Қидириш   

Мақолаларни саралаш: санаси | машҳурлиги | кўрилганлиги | шарҳлари | алифбо
29 октябрь 2014,   кўрилган: 1470

Ёнғоқ иммунитетни кўтарадиҚандай қилиб табиий шароитда иммунитетни мустаҳкамласа бўлади, дейсизми? Сизга ёнғоқ ёрдам беради. Бунинг учун бир пиёла тоза ва табиий асал, янги кесилган алоэ барги, туйилган ёнғоқ мағизи тенг миқдорда аралаштирилади. Тайёр малҳамни бир ош қошиқдан кунига 3 маҳал 3-4 ҳафта давомида қабул қилинса сизда ҳолсизланиш, иштаҳасизлик йўқолиши ва албатта иммунитетнинг кўтарилишида катта ёрдам беради
Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |   :
25 октябрь 2014,   кўрилган: 2052

Куз ва қиш мавсуми: ўткир респиратор инфекциялар авж олмаслигининг чора-тадбирлариЖаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда ҳар йили 40 миллионга яқин киши ўткир респиратор инфекциялар билан оғрийди. Грипп ана шу инфекцияларнинг энг асосийсидир. Ушбу касаллик кенг тарқалган бўлиб, бу ҳақида кўпроқ маълумот беришни лозим деб биламиз.
Ўткир респиратор инфекциялар ҳаво-томчи йўли билан юқадиган ўткир инфекциялар гуруҳидир. У нафас йўлларининг турли соҳаларини зарарлайди. Уларнинг қўзғатувчилари грипп ва парагрипп вируслари, риновирус, респиратор-синцитиал вирус, коронавирус, реовирус, аденовирус ва бошқа микроорганизмлар бўлиши мумкин. Касалликнинг ўткир бошланиши, унинг одатда қисқа муддат давом этиши, катарал ўзгаришлар (йўтал, юқори нафас йўлларининг қизариши ва ҳакозо), тана ҳароратининг кўтарилиши ва интоксикация (тананинг микроблар таъсирида заҳарланиши) бу инфекцияларнинг асосий хусусиятларидир.
Аденовирус инфекциялари учун асосан ҳиқилдоқ, бодомсимон без, конъюнктива (кўз шиллиқ қавати)ларнинг зарарланиши, лимфа безларининг катталашиши ва тана ҳароратини ошиши хос бўлса, парагрипп учун ларингит, респиратор-синцитиал инфекция учун нафас йўллари пастки қисмларининг зарарланиши, коронавирус ва риновирус инфекциялари учун бурун шиллиқ қаватининг зарарланиши кўпроқ хосдир. Реовирус инфекцияси кўпроқ болаларда учрайди. Бунда нафас йўлларининг зарарланиши билан бирга овқат ҳазм қилиш тизими ҳам зарарланади. Шундай бўлсада, бу инфекцияларни унинг клиник манзарасига кўра фарқлаш анча мураккабдир. Бундан ташқари кўкйўтал, микоплазмали инфекция, энтеровирус инфекцияси, юқумли мононуклеоз, қорин тифи ва паратиф касалликлари, энтеровирус инфекцияси ва дифтерия (бўғма) каби оғир кечадиган касалликлардан ҳам ўз вақтида фарқлаш зарур.
Шунинг учун грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар аломатлари кузатилганда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Грипп сўзи французча "гриппер" деган сўздан олинган бўлиб, у "қамраб олиш" деган маънони англатади. Вирус паст ҳароратда яхши ривожланади. Айниқса, грипп қиш фаслида кўп учрайди. Касалликнинг қўзғатувчиси жуда ўзгарувчан бўлиб, инсон танасида ҳам, ташқи муҳитда ҳам янги-янги штаммлари пайдо бўлиб туради.
Гриппга хос касаллик ҳақидаги маълумотлар эрамизгача бўлган 412 йилларда Гиппократ замонида ҳам маълум бўлган. Дастлаб бу касаллик "юқумли иситма" номи билан юритилган, кейинчалик "инфлюэнса", 1743 йилдан "грипп" деб юритила бошлаган.
У ҳаво-томчи йўли билан юқадиган ўткир вирусли инфекция бўлиб, организмнинг умумий заҳарланиши ва нафас йўлларининг зарарланиши билан кечади.
Хасталик вирусининг А, В ва С турлари мавжуд. Вируслар ташқи муҳитга чидамсиз бўлиб, қуёш нури ва дезинфекцияловчи(зарарсизлантирувчи) моддалар таъсирида тез нобуд бўлади. Лекин паст ҳароратда узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Вирус жуда ўзгарувчан бўлиб, инсон танасида ҳам, ташқи муҳитда ҳам янги-янги штаммлари пайдо бўлиб туради. Бу ҳолатда, табиийки, вируснинг хусусиятлари ҳам ўзгаради.
Касалликнинг дастлабки кунларида вирус организмдан кўп миқдорда ажралади. Бемор аксирганда, йўталганда ва гаплашганда ҳаво заррачалари ва сўлак томчилари билан атроф-муҳитга тарқалади ва яқин атрофдаги одамларга нафас йўллари орқали юқади. Соғлом инсон инфекция юқтирган кишига 1-2 метр яқинликда бўлганда касаллик юқиш хавфи ортади. Аҳоли зичлиги гриппнинг тарқалишини осонлаштиради. Касалликдан кейин ҳосил бўладиган иммунитет бир неча йиллар, ҳатто умр бўйи сақланиши мумкин. Алоҳида таъкидлаш лозим, бу иммунитет айнан шу касаллик турига нисбатан юзага чиқади. Бир мавсумда бир неча марта грипп билан касалланиш инсоннинг бошқа вирус штаммлари юқтирганлигини билдиради. Бундай ҳолат асосан иммунитети паст ва нимжон болаларда кўпроқ кузатилади.
Гриппнинг яширин даври бир неча соатдан 1-2 кунгача давом этади. Касаллик ўткир бошланади. Соғлом юрган одамнинг тўсатдан мазаси қочади: эти увишади, лоҳас бўлади, тана ҳарорати кўтарилади. Кейинчалик ҳарорат 39-40 С гача кўтарилади. Бунда бемор совқотади. Қўл-оёқ мушаклари ва суяклари қақшаб оғрийди. Беморнинг боши оғрийди, айниқса, бошнинг пешона ва чакка қисмларида оғриқ кучли бўлади. Баъзан бош айланиб, кўз тинади, уйқу бузилади. Кўзни ҳаракатлантирганда кўз соққасида оғриқ сезилади. Бурундан сув келади, томоқ қурийди ва қичиб оғрийди, қуруқ йўтал безовта қилади. Беморнинг юз териси қизариб, лаб ва бурун қанотлари олдида учуқ пайдо бўлиши мумкин. Касаллик оғир кечганда беморнинг кўнгли айниб қусади, бурни қонайди.
Гриппда асосан асаб тизими ва қон томирлари зарарланади. Бундан ташқари ангина(бодомча безларининг яллиғланиши), қулоқнинг яллиғланиши – отит, юрак мушакларининг зарарланиши – миокардит, буйракнинг яллиғланиши – пиелонефрит, мия пардасининг яллиғланиши – менингит ва ўпканинг яллиғланиши – пневмония(зотилжам) каби асоратларга сабаб бўлади. Касалликнинг кам учрайдиган, лекин жуда оғир кечадиган асоратларидан бири бош мия тўқимасининг яллиғланиши – энцефалитдир.
Касаллик, айниқса, 1 ёшгача бўлган болалар ва кекса ёшдаги кишиларда оғир кечади ва турли асоратлар қолдиради. Бунга асосий сабаб болаларда иммунитетнинг тўлиқ шаклланмаганлиги бўлса, кекса ёшдаги кишиларда мавжуд сурункали касалликларнинг қўзғашидир.
Грипп ташхисини касалликнинг клиник аломатларига қараб қўйиш қийин эмас. Унинг лаборатория текширувлари замонавий юқори технологик текширув усулларига эга махсус лабораторияларда амалга оширилади. Кейинги йилларда грипп ва бошқа респиратор вирусли инфекцияларни аниқлашда замонавий текшириш усуллари ҳисобланган ИФТ (иммунофермент таҳлил) ва ПЗР (полимераза занжир реакцияси) кенг қўлланилмоқда. Бундай текширувлар вируснинг тури ва типини, касалланишни олдиндан аниқлаш ва вакцина ишлаб чиқиш учун муҳимдир.
Гриппни даволаш шифокор назоратида олиб борилади. Ётоқ режимига риоя қилинади. Беморни даволашда махсус парҳез тайинланмайди. Лекин иштаҳанинг пасайганлигини эътиборга олган ҳолда, одатда кўпроқ суюқ таомлар буюрилади. Яна турли суюқликларни ичиш тавсия қилинади. Лимон, малина ва турли мурабболар солинган чойлар, асал қўшилган чой, хонадонда тайёрланган шарбатлар илиқ ва иссиқ ҳолда тез-тез ичиб турилса мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, илиқ ҳолда газсиз минерал ва қайнатилган сувни ичиб туриш зарур.
Кўп ҳолларда гриппга чалинган кишилар касаллик аломатлари кузатила бошлаган бўлсада, "ўтиб кетади" қабилида иш тутиб шифокорга мурожаат қилишмайди ва аксарият ҳолларда касалликни оёқда ўтказадилар. Бу бир томондан атрофдагилар учун инфекция юқиш хавфини оширса, иккинчи томондан касалликнинг зўрайиши ва турли асоратлар қолдиришига имкон яратади. Ваҳоланки, касалликнинг бошланишидаёқ ётоқ режимига риоя қилган ҳолда ўз вақтида даво муолажалари ўтказилса, бемор тезда тузалиб кетиши табиий.

Бугунги кунда дунёда 100 дан ортиқ Грипп марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармойишига кўра 2005 йилда Вирусология илмий текшириш институти қошида Грипп миллий маркази ташкил қилинди. Мамлакатимизда грипп ва бошқа респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш динамикасини ўрганиш, эпидемик вазиятни таҳлил қилиш ва олдиндан аниқлаш, замонавий лаборатория усулларини такомиллаштириш ва назоратини ўрнатиш ҳамда мониторинг ўтказиш, илмий изланишлар олиб бориш ва бу инфекцияларнинг тарқалишининг олдини олиш борасида тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш марказнинг асосий вазифаларидандир. Мазкур йўналишдаги тадбирларни амалга оширишда Республика давлат санитария эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ) билан ҳамкорликда фаолият юритилади.
Махсус профилактика мақсадида грипп мавсуми бошланишидан олдин вакцина билан эмланади. Гриппга қарши вакцинани қўллаш касаллик тарқалишини кескин камайтиради. Иситиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари ва болалар таътилларининг ташкил қилиниши ҳам грипп ва бошқа респиратор инфекцияларнинг тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Грипп мавсуми вақтида тиббиёт ходимлари, савдо ва бошқа аҳолига хизмат кўрсатувчи соҳа ходимлари ниқоб таққан ҳолда ишлашлари зарур.
Касаллик манбаи бўлмиш беморни эрта аниқлаш ва уларни соғлом кишилардан ажратиш муҳим. Бунинг учун у алоҳида хонага ётқизилиб, ётган жой тўсиқ билан ёпилади ва хаста киши шифокор назоратида даволанади. Катта ёшдаги кишилар касалликка мойил бўлган гуруҳ, яъни гўдак ёшидаги болаларни парвариш қилишда тўрт қаватли дока ниқоб ёки респиратордан фойдаланишлари зарур. Бемор ётган хона мунтазам равишда шамоллатиб турилиши керак. Хонани намлаб тозалаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мунтазам равишда организмни чиниқтирган кишига касаллик кам юқади. Юққан тақдирда ҳам у енгил ўтади ва асоратлар қолдирмайди. Шунинг учун соғлом турмуш тарзини шакллантириш: доимий бадантарбия билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш, ўз вақтида ухлаш, дам олиш, ишни тўғри ташкил қилиш, яшаш ва иш жойларида санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш организмнинг ҳимоя кучлари(иммунитет)ни оширади. Бу тадбирлар организмни нафақат грипп, балки юқумли ва турли касалликлардан ҳам ҳимоя қилади.
Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |   :
18 октябрь 2014,   кўрилган: 1481

Тумовдан эҳтиёт бўлингКузнинг ҳавоси ўзгарувчан, эрталаб танни жунжиктирган совуқ тушга қараб ўз ўрнини устки кийимлар оғирлик қиладиган иссиққа бўшатиб беради, хиёл ўтмай ҳарорат яна пасаяди. Об-ҳавонинг беқарорлиги оқибатида ўткир респиратор касалликлар, хусусан, тумовнинг тарқалиши кузатилади.
Бу хасталик билан оғриган кишининг бурун ёки томоқ шиллиқ пардаси шишиб, ачишади, тана ҳарорати кўтарилади. Беморнинг умумий аҳволи айтарли ўзгармаса-да, боши оғирлашиб, иш қобилияти пасаяди, бурундан нафас олиши бироз қийинлашади. Шунингдек, кўз шиллиқ пардасининг қизариб ёшланиши ва ҳид билиш қобилиятининг пасайиши беморни анчайин қийнайди. Тумовга вақтида чора кўрилмаса, сурункали шаклига ўтиб кетади.
Асосан совуқ тушганда учрайдиган тумовни юқтиришга қариялар ва ёш болаларда мойиллик кучли бўлади. Бу хасталик ҳамма вақт ҳам совуқдан ёки вируслар оқибатида келиб чиқавермайди. Унинг аллергик турлари ҳам мавжуд. Аллергик тумов бошоқли ўсимликлар гуллаган пайтда учрайди. Тумовнинг тез-тез қайталаши сурункали тумовга сабаб бўлади. Бу касаллик тумов бурун бўшлиғи шиллиқ пардасининг ўсиб, қалин тортиши (гипертрофия) ёки аксинча, унинг юпқалашиб кетиши (атрофия)га олиб келиши мумкин.
Оилада тумов билан оғриган бемор бўлса, дарҳол ундаги вирусларни бошқаларга юқтирмаслик чоралари кўрилиши лозим. Аввало, уни алоҳида хонада ётқизиб, ётоғи тез-тез шамоллатиб турилиши керак. Беморни парвариш қилаётган оила аъзолари дока ниқоб тақиб юришлари шарт. Хона жиҳозларини кунига 2 маротаба нам латта билан артиб туриш, сўнг исириқ тутатиш ҳаводаги микробларни йўқотишда қўл келади. Бетоб кишининг ҳарорати кўтарилгудек бўлса, унга лимон, малина солинган иссиқ чой, иложи борича кўпроқ дамламалар, компот каби суюқликлар бериш тавсия этилади. Енгил ҳазм бўладиган ва оқсилга бой овқатлар, творог, сабзавот ва ҳўл меваларни истеъмол қилиш фойдали. Витаминларга бой маҳсулотлар кишида бундай касалликларга қарши иммунитетни ҳам шакллантиради.
Тумов грипп, дифтерия ёки қизамиқ каби юқумли касалликларнинг белгиси ҳам бўлиши мумкин. Шу боис бу хасталик ҳарорат кўтарилиши билан кечса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Албатта, касални даволагандан кўра олдини олган афзал. Шу боис организмни жисмоний машғулотлар билан доимо чиниқтириб бориш лозим. Ай-ниқса, юқори нафас йўллари касалликларини ўз вақтида, тўлиқ даволаш керак. Чунки бу касалликнинг асоратлари оғир ўтиши мумкин. Энг муҳими, эрталаб ва кечқурун ҳавонинг кескин совишини эътиборга олган ҳолда куз-қиш фаслларида иссиқ кийиниш даркор.
Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |   :
13 октябрь 2014,   кўрилган: 9964

Уй шароитида юзни оқартиришЮз терисини қуёш, шамол ва совуқ таъсиридан асраш учун юзга тухум оқини суртиш лозим. Ушбу муолажа узоғи билан 10 дақиқа давом этади.
Баргизуб (зубтурум) ҳам юзни оқартириш хусусиятига эга. У яраларни тез битишига ёрдам беради.
Бунинг учун зубтурумнинг янги чиққан, йирик баргларидан олиб, худди ўсма каби қўлда сиқилади ва суви юзга суртилади.
Офтоб тиғида қорайган юз терисини илиқ сут билан артиш ҳам анча фойдалидир. Бунда нафақат тери озиқланади, балки юзингиз аъло даражада оқаради. Умуман олганда, сут маҳсулотлари – творог, сузма, қатиқ ҳам юз терисини озиқлантириб, таранглаштиради.
Юзнинг тиниқ бўлиши учун бақлажон суви билан артиш ҳам фойдалидир. Бундан ташқари, лимон суви кунора суртилса, юзни силлиқ қилади.
Юз терисини оқартирувчи ниқоблар:
50 грамм асалга 5 томчи лимон шарбати қўшиб аралаштирилади. Тайёр бўлган аралашма эрталаб юзга суртилади ва 15 дақиқадан сўнг ювиб ташланади. Ушбу ниқоб юзни табиий равишда оқаришини таъминлайди.
***
Бир дона лимонни сиқиб, сувига 100 грамм асал қўшасиз. Уни музхонада сақлаб, ҳар куни эрталаб юз ювишдан олдин 10-30 дақиқа юзингизга суртиб қўйсангиз, ажинлар тушишининг олдини олади.
Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |   :
08 октябрь 2014,   кўрилган: 2538

Боланинг хотирасини яхшилайдиган маҳсулотларМактаб ўқувчиларининг тўғри овқатланиши уларнинг мия фаолиятига ижобий таъсир этади. Баъзи болалар дарс давомида фаол бўлсалар, айримлари эса мадорсиз бўлиб, салга чарчаб қолишади. Болаларнинг ақ¬лий ва жисмоний фаоллиги уларнинг овқатланиш рационига боғлиқ. Маълумки, бош мия қуруқ массасининг 40% га яқини оқсилларга тўғри келади. Оқсиллар эса аминокислоталардан ташкил топади. Олимлар инсон мияси тўқималаридаги аминокислоталарнинг умумий миқдори уларнинг қондаги миқдоридан 8 марта кўп бўлишини аниқлашган. Бош миядаги оқсиллар фаол тарзда янгиланиб туради.
Фаол ўқиш давридаги болаларнинг озуқаси оқсил моддаларга бой бўлиши зарур. Ҳайвон маҳсулотларидаги оқсиллар ўсимликлардаги оқсилларга қараганда инсон организми томонидан яхшироқ ва тезроқ ўзлаштирилади.

Липидлар (ёғлар) зарар эмасми?
Миядаги моддалар алмашинувида липидлар (ёғлар) алоҳида ўринни эгаллайди. Уларга фосфолипидлар, холестерин, цереброзидлар киради. Липидлар бош мия қуруқ массасининг деярли ярмини ташкил этади. Липидлар алмашинуви унча тез юз бермайди, улар жуда секин янгиланади. Холестерин болага зарар эмасми? Йўқ, у организмга болаликда жуда керак бўлади, бироқ одам кексайганида, унинг томирларини шикастлантиради.

Тавсия
Шу боис, болангизни мактабга кузатишдан олдин, албатта, унга нонушта тайёрлаб беринг. Унга гўшт, балиқ, пишлоқ, творог, сут ёки тухум кириши лозим. Миқдори: 1-3 ёшдаги болалар суткасига — 55 гр, 4-6 ёшдаги болалар — 72 гр, 7-9 ёшдаги болалар — 89 гр, 10-12 ёшдаги болалар — 100 гр, 13-15 ёшдаги болалар — 106 гр оқсил олиши зарур.
Тавсия
Унда нима қилиш керак? Бола ёғли овқат истеъмол қилиши лозимми? Ҳа, аммо у организмга оқсилга қараганда жуда кам миқдорда зарур бўлади. Масалан, 1:5 нисбатда. А ва Д витаминларига бой сариёғ ҳам кичик ва ўрта синф ўқувчилари учун кони фойда.
Углеводлар
кўпайиб кетмасин!
Глюкоза мия тўқимаси нафас олишининг асосий манбаи ҳисобланади: мия томонидан утилизация қилинадиган глюкозанинг 90% дан ортиғи карбонат ангидрид гази ва сувга оксидланади. Мана шу нарса нафас олиш жараёни ҳисобланади, унда албатта, кислород ҳам иштирок этади. Бош мия қобиғи ва кичикмия ҳужайралари кислородни жуда жадал сарфлайди.
Тавсия
Хўш, болалар миясининг нафас олиш манбаидан маҳрум қилишимиз мумкинми? Йўқ, албатта. Шунинг учун ҳар бир кишининг таомномасида, айниқса ўқувчиларда, етарли даражада углеводлар бўлиши керак. Уларнинг парчаланишидан ҳосил бўладиган якуний маҳсулот- глюкоза ҳисобланади. Нон, бўтқалар, макарон маҳсулотлари, мевалар, сабзавотлар — буларнинг барчаси углеводли маҳсулотлардир. Болани ширинликдан ҳам маҳрум этманг. Ўқувчи учун яхши шоколад плиткаси фойдали. Аммо булар оқилона меъёрда бўлиши керак.

Мевалар, сабзавотлар, кўкатлар ҳамда гўшт витамин ва микроэлементларга бой. Гўштда миянинг жадал ишлаши учун зарур бўлган деярли барча моддалар мавжуд.

Овқатланиш тартиби
Тўлақонли нонушта албатта, бўлиши керак. Агар машғулотлар 5 соат ва ундан кўп давом этса, болангизга бирор егулик бериб юборинг. Тамадди қилиб олиш учун углеводли озуқа жуда қулай: у организм томонидан тез ўзлаштирилади ва мия фаолиятини оширади.
Тушлик ҳам тўлақонли — барча фойдали моддаларга бой, тўйимли бўлиши зарур.
Ўқувчилар учун енгил иккинчи тушликни ташкил қилган маъқул. Бу сут-қатиқ маҳсулотлари, конфет ёки пряник билан чой ичиш мумкин.
Кечки овқат ҳам худди нонушта каби муҳим. Кўпчилик болалар кечки овқатни қилмасдан ухлаб қолади, бу эса нотўғри.

Мия учун фойдали неъматлар
Олимларнинг сўнгги тадқиқотларига кўра, мияни озиқлантириш жараёнларида ўрмон мевалари — қулупнай, малина, клюква, черника, ер тути, маймунжон муҳим роль ўйнайди. Мактабга боришдан олдин фарзандингизни ёқимли, витаминли шарбат билан сийлашингиз мумкин.
- Сабзавотлар орасида карам ва лавлаги афзалроқ. Карамда аминокислоталар, лавлагида эса антиоксидантлар мавжуд. Организмдаги микроэлементлар захирасини тўлдириш учун ёнғоқ ва писта ҳам жуда мос келади.
- Балиқ, айниқса лосось мия учун ноёб маҳсулот ҳисобланади. Балиқ таркибидаги енгил ўзлаштириладиган оқсиллар, Омега ёғли кислоталари шаклидаги ёғлар, фосфор, йод моддалари ва мия фаолияти учун зарур бўлган бошқа микроэлементлар мавжуд. Шу боис ҳафтасига бир марта балиқ кунини тайинлаш фарзандларингизнинг аъло баҳога ўқишининг кафолати ҳисобланади. Шунингдек, қизил ва қора икра ҳам фойдали.
- Узум ва майиз ҳам мияга ажойиб озуқа бўлади.
- Тухум сариғи таркибида хотирани яхшилайдиган холин элементи мавжуд. Ўқувчига тушликка қовурилган тухум ёки нон орасига омлет қилиб бериш мумкин.
- Ерёнғоқ ёғи миядаги асаб мембраналарини ҳимоя қилувчи антиоксидант — Е витамини манбаи ҳисобланади. Нонуштага ерёнғоқ ёғини нонга суриб ейиш лозим.
- Сули - бу бола учун энг яхши нонуштадир, чунки унинг таркибида Е, В витаминлари, калий ва рух моддалари мавжуд.
- Дуккаклилар: ловия, нўхат, нут, ясмиқ дони (чечевица) таркибида протеин, мураккаб углеводлар, бириктирувчи тўқималар, витаминлар ва минераллар кўп бўлгани боис, улар жуда фойдали.
- Сут маҳсулотлари протеин ва В гуруҳи витаминларига жуда бой. Ушбу моддалар мия тўқимасининг ўсиши, нейротрансмиттерлар ва энзимлар ҳосил бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Болаларга нонуштага ширин бўлмаган йогурт, ёғсиз сметана, сут, ряженка ва ёғсиз қатиқ харид қилинг.

Фарзандингизнинг сифатли овқатланишига эътибор қаратинг. Шунда дилбандингиз ҳам аъло баҳолари билан сизни хурсанд этади! Ақлли ва соғлом болалардан эса ҳақиқий истеъдодлар етишиб чиқади.
Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |   :
27 сентябрь 2014,   кўрилган: 1815


Жигар — бизни зарарли моддалардан ҳимоя қилиш учун чарчоқ нималигини билмай "меҳнат қиладиган” ўзига хос фильтрдир.
Спиртли ичимликлар, ёғли овқат, озиқ-овқат маҳсулотларидаги кимёвий қўшимчалар, дорилар буларнинг барчаси жигаримизнинг душмани. Бахтимизга, унинг дўстлари ҳам кам эмас! Масалан, қовоқ. Унда Т витамини кўп бўлиб, у оғир овқатнинг ҳазм бўлишига ёрдам беради ва бу билан жигарнинг ишини енгиллаштиради. Шунингдек, туршакнинг ҳам жигар фаолиятини яхшилашда фойдаси кўп. Яқинда мутахассислар туршакни мунтазам равишда истеъмол қилиш жигар саратони пайдо бўлиши хавфини камайтиришини аниқлади. Зайтун ёғи эса таркибида Е витамини кўп бўлган асосий антиоксидант. У организмни эркин радикаллар, яъни қуёш нури, сигарета тутуни, ифлосланган ҳаво ва радиация туфайли ҳосил бўладиган моддалар таъсиридан ҳимоя қилади (телеграмм).

"Do‘stlik bayrog‘i” газетасидан
Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   Navoiymed2023  |   :