар томонидан амалга оширилади.

Савол: Республика тиббиёт муассасаларида даволаниш учун қаерга мурожаат қилиш лозим.

Жавоб: Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида даволаниш учун дастлаб шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли поликлиникалари мутахассисларига мурожаат қилиб, бемордаги касаллик бўйича мутахассис тавсиясига кўра вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят онкология диспансери, вилоят офтальмология шифохонаси, вилоят эндокринология диспансери, вилоят силга қарши кураш диспансери, вилоят перинатал маркази, вилоят “Она ва бола скрининги” марказига мурожаат қилиш лозим. Мазкур тиббиёт муассасаларида поликлиника ва маслаҳат поликлиникаларида фаолият юритаётган вилоят бош мутахассилари йўлланмаси билан фуқаролар республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига боришлари лозим бўлади. Шунингдек, имтиёзга эга бўлган фуқароларга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошидаги тиббий-танлов комиссиялари томонидан республика тиббиёт муассасаларига бепул даволаниш учун ордерлар ажратилади.

Савол: Ҳомиладорларни рўйхатга олиш қайси муассасаларда амалга оширилади.

Жавоб: Ҳомиладорларни ҳисобга олиш бирламчи амбулатория-поликлиника муассасалари, яъни, қишлоқ врачлик пункти, оилавий ва туман кўп тармоқли поликлиникаларида амалга оширилади. Ҳомиладор аёл рўйхатга олиниб, лозим бўлган лаборатория ва бошқа текширишлар тавсия қилинади. Аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш учун мутахассисларга йўлланма берилади.

Савол: Ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш, уларни кўрикдан ўтказиш шаҳар, туманлардаги, вилоят марказидаги қайси муассасалар томонидан амалга оширилади.

Жавоб: Ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш бирламчи амбулатория-поликлиника муассасалари, яъни, қишлоқ врачлик пункти, оилавий ва туман кўп тармоқли поликлиникаларида, кейинчалик туман тиббиёт бирлашмаларининг туғруққа тайёрлаш ва туғруқ бўлимларида амалга оширилади. Оғир экстрагенитал касалликлар аниқланганда ва акушерлик патологияларида шаҳар, туман акушер-гинеколог мутахассислари йўлланмасига кўра вилоят перинатал марказида тиббий хизмат кўрсатилади. Шунингдек, вилоят “Она ва бола скрининги” марказида, РШТЁИМ Навоий филиали шошилинч гинекология бўлимида, Навоий шаҳридаги НКМК га қарашли тиббий санитария бўлими, Зарафшон шаҳри ва Учқудуқ туманидаги тиббий санитария қисмлари туғруқ бўлимларида, вилоят бош мутахассислари (бош акушер-гинеколог ёки бош генетик) тавсиясига кўра Республика Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида, республика Перинатал марказида туғруққача ва туғруққа кўмаклашиш хизмати кўрсатилади.

Савол: Контрацептив воситаларининг қандай турлари мавжуд, улар кимларда қўлланилади, инсон саломатлигига қандай таъсири бор.

Жавоб: Контрацептив воситаларининг қуйидаги турлари мавжуд: бачадон ичи воситаси, орал (оғиз орқали истеъмол қилинадиган), инъекцион контрацепция (мушак орасига ёки тери остига юборилади), баръер (резина ғилоф) ва ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси. Улар исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш учун туғиш ёшидаги аёлларда қўлланилади. Туғиш ёши аёлларда 18 ёшдан 49 ёшгача ҳисобланади. Аммо, аёлларда ҳомиладорлик ва туғруқнинг оптимал даври 20 ёшдан 35 ёшгача бўлиб, 20 ёшдан кичик ва 35 ёшдан катта аёлларда ҳомиладорлик ва туғруқда асоратлар кўплаб кузатилиши аниқланган. Контрацепция воситаларининг ҳам ҳар қандай дори воситаси сингари кўрсатма ва қарши кўрсатмалари мавжуд. Контрацептив воситаларини қўллаш учун кўрсатма тўғри берилганда инсон саломатлигига ножўя таъсири кузатилмайди. Беморнинг соғлиғи ҳолатига қараб мутахассис томонидан берилган тавсияга асосан аёл ўзи контрацепция воситасини танлаши лозим.

Савол: Болаларга дастлабки тиббий ёрдам учун қаерга мурожаат қилиш лозим.

Жавоб: Болаларга қишлоқ врачлик пунктлари, ҳудудий оилавий поликлиникалар, шаҳар, туман кўп тармоқли поликлиникалари болалар бўлимлари, шошилинч ҳолатларда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ёки вилоят болалар юқумли касалликлар шифохонаси қабул бўлимларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, шунингдек, чақирувга кўра тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатилади.

Савол: Болаларга стационар хизмат қайси муассасаларда кўрсатилади, уларни ушбу муассасаларга ётқизиш тартиби қанақа.

Жавоб: Болаларга стационар хизмати шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида марказий шифохоналарида кўрсатилади. Оғир беморларни эса йўлланма асосида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига юборилади, шошилинч ҳолатларда мурожаат қилган беморлар тўғридан-тўғри марказга қабул қилинади.

Савол: Болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар неча ёшгача бўлган аҳолини қабул қилади.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил 10 июлдаги “Болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 225-сонли буйруғига асосан болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар 17 ёш 11 ой 29 кунликкача бўлган ёшда бўлган аҳолини қабул қилади.

Савол: Болаларни турли касалликларга қарши эмлаш тартиби қанақа?

Жавоб: Миллий эмлаш тақвими асосида амалга ошириладиган эмлашлар янги туғилган чақалоқларга туғруқ бўлимларида, 2 ёшгача бўлган болаларга ҳудудий қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли шаҳар, туман марказий поликлиникаларида, 6 ёшли ташкиллашган болаларга болалар боғчаларида, 7 ёшли ва 16 ёшли болаларга эса мактабларнинг тиббий хоналарида бепул ўтказилади.

Савол: Қайси турдаги эмлашлар бепул ва қайсилари пуллик тартибда амалга оширилади.

Жавоб: Миллий эмлаш тақвимига асосан ўтказиладиган 11 турдаги касалликларга қарши эмлашлар бепул тарзда амалга оширилади. Буларга сил касаллиги, вирусли гепатит В, полиомиелит (шол), кўкйўтал, қоқшол, бўғма, HIB инфекцияси, қизамиқ, қизилча, тепки, ротавирусга инфекциясига қарши эмлашлар киради. Шунингдек, ушбу касалликларга қарши эмлашларни ота-оналар ихтиёрий равишда эмлаш марказларидан пуллик тарзда ҳам олиши мумкин.
Эпидемиологик кўрсатмага асосан ўтказиладиган эмлашлар (грипп, гепатит А, сариқ иситма)ни ҳам аҳоли вакцинация марказларидан ихтиёрий равишда пуллик асосда олиш мумкин.
Жароҳатлар олинганда қоқшол, уй ёки ёввоий ҳайвонлар тишлаганда қутуришга қарши эмлашлар ҳам бепул ўтказилади.

Савол: ОИВ/ОИТС (Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) нинг юқиш йўллари.

Жавоб: Ҳозирги вақтда ОИВни учта йўл билан юқиши тасдиқланган:
Жинсий йўл - ОИВ инфекцияли шахс билан жинсий алоқада бўлганда юқади .
Парентерал йўл - ОИВ мавжуд бўлган қон ва унинг компонентларини қуйганда, аъзо ва тўқималар трансплантациясида, экстракорпорал уруғлантириш ўтказилганда, бир марта ишлатиладиган тиббий асбоб ва анжомлар қайта ишлатил- ганда, стерилланмаган тиббиёт анжомлари (гинекологик, стоматологик, жарроҳлик ва бошқалар)дан фойдаланилганда, шунингдек гиёҳванд моддани инъекция йўли би- лан қабул қилишда бошқа шахс ишлатган воситаларни ишлатганда юқиши мумкин .
Вертикал йўл - ОИВ инфекцияли онадан ҳомилага ҳомиладорлик даврида (пренатал), туғиш пайтида (интранатал) ва эмизишда (постнатал) юқади .Касалликнинг қон қолдиқлари мавжуд бўлган шахсий гигиена буюмлари (тиш чўткаси, соқол олиш анжоми, тери қоплами бутунлигини бузиб бажариладиган муолажалар учун ишлатиладиган, санчилувчи ва ўткир кесадиган буюмлар) орқали юқиши истисно қилинмайди .
ОИВ инфекцияси қон сўрувчи ҳашаротлар (кана, бит, чивин) чақиши орқали юқмайди .

Савол: ОИВ/ОИТС га кимлар мажбурий ва кимлар ихтиёрий тарзда текширилади.

Жавоб: ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш.
ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш текширувдан ўтаётган шахснинг соғлиғи ҳолатини ўрганиш ва баҳолашдир, бунда ОИВ мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслиги аниқланади.
ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган нормалар ва қоидаларга мувофиқ барчадаволаш-профилактика муассасаларида ихтиёрий, мажбурий ёки ғайриихтиёрий тартибда амалга оширилади.
ОИВга тиббий текширувдан ўтказишда текширувдан ўтаётган шахс билан дастлабки ва кейинги маслаҳатлашув амалга оширилади.
Вояга етмаганларни ва муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларни ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш уларнинг қонуний вакиллари розилиги билан амалга оширилади.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимининг лабораториялари томонидан ўтказилган текширувларнинг ОИВ мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги натижаси текширувдан ўтаётган шахсга унинг илтимосига кўра, вояга етмаганларга ва муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга эса, уларнинг қонуний вакилларига дастлабки маслаҳатлашувни амалга оширган даволаш-профилактика муассасасида берилади.
Текширувдан ўтаётган шахсда ОИВ аниқланган тақдирда, у билан кейинги маслаҳатлашув ўтказилади ҳамда у диспансер ҳисобига қўйилади, мазкур шахс ўзга шахсларга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида ёзма равшда огоҳлантирилади.
Вояга етмаганларда ва муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларда ОИВ аниқланган тақдирда, тиббий муассасалар ходимлари бу ҳақда уларнинг қонуний вакилларини ҳамда вояга етмаганлар ёхуд муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар турган муассаса раҳбарини хабардор қилади.
Тиббий текширувдан ўтказиш натижаларига кўра ўзида ОИВ аниқланган шахслар қон, биологик суюқликлар, донори бўлиши мумкин эмас.
Текширувдан ўтаётган шахснинг илтимосига кўра ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат берилиши мумкин. ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фақат ОИТСга қарши курашиш марказларида ҳақ эвазига амалга оширилади.

Ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш
Ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш текширувдан ўтаётган шахснинг розилигига кўра, махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади. Текширувдан ўтаётган шахснинг илтимосига кўра ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш аноним бўлиши мумкин.

Мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш.
Қуйидагилар мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши керак:
- қон ва бошқа биологик суюқликлар донорлари;
- эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахслар;
- ҳомиладор аёллар;
- инъекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар;
- ОИВни юқтириб олган оналардан туғилган болалар;
- ўз фаолиятида қон, биологик суюқликлар, одам органлари ва тўқималари билан ишловчи тиббий ходимлар;
- жинсий шеригида ОИВ аниқланган шахслар.
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишувга кўра рўйхати белгиланадиган айрим касбларда ишловчи ходимлар ишга кираётганда, дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтаётганда мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтади.
Ғайриихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш
Текширувдан ўтаётган шахсни ғайриихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорига ёки суд ажримига кўра амалга оширилади.

Савол: Яқинда иш фаолиятини бошлаган Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бепул тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади? Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли шахсларга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ордер берилгандагина тиббий хизматлар бепулми, бошқа ҳоллардачи? Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббий хизматлар қандай ҳолларда пуллик кўрсатилади, ордери йўқ фуқароларга 100% пулликми?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги ПФ-3923-сонли Фармони, 2007 йил 2 октябрдаги “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-700-сонли қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги “Бюджет ташкилотларни молиялаштиришни такомиллаштириш тўғрисида”ги 414-сонли, 2008 йил 18 мартдаги “Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида”ги 48-сонли қарорлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2007 йил 20 декабрдаги "Соғлиқни сақлаш тизими муассасалари номенклатурасини тасдиқлаш тўғрисида”ги 556-сонли, 2009 йил 14 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига кўрсатиладиган пуллик сервис хизмат турлари рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги 305-сонли, 2014 йил 29 январдаги 25-сонли буйруқлари ҳамда Навоий вилоят ҳокимининг 2014 йил 31 январдаги Қ-20-сонли қарорлари асосида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этиш белгилаб берилган бўлиб, марказнинг маслаҳат поликлиникаси 2014 йил 1 августдан янги бинода фаолиятини бошлади. Ушбу шифохонанинг терапевтик бўлимлари жорий йилнинг 1 декабригача, хирургик ўринлар эса 2015 йилда очилиши режалаштирилмоқда. Марказни молиялаштирилиши 50 фоиз давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Қолган 50 фоизи аҳолига кўрсатиладиган пуллик тиббий ва нотиббий хизматлар ҳисобига қопланиши кўзда тутилган.
Юқорида келтирилган қарор, фармон ва буйруқлар асосида марказда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш 50 фоиз пуллик ва 50 фоиз бепул бўлиб, бепул тиббий хизмат кўрсатиш соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг тиббий-танлов комиссияси томонидан ажратилган ордерлар асосида имтиёзга эга бўлган фуқароларга кўрсатилади. Ордерлар сони маълум бир квота доирасида (чегараланган) бўлганлиги туфайли, фуқароларга навбат билан берилади. Бепул тиббий хизмат кўрсатиладиган фуқаролар:
1. Ғирт етимлар.
2. I ва II гуруҳ ногиронлари.
3. Болаликдан ногиронлар.
4. 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар.
5. 1941—1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчилари.
6. Ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар.
7. Чернобил АЭСдаги аварияни бартараф этишда ногирон бўлган шахслар.
8. Байналмилал жангчилар.
9. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан нафақа олувчи кам таъминланган оилалар аъзолари.
10. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар.
11. Чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича 15-17 ёшдаги ўсмирлар ва чақириқ ёшидаги (18-27 ёшар) шахслар.
Бошқа ҳар қандай ҳолларда, яъни фуқаро имтиёзга эга бўлган ва бўлмаган ҳолларда, ордер асосида мурожаат этмаса, унга пуллик асосда тиббий хизмат кўрсатилади. Пуллик тиббий ва нотиббий хизматлар учун тўловлар марказнинг алоҳида ҳисоб рақамига нақд пул ёки пул ўтказиш йўли билан олдиндан 100 фоиз тўлов шаклида амалга оширилади. Бемор тиббий хизматдан фойдаланиб бўлгандан сўнг, якуний ҳисоб-китоб амалга оширилади. Пуллик хизмат кўрсатиш, марказ стационар бўлимлари ўз фаолиятини бошлагандан сўнг, калькуляция қилиниб тасдиқланган прейскурант асосида йўлга қўйилади.

ВССБ ДПЁТБ бошлиғи Р.Ҳамроев

Савол беринг жавоб берамиз....
Ортга қайтиш