Диареядан сақланинг!
19 июль 2016, кўрилган: 1254
Ёз фасли бошланиши билан аҳоли орасида диарея (ўткир юқумли ичак) касаллиги кўп учрайди.Диарея — юқумли ошқозон-ичак касаллиги бўлиб, микроблар таъсирида қўзғалади. Тез-тез ич кетиши, қорин оғриши ва кўнгил айниши диареянинг клиник белгиларидир. Ушбу касаллик, асосан, кўкрак ёшдаги сунъий озиқлантириб парваришланаётган болаларда учрайди.
Касаллик ифлосланган қўл ва ўйинчоқлар, тоза бўлмаган идишлар ҳамда сўрғичлар орқали юқади. Шунингдек, сифатсиз ва узоқ вақт туриб қолган овқатлар, қайнатилмаган сув, ювилмаган мева-сабзавотлар, пашшалар ҳам касаллик тарқатувчиси ҳисобланади.
Диареяга чалинган бемор кўп суюқлик йўқотиши натижасида организмдан кўплаб озиқ моддалар ҳам чиқиб кетади ва тана аъзолари фаолияти бузилиши бола ҳаётини хавф остига қўяди. Шу боис болада ич кетиш ҳолати бошланиши билан унга кўп миқдорда суюқлик ичириш лозим. Бунда регидрон эритмаси, қайнатилган сув, гуруч ёки анор қайнатмаси, кефир (қатиқ) яхши фойда қилади.
Айрим ёш оналар регидрон эритмасини тайёлаш усулини билмаслиги мумкин. Бунинг учун 1 литр қайнатилган сувга 1 ўрам регидрон кукуни солиниб, қошиқда аралаштирилади. Эритмани 2 ёшгача бўлган болага 3-5 дақиқада бир чой қошиқдан 50-100 мл.гача, 2 ёшдан катталарга ҳар 3-5 дақиқада 50 мл.дан кун бўйи 1 литргача бериш керак.
Бола касалликка чалинмаслиги учун она сути билан парвариш қилган, шиша ва сўрғичлардан фойдаланмаган маъқул. Чунки шишанинг тоза ювилмаслиги оқибатида микробларнинг кўпайиши учун қулай шароит туғилади.
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.
Бўлими : Янгиликлар |
info |