Қидириш   

» » Соғлом авлод вояга етишида муҳим омил.

Соғлом авлод вояга етишида муҳим омил.
22 октябрь 2014,   кўрилган: 1456

Соғлом авлод вояга етишида муҳим омил.Инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланишида йод зарур микроэлемент ҳисобланади. Бу моддани организм ҳар куни қабул қилиб бориши зарур. Чунки йод организмда синтез қилинмайди, узоқ ва захира ҳолида ҳам сақланиб турмайди.
Йод танқислиги касаллиги организмда йод етишмаслиги сабабли юзага келади ва қалқонсимон без хасталаниши орқали намоён бўлади. Йод танқислигининг асосий белгилари — бу бўйинда шиш пайдо бўлиши, нафас сиқиши, ҳолсизлик ва хотиранинг сусайишидир.
Бу касаллик келиб чиқишига тупроқ қатлами, сув, ўсимликлар, озиқ-овқатларда йод кимёвий элементининг кам миқдорда бўлиши, баъзи ички сурункали касалликлар, фермент етишмовчилиги, экология ҳам сабаб бўлиши мумкин. Йод танқислиги касалликлари профилактикасида оммавий усул сифатида бирмунча қулай ва арзон, хавфсиз йўл танланган. Бу овқат билан йодланган ош тузидан истеъмол қилишдир. Чунки туздан ҳар куни фойдаланилади. Йодланган ош тузи республикамизнинг бир қатор вилоятларида ишлаб чиқарилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, йодга бўлган бир кунлик эҳтиёж янги туғилган чақалоқлар ва 2 ёшгача бўлган болалар учун 50 мкг, 2-6 ёшли болалар учун 90 мкг, 7-12 ёшли болалар учун 120 мкг, 12 ёшдан катта болалар учун 150 мкг, ҳомиладор аёл ва эмизакли оналар учун 200 мкг.ни ташкил килади.
Йоднинг табиий манбаи — бу балиқлар ва денгиз маҳсулотларидир. Йод танқислиги ҳолатининг олдини олиш учун, аввало, бу моддани организм ҳар куни қабул қилиб туриши керак. Бир қошиқ, яъни 5 грамм йодланган ош тузи катталарнинг йодга бўлган бир кунлик эҳтиёжини қоплайди. Янги туғилган чақалоқлар учун йод манбаи она сутидир.
Озиқ-овқат дўконларидан факат йодланган ош тузи, яъни ишлаб чиқариш жараёнида йод билан бойитилган ош тузидан харид қилиш, аҳоли саломатлиги учун муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада жойлардаги савдо нуқталарида, овқатланиш ва таълим муассасаларидаги ошхоналарда истеъмолдаги ош тузи мунтазам таҳлил этилиши талаб этилади. Албатта, шу билан бир қаторда жойларда йод танқислигининг олдини олиш бўйича кенг тарғибот ишларини олиб боришимиз, айниқса, уй бекалари ва бўлажак оналарда бу тушунчаларни шакллантиришимиз соғлом авлод вояга етишишида муҳим қадам бўлади.

Манба: turkistonpress.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |