Қидириш   

“ICTExpo – 2015”
18 сентябрь 2015,   кўрилган: 809

“ICTExpo – 2015”“Ўзэкспомарказ”да ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилаётган анъанавий “ICTExpo – 2015” ахборот технологиялари миллий кўргазмаси очилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х.Мирзоҳидов ва бошқалар ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани, жумладан, “Электрон ҳукумат” тизими ривожлантирилаётгани мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш ва ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришнинг муҳим омили эканини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш имконини бермоқда. Бу борада шакллантирилган қонунчилик базаси ишлаб чиқарувчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Бу йил «ICTExpo – 2015» миллий кўргазмаси Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида ҳам ўтказилмоқда. Видеокўприк тарзида ташкил этилган тадбир кўргазмага ташриф буюрувчиларга ҳар икки кўргазма экспонатлари билан танишиш имконини берди.


Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг етакчи корхоналари, дастурий таъминот компаниялари, провайдерлар, АКТ соҳаси учун ускуналар ва замонавий ечимларни етказиб берувчи корхоналар, жумладан, Жанубий Кореянинг жаҳонга машҳур «LG CNS» компанияси, Япониянинг «NEC» корпорацияси ва бошқалар қизиқарли стенд ва бўлимларни намойиш қилмоқда.

Мамлакатимизда CDMA-450 стандартига асосланган мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган миллий мобиль алоқа оператори UZMOBILE стенди ҳам катта таассурот қолдиради. Жорий йил бошида компания GSM стандартида ҳам мобиль алоқа хизматини кўрсатишни йўлга қўйди. Айни пайтда мазкур тармоқни ривожлантириш мақсадида жаҳонга машҳур ишлаб чиқарувчиларнинг энг янги ускуналари ўрнатилмоқда.

Таъкидлаш керакки, жорий йилда «ICTExpo»да ташкил қилинган «Best Soft Uzbekistan» бўлимида мамлакатимиз софтвер индустрияси ва ёш дастурчилар ютуқлари намойиш этилмоқда.

«Nihol» компанияси Ўзбекистон дастурий маҳсулотлар бозорида самарали фаолият юритаётган компаниялардан биридир.

– Мамлакатимизда электрон ҳужжат айланиш тизими жадал ривожланиб бормоқда, – дейди «Nihol» компанияси эксперти Елена Роман. – Бу жараёнга компаниямиз ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Масалан, компания томонидан қонун ижодкорлиги соҳаси учун ишлаб чиқилган электрон ҳужжат айланиш тизими Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига муваффақиятли жорий этилди ва бунинг самарасида қонунларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш бўйича деярли барча босқичлар автоматлаштирилди.

Тошкент ахборот технологиялари университети стендида ёш дастурчиларнинг кенг турдаги ишланмалари намойиш этилмоқда. Университет тадқиқот марказида ишлаб чиқилган Dmax миллий антивируси, “Ақлли қуёш панели” лойиҳаси, “Kafedra.uz” ахборот ресурси, турли интеллектуал ўйинлар ва бошқа янгиликлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиши табиий.

Мамлакатимизда ёш мутахассисларнинг ўз ижодий салоҳиятини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратилган. Тошкент ахборот технологиялари университети магистранти, Dmax антивируси муаллифи Шоҳрух Шарипов ана шу имкониятлардан фойдаланиб, дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган ёшлардан. У яратган дастур барча синовлардан ўтказилган ҳамда шахсий компьютер ва мобиль телефонларда қўллаш мумкин.

Кўргазмада “Электрон ҳукумат” тизимини намойиш этиш учун ҳам алоҳида бўлим ажратилган. Унда давлат хизматларини тақдим этиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, солиқ ва статистика ҳисоботини топширишни автоматлаштириш ва соддалаштириш бўйича мамлакатимизда эришилган ютуқлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолига интерфаол давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш учун ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда қулай шароитлар яратишга қаратилган янги инновацион ечимлар намойиш этилаётир.

Ахборот-коммуникация соҳасида халқаро ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Кўргазманинг фаол иштирокчиларидан бири – Хитойнинг «ZTE Corporation» корпорацияси телекоммуникация ускуналари тизимларини етказиб берадиган йирик корхоналардан биридир. Бугунги кунда корпорация мамлакатимиз компаниялари билан телекоммуникация, саноат, қуёш энергетикаси, соғлиқни сақлаш, транспорт тизими, интеллектуал таълим соҳасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига темир йўлларни автоматлаштириш ва бошқариш имконини берадиган сигнализация ва огоҳлантирувчи замонавий тизимлар етказиб берилаётир. Мазкур технологиялар Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлини барпо этиш жараёнида ҳам қўлланилмоқда.

Хитойнинг «Huawei Technologies» компанияси кўргазма доирасида қатор тадбирлар ўтказди. Хусусан, маълумотлар сақлайдиган янги тизимлар ва янги русумдаги смартфонни тақдим этди. Компания вице-президенти Лин Руи Чининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган соҳалардан биридир. Ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини ривожлантириш қаторида ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртларининг илмий салоҳияти юксалмоқда, жамиятда юқори технологияли маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бораётир. Хайтек соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар тақдим этилган «ICTExpo – 2015» кўргазмасида буларнинг барчаси ёрқин намойиш қилинмоқда.

Кўргазма дастури ранг-баранг бўлиб, таълим семинарлари, тақдимотларни ўз ичига олади. Жумладан, кўргазманинг дастлабки кунида “Gadget Fair” гаджетлар ярмаркаси очилди ва киберфутбол бўйича “Uzbekistan Cyber Games FIFA-15” Ўзбекистон кубоги баҳслари бошланди.

Мухтасар айтганда, мазкур кўргазма кенг жамоатчиликка мамлакатимизнинг ахборот ҳамжамиятини шакллантириш борасида эришаётган муваффақиятлар билан танишиш имконини беради. «ICTExpo – 2015» Ўзбекистонда АКТ бозорини янада ривожлантириш, ахборот-технологиялари соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Манба: uza.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |