Қидириш   

Интернет: нимаси фойдаю...
09 июль 2015,   кўрилган: 1393

Интернет:  нимаси фойдаю...Аллома Абу Наср Форобий «Ҳар кимки илм-ҳикматни ўрганаман деса, уни ёшлигидан бошласин, хушахлоқ ва одобли бўлсин, ёмон ишлардан сақлансин, хиёнат ва макр-ҳийладан узоқ бўлсин», дейди.

Бу келажак авлод вакилларининг руҳ ва тана саломатлиги, оппоқ хаёлот дунёси, бокира орзуларига зиён етмаслиги лозимлигини англатади. Шундагина унинг келажаги порлоқ, истиқболи юксак бўлади.

Глобаллашув даврида интернет тармоғи ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳасига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ёшлар янги технологияларга тезда мослашиб бормоқда. Бугун «ўргимчак тўри» орқали зарур маълумотларни олиш, дўстлар билан мулоқот қилиш, энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш, харидни амалга ошириш каби кўплаб жараёнларни бажаришимиз мумкин. Аммо бир яхшининг бир ёмони бўлганидек, интернетнинг ҳам зарарли хусусиятлари бисёр. Бу, айниқса, навниҳол ўсмирлар учун хавфлидир.

Мутахассисларнинг фикрича, интернет олами борган сари хавфли ҳудудга айланиб бормоқда. Унинг даражаси сичқонча тугмасини атиги икки марта босиш орқали ҳаёсизликни тарғиб қилувчи сайтларга кириш, ножўя таъсирларга қарам бўлиш, турли ўйинларда бевосита иштирок этиш, маблағларни сарфлашда намоён бўлаётир.

Бугун ёшларни, айниқса, мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини интернетдан ҳимоя қилиш масаласи кўпчилик ота-оналарни хавотирга солмоқда. Аммо улар бу жараёнда фарзандларига қандай муносабатда бўлишмоқда? Уларнинг кучли назорати қай даражада ўзини оқламоқда?

Мутахассислар ёшларни интернетдан ҳимоялашнинг яхши усули кучли таълим-тарбия асосида ёш авлоднинг соҳага оид саводхонлигини ошириш, мафкуравий иммунитетни шакллантириш эканлигини таъкидламоқда. Назоратнинг кучлилиги ва тақиқлар эса гоҳида фарзандларимизнинг бунга янада чуқурроқ шўнғишига олиб келмоқда.

...Сув ҳавзасида чўмилишни ёқтирадиган фарзандига ота унинг чуқурлиги, оқими, хавфли жиҳатлари ҳақида айтиб, эҳтиёт чораларини кўриш лозимлигини таъкидлашни унутмайди. Фарзандининг «Ҳавза нега чуқур? Нега оқим тез? Нима қилсам, ҳаётим хавфда қолмайди?» каби саволларига эринмасдан жавоб беради. Тушунтиради ва натижага эришади.

«Ўргимчак тўри»нинг ҳам болалар ҳаётига кўрсатадиган таъсири, фойдаю зарарли томонларини шу каби қиёслар орқали бола онгига етказиш муҳимдир. Чуқур ҳавзани чегаралаш мумкин, буни бола яхши англайди. Шу боис интернетнинг нечоғли чуқур ва даҳшатли оқим эканини уларга тушунтириш яхши самара беради.

Воиз ал-Кошифийнинг «Имкон борича болага яхши таълим-тарбия беришга интилиш лозим, токи у ижобий хусусиятларни ўзлаштирсин ва ярамас ҳаракатлардан ўзини муҳофаза қилсин», деган ибратли сўзлари ана шу жиҳатларни англатади.

Маълумотларга кўра, болаларнинг 38 фоизи зўравонлик руҳидаги сайтларни, 26 фоизи миллатчилик характеридаги сайтларни мунтазам кузатиб боради. Кўплаб сайтларда ахлоқсизлик, зўравонлик, миллатлараро ва диний ихтилофларни, наркотик воситалар ва спиртли маҳсулотларни истеъмол қилиш тарғиб этилмоқда.

– Бундан бир неча йил олдин бўлган бир воқеа ҳаммамизга сабоқ бўлган эди, – дейди Юнусобод туманидаги Янги ҳаёт маҳалласи оқсоқоли Ваҳобжон Эргашев. – Айни ёз вақти, болалар таътилда. Маҳалламиздаги ўн бир ёшли бола кун бўйи уйда қаровсиз қолгани боис, аввал уйдаги компьютерда оддий ўйинлар ўйнаб, сўнгра интернет орқали ёшига мос бўлмаган турли сайтларга кириб, онги заҳарланади. Кўча-кўйда тенгдошларига таҳдид қилиб, уларга тиғли анжомларни кўрсатиб қўрқитади. Буни эшитганимиздан сўнг ота-онаси ва фарзандига тушунтириш ишларини олиб бордик ва болани бу йўлдан қайтаришга эришдик. Аммо бу хавф-хатарнинг бутунлай олди олинди дегани эмас.
Шу ўринда халқимизнинг «Доно одам дардига малҳам қидиргандан кўра, касалликни ўзига йўлатмайди», деган ҳикматини эслаш ўринлидир.

Айни вақтда болалар учун ҳордиқ чиқариш, жангари фильмлар кўриш, тажовузкор ўйинлар ўйналадиган компьютер хоналари, интернет клублари фаолиятини тартибга солиш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. 2010 йилда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган кундузги оромгоҳлар ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни турли фан, бадиий ижодиёт, спорт-соғломлаштириш каби тўгаракларга жалб этишга кўмаклашмоқда. Ижодий фестиваллар, кўргазмалар, ижтимоий акциялар, спорт мусобақалари уларнинг салоҳияти ва интилишларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлаётир.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда «Ёзни «Камолот» билан» лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лойиҳа доирасида маҳаллалар, таълим масканлари, оромгоҳларда «Бахтли болалик», «Тилларни ўрганамиз», «Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш», «Огоҳлик дарслари» каби тарғибот тадбирлари, «Одам савдоси – давр муаммоси», «Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш», «Тинчлик, осойишталик учун курашмоқ керак», «Жиноят ва жазо» мавзуларида семинарлар, «Фарзандлик бурчим» лойиҳаси, маданий маърифий тадбирлар ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан тасаввурини шакллантиришга хизмат қилмоқда. «Ёш техниклар», «Ёш рассомлар», «Уй бекаси» каби тўгараклар ўқувчи-ёшларнинг билимларини бойитишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Бу каби тарғибот-тушунтириш ишлари жараёнида ёшларда интернетнинг фойда ва зарарли хусусиятлари, турли иллатларнинг инсон омилига салбий таъсири, китобхонликнинг аҳамияти, миллий қадриятларнинг бардавомлиги каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди «Истиқболли авлод» ёшлар ахборот-маърифат маркази мутахассиси Шоҳида Қосимова. – Бу уларда ахборот маконидан тўғри фойдаланиш маданиятини шакллантириб, ҳаётда ўз муносиб ўрнига эга бўлиш, воқеаларни одилона баҳолай олиш, истиқлолимизнинг қадрига етиш каби тушунчаларни мустаҳкамлайди.

Бу каби саъй-ҳаракатлар соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш, улар онгига вафо-садоқат, ҳаё, меҳр-оқибат, никоҳ, оила, андиша, ота-онага ҳурмат каби тушунчаларни сингдириш, навқирон авлодни мафкуравий хуружлардан асраш, уларга тўғри йўл кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай инсоннинг энг мўътабар орзуси, астойдил интилган асосий мақсади – соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ҳар томонлама комил инсонни вояга етказишдан иборатдир.

Манба: uza.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |