Қидириш   

» » “Cаломатлик поезди” Навоий вилоятида

“Cаломатлик поезди” Навоий вилоятида
23 март 2016,   кўрилган: 1186

“Cаломатлик поезди” Навоий вилоятида“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Саломатлик поезди» Навоий вилоятида.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилаётган “Саломатлик поезди” хайрия тадбирлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг чекка, экологик ноқулай ҳудудлари аҳолиси, жумладан, аёллар ва болалар, кам таъминланган оилалар аъзолари, кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.
2015 йилда ташкил этилган шундай тадбирларда 6 мингга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилган. Жойлардаги юздан ортиқ тиббий ва ижтимоий муассасаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, витаминлар, тиббиёт жиҳозлари, санитария ва гигиена воситалари топширилган.
Навоий вилоятига йўл олган навбатдаги “Саломатлик поезди”нинг юқори малакали шифокорлари ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
“Саломатлик поезди” терапевти Хосият Ҳамдамованинг берган маълумотларига кўра, хайрия тадбири давомида аёллар ва болалар замонавий ускуналар ёрдамида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, ташхис қўйилади ҳамда зарур дори воситалари билан таъминланади.
Тиббий-ижтимоий тадбирни ташкил этишга “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Reka med Farm” қўшма корхонаси, “Navro'z PTK” масъулияти чекланган жамияти ва халқаро ташкилотлар яқиндан кўмаклашди. Тадбир давомида ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли ва ногиронларга, тиббий-ижтимоий муассасаларга 650 миллион сўмликдан зиёд дори-дармон, гигиена воситалари етказиб берилади.


Манба:darakchi.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |