Қидириш   

Гастрит зўраймасин !
15 январь 2015,   кўрилган: 1550

Гастрит зўраймасин !Гастрит ошқозон шиллиқ қаватининг яллиғланиши бўлиб, кўп учрайдиган касалликлар сирасига киради. Айрим мутахассисларнинг фикрича, гастритнинг енгил тури деярли ҳаммада бўлар экан. Албатта, бу ҳолатнинг зўрайиб кетиши, касалликнинг авж олишига йўл қўймаслик керак.
Гастритнинг келиб чиқишига нотўғри овқатланиш, ичкиликка ружу қўйиш, руҳий изтироблар, айрим дориларни (масалан, баъзи антибиотиклар) узоқ муддат қабул қилиш, чекиш, ичак инфекциялари, хеликобактер пилори микроби, ошқозон ости бези ва ўт пуфагининг хасталаниши сабаб бўлади.
Гастрит кечишига кўра ўткир ва сурункали турларга бўлинади.
Ўткир гастритга йўлиққан беморлар умумий беҳоллик, кўкрак ости соҳасида оғриқ, кекириш, кўнгил айниши ва ҳазм бўлмаган овқатни қусиш, тана ҳарорати кўтарилишидан шикоят қиладилар. Гоҳида қон томир фаолиятининг кескин сусайиши устунлик қилса, айниқса, қарияларда тери ранги бўзаради, тил сатҳи караш боғлайди. Ошқозон шираси ажралиши олдин кўпайиб, кейин камаяди.
Ўткир гастрит юқорида тилга олинган сабаблардан ташқари, ўткир кислота (хлорат, сульфат, сирка), ўювчи ишқор (натрий ёки калий, каустик сода), оғир металлар тузи (симоб бирикмалари), ўткир этил спиртининг ошқозонга тушиши натижасида ҳам содир бўлади. Заҳарли модда ютилгандан сўнг оғизда, қизилўнгач бўйлаб, ошқозонда ачишиш ва оғриқ кузатилади. Бемор истеъмол қилган овқатини кўпинча бир неча бор қон аралаш қусади. Касаллик оқибати кўп ҳолларда қизилўнгач торайиши, ошқозоннинг пилорик (чиқиш) қисми торайиши билан якунланади.
Ўткир гастритни ошқозон шиллиқ қаватининг ёт жисмлар (балиқ қилтаноғи, майда суяклар ва металлар) билан шикастланиши ҳам келтириб чиқаради. Бу ўз навбатида ошқозон деворининг йирингли шикастланишига сабаб бўлади. Бунда касаллик ўткир бошланиб, иситмалаш, бадан увишиши, қориннинг юқори қисмида кучли оғриқ, кўнгил айниши, кўп марта йирингли қусиш кузатилади.
Ўткир гастритнинг ўз вақтида даволанмаслиги касаллик сурункали турга ўтишига олиб келади.
Сурункали гастрит билан кўпроқ 25-40 ва ундан катта ёшдаги кишилар, асосан, эркаклар касалланадилар. Мутахассисларнинг фикрича, Ер куррасидаги балоғатга етган аҳолининг ярмидан кўпи мазкур хасталикка чалинган, лекин фақат улардан 10-15 фоизигина касалликдан шикоят қилиб, шифокорга мурожаат қиладилар.
Касаллик аста-секинлик билан авж олиб боради. Беморлар қориннинг юқори соҳасидаги оғриқдан, иштаҳасизлик, жиғилдон қайнаши, кўп ташна бўлишдан, қориннинг дам бўлиши, овқатланиб бўлгач, овқатни қайт қилиб ташлашдан, ичнинг равон келмаслигидан шикоят қиладилар.
Сурункали гастрит ошқозон шираси кислоталилигининг ошиши ёки камайиши билан кечади. Биринчиси асосан ёшларда учраб, унга овқатлангандан кейин тўхтайдиган оғриқ, жиғилдон қайнаши, қусиш каби белгилар хос. Иккинчи хил сурункали гастрит эса кўпинча ёши катта кишиларда учрайди. Бунда беморнинг кўнгли айнийди, иштаҳаси йўқолади, ичи кетади.
Гастритдан халос бўламан десангиз, парҳезга риоя қилинг – жуда аччиқ ва иссиқ, ҳазми оғир таомлар, қаҳва, аччиқ дамланган чой, газли сув, спиртли ичимликлар, чекишдан тийилинг, руҳий изтиробларга йўл қўйманг. Шифокор тавсияларига амал қилинг.
Касалликка асло бепарво бўлманг, акс ҳолда асоратлар келиб чиқиши мумкин. Гастрит асоратларидан бири – ошқозон яраси. Биласизки, бу касаллик беморнинг бир умрлик ҳамроҳи. Бундан ташқари, ўз вақтида даволанмаган гастрит ошқозон саратонига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Гастритга чалинмай десангиз…
– Овқатни яхшилаб қайнатинг, қовуринг. Яхши пиширилмаган гўшт, балиқ, сут хеликобактер пилори манбаига айланади;
– ювилмаган қўл ва идиш-товоқ бактерияга йўл очиб беради;
– овқатларда етарли миқдорда оқсил, ёғ, углевод ва витамин бўлсин, туриб қолган овқатни еманг;
– овқатни жуда тўйиб, шошиб, тикка туриб, уйқудан олдин еманг, узоқ оч қолманг. Ҳазмни яхшилаш учун овқатдан олдин ва кейин 1 стакан минерал сув ичинг;
– жуда совуқ ва қайноқ, ёғли, дудланган, ўткир таъмли овқатдан сақланинг;
– кариесга чалинган тишлар ва сурункали яллиғланиш ўчоқларини (сурункали тонзиллит, гайморит, холецистит) даволатинг;
– жисмоний ва руҳий зўриқишлардан ўзингизни эҳтиётланг. Кайфиятингиз ошқозон ҳолатига тўғридан-тўғри таъсир қилади;
– йилига икки марта (куз ва баҳорда) гастроэнтеролог кўригидан ўтинг.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |