Қидириш   

Ислоҳотлар самараси
03 март 2015,   кўрилган: 1026

Ислоҳотлар самарасиБаҳор байрамлари – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ва Наврўзи олам ўлкамизга ташриф буюриши арафасида Навоий вилояти халқи, жумладан соғлиқни сақлаш ходимлари яна бир тарихий воқеага гувоҳ бўлдилар. Кўп йиллардан буён мураккаб шароитда, яъни эски биноларда фаолият кўрсатиб келаётган вилоят ўсма касалликлари диспансери шинам, замонавий услубда барпо этилган, барча қулайликларга эга янги бинода фаолият бошлади.
Инвестиция дастури асосида 6 миллиард 352 миллион сўм маблағ эвазига бунёд бўлган ушбу бинонинг бир йил муқаддам 10 ўринли радиология бўлими, қисқа фурсатда 60 ўринли стационар, 50 ўринли поликлиника бўлими қуриб битказилди. Бунда “151-қурилиш-монтаж поезди” масъулияти чекланган жамияти қўли гул қурувчиларининг хизмати беқиёс катта бўлди. Хитой гранти ва гуманитар маблағлар ҳисобидан 16 турдаги 78 миллион 941 минг сўмлик, маҳаллий бюджет томонидан 28 миллион 566 минг сўмлик тиббий ускуналар, жиҳозлар билан таъминланди.
-Онкология касалликлари Жаҳон миқёсида ҳам ўта хавфли касалликлар сирасида қайд этилган. Шу боис ҳам Республикамизда бу касалликларнинг олдини олиш, самарали даволаш борасида қатъий иш олиб борилмоқда, - дейди Республика Онкология илмий маркази директори, тиббиёт фанлар доктори, профессор Саримбек Наврўзович Наврўзов бинонинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда. – Кейинги йилларда 14 та вилоят марказида ана шундай иншоотлар барпо этилиши, шундан Жиззах, Сирдарё, Навоий вилоятларида янгидан қурилиши, тўлиқ жиҳозлари билан фойдаланишга топширилиши фикримнинг ёрқин далилидир. Навоийликлар даво истаб Республикамиз марказига ёки қўшни вилоятларга ортиқча сарф-харажатлар қилиб, сарсон-саргардон юрмасликларига имкон қолдирмаслик мақсадида қисқа фурсатда 1 миллион 672 минг 833 АҚШ доллари миқдорида компьютер томограф, масофадан туриб нурлантириш учун гамма-терапия аппарати, дуоденофиброскоп, колонофиброскоп, бронхофиброскоп ва коогулятор сингари тиббиёт аппаратуралари келтирилади. Яна вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 94 миллион 651 минг сўм ажратилгани нур устига нур.
Шунга эътибор берингки, ўсма касалликларини даволашда етарли имкониятлар мавжуд. Бугунги кунда агар 100 нафар бемор ҳисобида оладиган бўлсак унинг 85 нафари даволаниб, соғлом бўлишига ишончли асослар бор. Бу борада шифокорда билим, тажриба, инсонийлик, интилувчанлик хислатлари мужассам бўлиши ўта муҳимдир.
Бинонинг очилиши маросимида вилоят ҳокими ўринбосари У. Раззоқов, шаҳар ҳокими Н. Аҳадов иштирок этди ва йиғилганларни ана шундай кўркам кошона ва келаётган баҳор байрамлари билан қутлашди.
Дарҳақиқат, халқимиз саломатлигини кўз қорчиғидек асраш, соғлом ва баркамол авлодларни камол топтириш йўлида яратилган шарт-шароитларнинг, ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаси ва кўрсатилаётган улкан ғамхўрликларнинг ёрқин тантанаси бу.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |