Қидириш   

» » Хорижда ишлаб чиқарилган айрим дорилар «асосий дори воситалари рўйхати»дан чиқарилди

Хорижда ишлаб чиқарилган айрим дорилар «асосий дори воситалари рўйхати»дан чиқарилди
25 январь 2016,   кўрилган: 1501

Хорижда ишлаб чиқарилган айрим дорилар «асосий дори воситалари рўйхати»дан чиқарилдиЖаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти барча мамлакатларга дори воситалари борасида умумий ягона давлат сиёсатини юргизишни шакллантириш ва амалга оширишни тавсия этади.

Асосий дори воситалари – соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим эҳтиёжларни қоплаш мақсадида танлаб олинган дори воситаларининг чегараланган рўйхати ҳисобланади.

«Асосий дори воситалари рўйхати» давлат бюджети ҳисобидан стационар беморлар учун дори воситалари харидини амалга оширишда, маҳаллий корхоналар томонидан энг зарур дори воситалари номенклатурасини белгилаш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга асос бўлади.

«Асосий дори воситалари рўйхати»га ташхис ва даволаш стандартларида мавжуд бўлган дори воситалари киритилган. «Асосий дори воситалари рўйхати»га кирмаган дори воситаларини бюджетдан ташқари ёки беморларга ўз ҳисобидан тавсия этилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунининг янги таҳририда Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Асосий дори воситалари рўйхатидаги дори воситаларининг, шунингдек тиббий буюмларнинг мавжуд бўлиши устидан назоратни таъминлаши, икки йилда камида бир марта – Асосий дори воситалари рўйхатини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши» бўйича ваколатлари белгиланган.

Ҳозирги кунда «Асосий дори воситалари рўйхати»да 378 та халқаро патентланмаган ном билан ва доривор ўсимликлар сақловчи асосий дори воситалари рўйхатида 52 та халқаро патентланмаган ном билан 3000 дан ортиқ савдо номидаги дори воситалари ва шундан маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган 217 та (51 фоиздан ортиқ) 700 га яқин савдо номидаги дори воситалари мавжуд.

Асосий дори воситаларнинг рўйхати жорий этилиши дори таъминоти сифатини яхшилаш, уларни харид қилишда бюджет маблағларини тежаш имконни яратади.

Асосий дори воситалари рўйхати 37 фармакотерапевтик гуруҳ ва 101 фармакотерапевтик гуруҳчаларга мансуб 378 халқаро патентланмаган номдаги дори воситаларидан ташкил топган. Улардан рўйхатнинг 45 фоизини ташкил этувчи 168 халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилади.

Вояга етмаганлар учун асосий дори воситалари рўйхати 35 фармакотерапевтик гуруҳ ва 88 фармакотерапевтик гуруҳчаларга мансуб жами 330 халқаро патентланмаган номдаги дори воситаларидан ташкил топган бўлиб, улардан рўйхатнинг 48 фоизини ташкил этувчи ва 15 фармакотерапевтик гуруҳга мансуб 160 халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилади.

Доривор ўсимликлар сақловчи асосий дори воситалари рўйхати 11 фармакотерапевтик гуруҳ ва 23 фармакотерапевтик гуруҳчаларга мансуб жами 52 халқаро патентланмаган номдаги дори воситаларидан ташкил топган бўлиб, улардан рўйхатнинг 94 фоизини ташкил этувчи 49 халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилади.

Аввал рўйхатга киритилган «Асосий дори воситалари рўйхати»дан хорижда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган 36 халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари рўйхатдан чиқарилди.

ЖССТ томонидан биринчи марта 1977 йилда «Асосий дори воситалари рўйхати» тасдиқланган бўлиб ва унинг тавсияси асосида бугунги кунда 193 та мамлакатда «Асосий дори воситалар рўйхати» жорий этилган. Асосий дори воситалари стационар беморлар эҳтиёжини қоплаш мақсадида танлаб олинган дори воситаларининг халқаро патентланмаган номлари бўйича рўйхати ҳисобланади. Турли давлатларда бу рўйхат 350-450 та халқаро патентланмаган номлар бўйича дори воситаларини ўз ичига олади.

Манба: darakchi.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |