Қидириш   

» » Аритмия "ҳилпироқ" ҳақида ҳамма нарса

Аритмия "ҳилпироқ" ҳақида ҳамма нарса
15 январь 2015,   кўрилган: 1674

Аритмия  "ҳилпироқ" ҳақида ҳамма нарсаҲилпироқ аритмия – бу юрак аритмияларидан бири ҳисобланади. Аритмия сўзи юнонча аритмос (а – йўқ, ритмос – маром) сўзидан олинган бўлиб, барча юрак мароми бузилишлари учун умумий атама ҳисобланади. Аритмия билан тиббиётнинг кардиология соҳаси кенг шуғулланади. Ушбу мақолада биз ҳилпироқ аритмияга кенгроқ тўхталишни ният қилдик. Ҳилпироқ аритмия – юракнинг тез ва тартибсиз ўриши бўлиб, қон айланишининг бузилиши ва бошқа турли асоратларга сабаб бўлади.
Нега энди “ҳилпироқ аритмия”?
Ушбу турдаги аритмияга бундай бадиий ном берилиши бежиз эмас. Ҳилпироқ аритмияда юракнинг бўлмачалари бир бутун бўлиб ҳаракат қилмай, балки тартибсиз, майда бўлакларга бўлинган ҳолда, худди байроқнинг ҳилпираши каби ҳаракат қилади. Бундай ҳилпирашлар сони дақиқасига 400-700 марта бўлади. Ҳозирги кунга келиб олимлар бу атамани қайта кўриб чиққан ҳолда, унга “бўлмачалар фибрилляцияси” дея ном берганлар, аммо эски атама қўлланса ҳам хато бўлмайди.
Қандай турлари мавжуд?
Хуружларининг давомийлиги, унинг бошланиши ва тугашига кўра, ҳилпироқ аритмия қуйидаги турлари мавжуд:
— пароксизмал, яъни хуружсимон – бир маромда уриб турган юракда қўққисдан, хилпироқ аритмия хуружи бошланади, орадан маълум бир вақт ўтгач, хуруж ўз-ўзидан ёки шифокор ёрдамида юрак яна бир маромда ура бошлайди. Бундай хуружларнинг давомийлиги бир неча дақиқадан 72 соатгача давом этиши мумкин;
— персистент, яъни сақланиб турувчи – хуруж бир неча суткагача, ва хатто ҳафта, ойгача давом этиши мумкин. Бундай хуружни фақат шифокор бартараф қилиши мумкин;
— доимий ҳилпироқ аритмия – бу турда ҳилпироқ аритмия қачондир бошланган, аммо бемор қачон бошланганини билмаган бўлиши мумкин, бундай ҳилпироқ аритмия бартараф бўлиши эҳтимоллиги жуда кам ва кўп ҳолларда тиббий кўрсатмаларга кўра, уни бартараф қилиш хавфлидир;
— алоҳида турдаги ҳилпироқ аритмия – бу турдаги ҳилпироқ аритмия асосан ёшларда учрайди, юқори хавфга эга эмас, кўп ҳолларда юрак хасталиги бўлмаган инсонларда учрайди.
Ҳилпироқ аритмиянинг сабаблари
Сабабларни шартли равишда 2 турга ажратиш мумкин.
Агар хилпироқ аритмия – юракда юзага келган қандайдир салбий ўзгариш ёки аввалроқ ривожланиб улгурган касаллик таъсирида юзага келса, бу юрак билан боғлиқ сабаблардир.
Демак, юракка боғлиқ сабаблар:
— юракнинг туғма ва орттирилган нуқсонлари;
— хафақон хасталиги;
— юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти;
— юрак мушагининг нимжонлиги билан кечувчи касалликлар – кардиомиопатиялар;
— юрак мушагининг яллиғланиши – миокардитлар;
— юрак халтасининг яллиғланиши – перикардитлар;
— юракда бажариладиган турли жарроҳлик амалиётлари.
Юракка боғлиқ бўлмаган сабаблар:
— ўпка касалликлари (пневмония);
— қалқонсимон без касалликлари;
— спиртли ичимликлар, қаҳвани суистеъмол қилиш;
— заҳарланишлар.
Баъзи одамларда маълум бир омиллардан сўнг, албатта, ҳилпироқ аритмия хуружи юзага келади, буларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
— спиртли ичимликлар (айниқса, қизил шароб) ни “тўйиб” истеъмол қилгандан сўнг;
— қаҳва ва шоколадни истеъмолидан сўнг;
— сигарета чекишдан сўнг;
— ҳаддан ташқари кўп таом истеъмол қилиш.
Бундай омиллардан сўнг юзага келган ҳилпироқ аритмия хуружларини олимлари ҳазиломуз оҳангда “байрамона юрак” деб аташади.
Ҳилпироқ аритмиянинг белгилари:
— юрак уриб кетиши;
— томир уришининг турлича ва бетартиб бўлиши;
— ҳаво етишмагандай бўлиши;
— бош айланиши;
— умумий ҳолсизлик ва тез чарчаш;
— юрак соҳасида оғриқ ёки нохушликни сезиш;
— ҳушдан кетиш, йўтал, уйқусизлик.
Қандай ташхисланади?
Агар сиз ёки яқинингиз юқоридаги белгиларни ўзида сезса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Энг аввало тез ёрдамга мурожаат қилиш лозим. Тез ёрдам келгунча, одам ўзўзига қуйидагича ёрдам кўрсатиши мумкин:
• кўзлар юмилади ва 10 сония давомида кўз олмалари иккала кўрсаткич бармоқ билан қаттиқроқ, лекин оғритмайдиган даражада босилади. Ушбу амал 1 дақиқада 3 марта бажарилади;
• чуқур нафас олинади ва ушлаб турилади; амал 5 марта такрорланади ва 2-3 дақиқа кутиб турилади, сўнгра яна бажариш мумкин;
• оёқни тизза бўғимида букиб, ўтириб олинади, қоринлар сонга теккан; шу вазиятда чуқур нафас олиб сўнг, кучаниқ бажарилади;
• бош совуқ сувга ботирилади.
Муолажалар ёрдам бермаган ҳолларда тез тиббий ёрдам келишини кутиш лозим. Хуруж тезда ўтиб кетган бўлса-да, шифокор қабулига бориш лозим.
Қандай даволанади?
Ҳилпироқ аритмия – бу сурункали касаллик бўлиб, даволаш ва доимий кузатувни талаб этади. Ҳилпироқ аритмияни қандай даволашни фақат кардиолог шифокор ҳал қилади. Қулайлик учун даволашнинг икки турини кўрсатиб ўтамиз:
— дори воситалари билан даволаш;
— жарроҳлик усули билан даволаш.
Дори воситалари билан даволаш – хуружни бартараф қилиш, ҳилпироқ аритмиянинг асоратларини олдини олиш ёки уларни даволашга қаратилган.
Жарроҳлик усули билан даволаш, одам танасида ҳеч қандай катта кесимлар қилинмайди, наркоз берилмайди, бемор оғриқни сезмайди. Ҳозирги кунда олимлар томонидан бир неча амалиёт турлари таклиф этилган бўлиб, уларга катетер абляцияси, лабиринт амалиётини киритиш мумкин. Ўзбекистон шароитида ҳозирча фақат катетер абляцияси бажарилмоқда.
Асоратлари қандай?
Юракнинг бетартиб ва тез қисқариш натижасида бўлмачалар деворида аста-секинлик билан қон қуйқалари шаклланиб боради. Қон қуйқалари – яъни, тромблар жуда хавфли бўлиб, уларнинг кўчиши натижасида улар қон оқими бўйлаб, бирон томирга бориб тиқилиши мумкин. Бунинг натижасида, ўша томир қайси аъзони қон билан таъминлайдиган бўлса, ўша аъзо фаолиятининг кескин бузилиши ва ҳатто ўлим юза келиши мумкин. Хусусан, тромблар мия томирларига тиқилганда, бош мияда ўткир қон айланиш бузилиши – инсульт юзага келиши мумкин. Шу асоратни олдини олиш мақсадида шифокор қонни суюлтирувчи дори воситаларини буюриши мумкин. Юракнинг бетартиб қисқариши – одамда борган сари юрак етишмовчилиги шаклланишига сабаб бўлади. Юрак етишмовчилиги – бу юрак мушагининг етарли қисқармаслиги, ҳолсизлиги натижасида ўз ишини тўла-тўкис бажаролмаслигидир. Юрак етишмовчилиги сурункали касаллик бўлиб, қоннинг танада яхши ҳайдалмаслиги билан ифодаланади.

Сўнгсўз ўрнида: биз уч кишимиз – шифокор, бемор ва касаллик. Бемор қайси тарафда бўлса, ўша тараф ютади.

Манба: tib.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |