Қидириш   

Cаломатлик ҳафталиги
03 июнь 2016,   кўрилган: 783

Cаломатлик ҳафталигиНавоий вилоятида ҳам “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида саломатлик ҳафталиги ўтказилмоқда.

Навоий шаҳрида ташкил этилган ҳафталикда катталар ва болалар, фертиль ёшидаги аёллар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этилмоқда. Малакали шифокорлар аҳолини тиббий текширувдан ўтказиб, зарур ҳолларда шифокор назоратида амбулатор ва стационар усулда даволаниш учун йўлланмалар бермоқда.

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бермоқда. Жумладан, нафақат шаҳар ва туман марказларида, балки чекка қишлоқларда ҳам замонавий тиббиёт муассасалари барпо этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда.

– Бир қанча вақтдан буён юрагим безовта қилаётган бўлса-да, рўзғор юмушлари билан бўлиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишга ҳафсала қилмасдим, – дейди Навоий шаҳридан Мамлакат Ҳамроева. – Бугун пойтахтдан келган малакали шифокорлар текширувидан ўтиб, зарур тавсиялар олдим. Кўнглим таскин топди. Аҳоли, айниқса, биз, аёллар саломатлигига доимий эътибор қаратиб, алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан миннатдормиз.

Тиббий текширувлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.



Манба: uza.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |