Қидириш   

ЕСАНГИЗ ШОЛҒОМ, БЎЛАСИЗ СОҒЛОМ!
17 ноябрь 2014,   кўрилган: 1278

ЕСАНГИЗ ШОЛҒОМ, БЎЛАСИЗ СОҒЛОМ!
Иссиқ бўлар шолғом ким еса такрор,
Кўрлар шолғом есин деган масал бор.
Чунки у кўзларга беради қувват,
Хому пишиғида бор шундай хислат
Шишганда совуқдан қўл ёки оёқ
Наф қилади шолғом суркалгани чоқ
.

Қадимдан кўпгина хасталикларга даво сифатида истеъмол қилинадиган шолғомнинг оғриқ қолдирувчи, яраларни битирувчи, шамоллашларга қарши курашувчи, пешоб ҳайдовчи ва антисептик хусусиятлари бор. Шолғом витамин С, В1, В2 га, клетчатка, каротинга жуда бой.
Қайнатиб пиширилгани нафас қисишини даволаса, орасига сариёғ ва асал солиб қасқонда пиширилгани кўкракни юмшатади. Томоқ оғриганда шолғом қайнатилган сув билан ғарғара қилинг. Эзилтириб пиширилгани симиллаб оғриётган жойларга босилса, фойда қилади. Уй шароитида шолғомдан қайнатма тайёрлаш унчалик қийин эмас. Икки ош қошиқ майда тўғралган шолғом устига бир стакан сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади. Шамоллаганда чорак стакандан ичиб турилади.
Халқ табобатида шолғом ва унинг шарбатидан йўтал, овоз бўғилиши, аст¬ма касалликларини даволашда фойдаланилган. Шолғом истеъмол қилинганда асабларни тинчлантиради, юрак ишини меъёрга солади. Шунингдек, Абу Али ибн Сино шолғом уруғидан тайёрланган дорилар билан қовуқ ва човдаги шишларни йўқотган, кўз хасталигини даволаб, кўриш қувватини яхшилашда фойдаланган.
Ибн Синонинг «Тиббий ўгитлар» асарида шолғом ҳақида шундай дейилади: «Семиз гўшт билан пиширилган шолғом кўкракни ва томоқни юмшатади. Шолғомнинг қайнатмасини подагра касалига қўйилса, кўп манфаат етади, гўшт билан қайнатилгани эса белни қиздиради, сийдикни ҳайдайди. Унинг япроғини ейилса ҳам сийдикни юриштиради».
Шолғом ичакларга саломатлик бағишловчи ажойиб восита ҳамдир.
Бироқ ичакларда яллиғланиш кучайганда, ўткир ва сурункали гепатит ҳамда холециститда, марказий асаб тизими касалликларида шолғом истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Шолғомли муолажалар
- Шолғом бурун бўшлиғидаги ҳамма шиллиқларни тозалаб чиқариб ташлайди. Уни кунига икки марта ярим қадоқдан (200 г) қирғичдан ўтказиб, хомлигича истеъмол қилинади. Камида бир соат бошқа нарса емаслик, ичмаслик лозим. Бундай даволаниш жараёнида ҳар куни 2 марта икки пиёладан қатиқ ичиш керак. Қовурилиган, ёғли овқатлар, кабоб ва сут вақтинча истеъмол қилинмайди. Бурунга камида икки маротаба 2-3 томчидан шолғом сувини томизиш керак.
- Гўшт билан қайнатилган шолғом кучли озиқа бўлиб, меъдада узоқ вақтгача қолади. Шолғом қайнатмаси иситма баланд бўлганда ҳамда юрак безовталанганда жуда яхши шифо ҳисобланади. Бунинг учун 2 ош қошиқ майдаланган шолғом устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади. Совигач, иситмани тушириш учун чорак стакандан ичиб турилади.
- Ўпка ва нафас йўллари касалликларини даволашда шолғом яхши натижа беради. Шолғом сувининг шакар ёки асал билан аралашмаси йўтал қолдирувчи восита ҳисобланади. Бунинг учун шолғом сувидан кунига 3-4 маҳал бир ош қошиқдан ичиш лозим. Шолғомдан тинчлантирадиган дори тайёрлаш учун бир ош қошиқ майдаланган шолғом устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 1 дақиқа қайнатилади. Бундай қайнатмадан уйқу олдидан бир стакан ичилса, тинчлантирувчи дори сифатида таъсир кўрсатади.
- Халқ табобатида уйқусизликни даволашда ҳам шолғомдан фойдаланилади. Фойдаланиш учун 2 ошқошиқ тўғралган шолғом устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади ва чорак стакандан ичилади.
Шолғом баргида кальций миқдори шунчалик кўпки, ҳеч бир сабзавот бу борада унга тенг келмаса керак. Унинг баргидан тайёрланган шарбатни сабзи ва қоқиўт шарбатларига қўшилса, тишлар ва суяк тўқималарини мустаҳкамловчи ажойиб восита ҳосил бўлади. Шунингдек, шолғом барги шарбатини селдерей ва сабзи шарбатларига қўшиб истеъмол қилинса, ошқозон кислоталилигини камайтиришда даво бўлади.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |