Қидириш   

Ҳаракат – Яшариш манбаи
20 декабрь 2014,   кўрилган: 1436

Ҳаракат – Яшариш манбаиЖисмоний ҳаракат инсон танасидаги турли аъзо ва тизимларнинг ҳаётий фаоллигини меъёрлаштириб, бир йўлга солади. Миокард қисқарувчанлигини оширади, коронар қон айланишининг яхшиланиши капилляр қон томирларининг кенгайиши билан кечади, ўпка вентиляцияси ошади, кичик қон доирасида қон айланишини яхшилайди, кўкрак қафаси ҳаракатларини меъёрлаштиради, меъда-ичак ҳаракатини яхшилайди, мушак тизимини боғловчи аппарат, бўғимлардаги ҳаракатларни меъёрлаштириб, иш қобилиятини узоқ муддатга сақлайди. Гормонал фоннинг жисмоний ҳаракатларга таъсири жуда катта. Улар таъсирида ички секреция безларининг фаолияти ошиб, инсон танаси ёшаради.
Япон олимларининг аниқлашларича, организмнинг меъёрий фаол ҳолати ва соғлигини сақлаш учун одам кунига 10.000 қадам юриши лозим экан. Бу ўрта ҳисобда 6-7 километрни ташкил этади. Узоқ йиллар давомида жисмоний меҳнат одамларнинг қўл кучи ёрдамида бажарилган. ХХ асрдан бошлаб, кишиларда ҳаракат фаоллиги камая борди. Маълум меъёрдаги ҳаракатсизлик эса инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсата бошлади.
Соғлом бўлиш, узоқ умр кўриш кўп жиҳатдан инсоннинг ўзига боғлиқ. Тиббиёт илмининг даҳоси Абу Али ибн Сино узоқ яшаш хусусида фикр юритиб, феъл-атворнинг юмшоқ, вазмин бўлиши, ўз вақтида овқатланиш, озода юриш ва танани ортиқча нарсалардан тозалаб туриш, ҳар ойда сауна, ҳафтада ҳаммомга тушиш қоидасига амал қилиш, қадди-қоматни тўғри тутиш, бурун орқали нафас олиш, кийимнинг танага мослиги, жисмоний ва руҳий ҳаракатларнинг бир-бирига уйғунлиги, тўйиб ухлаш, ўзини тетик тутишга алоҳида эътибор беришни уқтирган эди. Буюк табибнинг бундан минг йиллар олдин айтган фикрлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Инсон соғлиғи унинг кафти ва оёқ ости билан боғлиқ. Ибн Синонинг ёзишича, инсон ички аъзоларининг ойнаси, бу – кафт ва оёқ остидир. Япон олимлари бармоқлар ички аъзолар ва бош мия билан боғлиқлигини исботлаб беришган. Мутахассислар тавсияси бўйича, ҳар куни бармоқларингизни чиниқтириб турсангиз, кўпгина аъзоларнинг соғайиши ва мустаҳкамланиши кузатилади:
– бош бармоқ мия фаолиятини яхшилаб, иродани мустаҳкамлайди;
– кўрсаткич бармоқ ошқозон ишини яхшилаб, овқат ҳазм қилишни тезлаштиради;
– ўрта бармоқ юқори қон босимини тушириб, ичак фаолиятини яхшилайди;
– номсиз бармоқ жигар фаолиятини оширади;
– жимжилоқ эса юрак фаолиятини яхшилаш билан бирга руҳий зўриқишнинг олдини олади.
Бармоқларни чиниқтириш қуйидаги усулда амалга оширилади: чап қўл бош бармоғингиз бўғинларини ўнг қўлнинг бош ва кўрсаткич бармоқлари билан 5-7 дақиқа босиб, чўзиб тортилади. Аввал бош бармоқдаги учта жуфт нуқталар орқа томони ва кафт томонидан босиб чиқилади. Кейин чап қўлингиз билан ўнг қўл бармоқлари босиб чиқилади. Бу машқни кунига 1-2 марта бажариш керак.
Одам яланг оёқ юрганда (тупроқли йўлда) оёқ остидаги нуқталарга ердаги тошлар қадалиб, интенсив уқаланади. Ер ва одам организми ўртасида зарядлар алмашинуви юзага келиб, организмга маълум даражада шифобахш таъсир кўрсатади ва ҳимоя функциясини оширади. Бунинг учун:
– ялангоёқ (тупроқли йўлда) 45 дақиқа юриш;
– оёқни совуқ сувда ювиш;
– оёқ қуригандан кейин пайпоқ кийиб, оёқ исигунча юриш лозим.
Қишда оёқни иссиқ тутиб, кўп юриш, ёзда эса тупроқли йўлда ялангоёқ юришнинг фойдаси катта.
Инсон ҳаётида ҳаракатнинг аҳамияти жуда катта. Серҳаракат кишилар ҳар доим соғлом ва бақувват бўладилар. Кўпроқ пиёда юришга ҳаракат қилинг, енгил жисмоний меҳнат билан шуғулланинг. Ухлашдан олдин тоза ҳавода камида 30 дақиқа сайр қилишни унутманг. Илиқ сувли ванна қабул қилиб, яхши шамоллатилган хонада 7-8 соат давомида ухланг. Шунда танангиз билан бирга руҳингиз ҳам ором олади. Умрингиз узайиб, эрта қариш ғамидан осонгина қутуласиз.

Манба: tib.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |