Қидириш   

» » Заҳарли қўзиқориндан сақланинг!

Заҳарли қўзиқориндан сақланинг!
0 30 апрель 2015,   кўрилган: 1460

Заҳарли қўзиқориндан сақланинг!Баҳор фаслида об-ҳавонинг нам келиши, ёғингарчилик мўл-кўл бўлиши туфайли замбуруғлар ўсиб, ривожланиши учун қулай шароит вужудга келади. Бу фаслда кўплаб замбуруғлар пайдо бўлади ва ўсиб, кўпаяди.
Ер юзида замбуруғларнинг юз мингдан ортиқ ботаник турлари мавжуд бўлиб, улардан 200 туригина истеъмол қилиш учун яроқлидир.
Ўзбекистон ҳудудида замбуруғларнинг 300 зиёд тури мавжуд. Бироқ шулардан 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади. Бу истеъмол учун яроқли бўлган замбуруғ турларини маҳаллий аҳоли қўзиқорин деб атайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг ҳар қайси вилоятида, ҳар бир туманида қўзиқориннинг фақат айрим, муайян турларигина терилиб, улардан турли хилда тансиқ таомлар тайёрланади. Бу истеъмол учун яроқли қўзиқоринлар маъданли моддалар, оқсил ҳамда «С» ва «В» гуруҳларига мансуб витаминларга жуда бойдир.
Бироқ республикамиз ҳудудида ўсадиган қўзиқоринларнинг 275 дан зиёд ботаник турлари заҳарли ҳисобланади. Уларни умуман истеъмол қилиб бўлмайди. Бундай қўзиқорин турларини маҳаллий аҳоли ўз ибораси билан заҳарли ўсимлик – «қурбақанинг салласи» деб атайди.
Бу турларга мансуб қўзиқоринлар таркибида гельвелли кислотаси, фаллотоксин, аммонитотоксин ва бошқа заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, уларга қанчалик ишлов берилмасин, таркибидаги заҳарли моддалар йўқолиб кетмайди. Улар қиздиришга жуда ҳам турғун, қайнатилганда зарарсизланмайди, оксиген таъсирида оксидланмайди ва ошқозон-ичак ферментлари таъсирида парчаланмайди. Оқибатда истеъмол қилган кишиларни заҳарланишга дучор қилади. Шундай ўткир заҳарли қўзиқорин турларидан бири «лепиота» деб аталади. У Тошкент шаҳри ҳудудидаги боғларда, қабристонларда, сайҳон жойларда, дарахтлар теварагида ва бошқа жойларда ҳам учраб туради. «лепиота» барча қўзиқоринларга ўхшаб соябон шаклида ўсади, уни истеъмол қилган киши қаттиқ заҳарланади.
Республикамизнинг баъзи жамоа ва ширкат хўжаликларига махсус иссиқхоналарда истеъмол учун яроқли бўлган «вешенка» ва «шампиньон» қўзиқорин турларини етиштириш ва савдо қилиш учун рухсат берилган. Бу хўжалик ва ширкатларда етиштирилаётган қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган консерва маҳсулотлари санитария-эпидемиология хизмати лабораторияларида таҳлил қилиниб, улар инсон соғлиги учун зарарсиз бўлган тақдирда ҳар бир маҳсулот учун гигиеник сертификат берилади. Ана шундай гигиеник сертификатга эга бўлган қўзиқорин ва ундан тайёрланган маҳсулотларни савдо шахобчаларидан харид қилиш ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Заҳарли қўзиқоринни билмай истеъмол қилган кишилар 6-12 соат вақт ўтганидан сўнг кўнгли айнаб, тез-тез қайт қилади. Ошқозон-ичак фаолияти бузилиб, қоринда оғриқ пайдо бўлади ва бутун аъзойи бадани бўшашиб кетади.
Қўзиқорин таркибидаги заҳарли моддалар жигар, буйрак, меъда ости бези ва марказий асаб тизими аъзоларини қаттиқ шикастлайди. Қўзиқориндан заҳарланиш аломатлари вужудга келган тақдирда, беморга 5-6 пиёла илиқ намакобли сув ичирилиб, сунъий қайт қилдирилади, унинг меъдаси ювилиши керак. Агар меъда ювилиб, ундаги заҳарли моддалардан халос этилмаса, бу моддалар қонга сўрилади ва заҳарланиш янада оғир кечади. Бу беморларни уй шароитида билар-билмас даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ҳолнинг олдини олиш учун зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Эсингизда бўлсин, заҳарли қўзиқоринлар соғлиғингиз учун ўта хавфлидир.

Манба:tib.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |