Қидириш   

» » Боланинг хотирасини яхшилайдиган маҳсулотлар

Боланинг хотирасини яхшилайдиган маҳсулотлар
08 октябрь 2014,   кўрилган: 2555

Боланинг хотирасини яхшилайдиган маҳсулотларМактаб ўқувчиларининг тўғри овқатланиши уларнинг мия фаолиятига ижобий таъсир этади. Баъзи болалар дарс давомида фаол бўлсалар, айримлари эса мадорсиз бўлиб, салга чарчаб қолишади. Болаларнинг ақ¬лий ва жисмоний фаоллиги уларнинг овқатланиш рационига боғлиқ. Маълумки, бош мия қуруқ массасининг 40% га яқини оқсилларга тўғри келади. Оқсиллар эса аминокислоталардан ташкил топади. Олимлар инсон мияси тўқималаридаги аминокислоталарнинг умумий миқдори уларнинг қондаги миқдоридан 8 марта кўп бўлишини аниқлашган. Бош миядаги оқсиллар фаол тарзда янгиланиб туради.
Фаол ўқиш давридаги болаларнинг озуқаси оқсил моддаларга бой бўлиши зарур. Ҳайвон маҳсулотларидаги оқсиллар ўсимликлардаги оқсилларга қараганда инсон организми томонидан яхшироқ ва тезроқ ўзлаштирилади.

Липидлар (ёғлар) зарар эмасми?
Миядаги моддалар алмашинувида липидлар (ёғлар) алоҳида ўринни эгаллайди. Уларга фосфолипидлар, холестерин, цереброзидлар киради. Липидлар бош мия қуруқ массасининг деярли ярмини ташкил этади. Липидлар алмашинуви унча тез юз бермайди, улар жуда секин янгиланади. Холестерин болага зарар эмасми? Йўқ, у организмга болаликда жуда керак бўлади, бироқ одам кексайганида, унинг томирларини шикастлантиради.

Тавсия
Шу боис, болангизни мактабга кузатишдан олдин, албатта, унга нонушта тайёрлаб беринг. Унга гўшт, балиқ, пишлоқ, творог, сут ёки тухум кириши лозим. Миқдори: 1-3 ёшдаги болалар суткасига — 55 гр, 4-6 ёшдаги болалар — 72 гр, 7-9 ёшдаги болалар — 89 гр, 10-12 ёшдаги болалар — 100 гр, 13-15 ёшдаги болалар — 106 гр оқсил олиши зарур.
Тавсия
Унда нима қилиш керак? Бола ёғли овқат истеъмол қилиши лозимми? Ҳа, аммо у организмга оқсилга қараганда жуда кам миқдорда зарур бўлади. Масалан, 1:5 нисбатда. А ва Д витаминларига бой сариёғ ҳам кичик ва ўрта синф ўқувчилари учун кони фойда.
Углеводлар
кўпайиб кетмасин!
Глюкоза мия тўқимаси нафас олишининг асосий манбаи ҳисобланади: мия томонидан утилизация қилинадиган глюкозанинг 90% дан ортиғи карбонат ангидрид гази ва сувга оксидланади. Мана шу нарса нафас олиш жараёни ҳисобланади, унда албатта, кислород ҳам иштирок этади. Бош мия қобиғи ва кичикмия ҳужайралари кислородни жуда жадал сарфлайди.
Тавсия
Хўш, болалар миясининг нафас олиш манбаидан маҳрум қилишимиз мумкинми? Йўқ, албатта. Шунинг учун ҳар бир кишининг таомномасида, айниқса ўқувчиларда, етарли даражада углеводлар бўлиши керак. Уларнинг парчаланишидан ҳосил бўладиган якуний маҳсулот- глюкоза ҳисобланади. Нон, бўтқалар, макарон маҳсулотлари, мевалар, сабзавотлар — буларнинг барчаси углеводли маҳсулотлардир. Болани ширинликдан ҳам маҳрум этманг. Ўқувчи учун яхши шоколад плиткаси фойдали. Аммо булар оқилона меъёрда бўлиши керак.

Мевалар, сабзавотлар, кўкатлар ҳамда гўшт витамин ва микроэлементларга бой. Гўштда миянинг жадал ишлаши учун зарур бўлган деярли барча моддалар мавжуд.

Овқатланиш тартиби
Тўлақонли нонушта албатта, бўлиши керак. Агар машғулотлар 5 соат ва ундан кўп давом этса, болангизга бирор егулик бериб юборинг. Тамадди қилиб олиш учун углеводли озуқа жуда қулай: у организм томонидан тез ўзлаштирилади ва мия фаолиятини оширади.
Тушлик ҳам тўлақонли — барча фойдали моддаларга бой, тўйимли бўлиши зарур.
Ўқувчилар учун енгил иккинчи тушликни ташкил қилган маъқул. Бу сут-қатиқ маҳсулотлари, конфет ёки пряник билан чой ичиш мумкин.
Кечки овқат ҳам худди нонушта каби муҳим. Кўпчилик болалар кечки овқатни қилмасдан ухлаб қолади, бу эса нотўғри.

Мия учун фойдали неъматлар
Олимларнинг сўнгги тадқиқотларига кўра, мияни озиқлантириш жараёнларида ўрмон мевалари — қулупнай, малина, клюква, черника, ер тути, маймунжон муҳим роль ўйнайди. Мактабга боришдан олдин фарзандингизни ёқимли, витаминли шарбат билан сийлашингиз мумкин.
- Сабзавотлар орасида карам ва лавлаги афзалроқ. Карамда аминокислоталар, лавлагида эса антиоксидантлар мавжуд. Организмдаги микроэлементлар захирасини тўлдириш учун ёнғоқ ва писта ҳам жуда мос келади.
- Балиқ, айниқса лосось мия учун ноёб маҳсулот ҳисобланади. Балиқ таркибидаги енгил ўзлаштириладиган оқсиллар, Омега ёғли кислоталари шаклидаги ёғлар, фосфор, йод моддалари ва мия фаолияти учун зарур бўлган бошқа микроэлементлар мавжуд. Шу боис ҳафтасига бир марта балиқ кунини тайинлаш фарзандларингизнинг аъло баҳога ўқишининг кафолати ҳисобланади. Шунингдек, қизил ва қора икра ҳам фойдали.
- Узум ва майиз ҳам мияга ажойиб озуқа бўлади.
- Тухум сариғи таркибида хотирани яхшилайдиган холин элементи мавжуд. Ўқувчига тушликка қовурилган тухум ёки нон орасига омлет қилиб бериш мумкин.
- Ерёнғоқ ёғи миядаги асаб мембраналарини ҳимоя қилувчи антиоксидант — Е витамини манбаи ҳисобланади. Нонуштага ерёнғоқ ёғини нонга суриб ейиш лозим.
- Сули - бу бола учун энг яхши нонуштадир, чунки унинг таркибида Е, В витаминлари, калий ва рух моддалари мавжуд.
- Дуккаклилар: ловия, нўхат, нут, ясмиқ дони (чечевица) таркибида протеин, мураккаб углеводлар, бириктирувчи тўқималар, витаминлар ва минераллар кўп бўлгани боис, улар жуда фойдали.
- Сут маҳсулотлари протеин ва В гуруҳи витаминларига жуда бой. Ушбу моддалар мия тўқимасининг ўсиши, нейротрансмиттерлар ва энзимлар ҳосил бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Болаларга нонуштага ширин бўлмаган йогурт, ёғсиз сметана, сут, ряженка ва ёғсиз қатиқ харид қилинг.

Фарзандингизнинг сифатли овқатланишига эътибор қаратинг. Шунда дилбандингиз ҳам аъло баҳолари билан сизни хурсанд этади! Ақлли ва соғлом болалардан эса ҳақиқий истеъдодлар етишиб чиқади.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |