Қидириш   

» » Ўзбекистон саломатлик рейтингида МДҲ мамлакатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади

Ўзбекистон саломатлик рейтингида МДҲ мамлакатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади
17 октябрь 2016,   кўрилган: 1229

Ўзбекистон саломатлик рейтингида МДҲ мамлакатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади“The Lancet” тиббиёт журнали томонидан саломатлик билан боғлиқ барқарор ривожланишнинг кўрсаткичлари бўйича дунё мамлакатлари рейтинги эълон қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон тиббиёт, ҳаёт ва соғлиқ билан боғлиқ барқарор ривожланиш индикаторлари бўйича 188 мамлакат ўртасида 55-ўринни эгаллади. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич саналади, – деб хабар бермоқда “Жаҳон” АА.
Исландия, Сингапур, Швеция, Андорра ва Буюк Британия юқори натижага лойиқ кўрилган дастлабки кучли бешлик давлатларидир. МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистондан кейин Туркманистон (60-ўрин), Озарбайжон (75), Молдова (80), Қозоғистон (85), Арманистон (86), Тожикистон (99), Қирғизистон (113), Украина (118), Россия (119) ва Беларусь (120) ўриндан жой олган.
Рейтинг нолдан (энг ёмон кўрсаткич) юзгача (энг яхши кўрсаткич) бўлган муқоясада 33 кўрсаткич бўйича умумлаштирилган баҳолар ҳисобга олинган ҳолда тузилган. Мамлакатлар ўринларини белгилашда назарда тутилган мезонлар орасида болалар ва чақалоқлар ўлими, йўл-транспорт ҳодисаларидаги ўлим, болалардаги ортиқча вазн, алкоголь ва тамаки истеъмоли даражаси, одам иммунитети танқислиги вируси (ВИЧ), сил ва В гепатити билан касалланиш, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари мавжуд. Бундан ташқари экспертлар зўравонлик ҳаракатлари ва урушлардаги ўлим ҳолатларини ҳам ҳисобга олишган. Ҳар бир мезон бўйича ҳисоблар 1990–2015-йиллар оралиғидаги вазиятларнинг таҳлили асосида чиқарилди.
Масалан, “Доялар иштирокидаги туғруқлар” мезони бўйича Ўзбекистон максимал даражадаги баҳони, “Касалликлар тиббий профилактикаси даражаси” бўйича – 93, “Ҳаво ифлосланиши туфайли касалликка чалиниш” мезони бўйича – 89, “Оилани режалаштириш ва репродуктив ёш” бўйича – 84, “Чекиш” ва “Ичишга яроқсиз сув истеъмоли билан боғлиқ касалликлар” мезони бўйича 81 балларни тўплади.
“The Lancet” ушбу рейтингни тузиш учун инобатга олган кўрсаткичлар 2015-йил сентябрь ойидаги БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларига асосланган. Улар 17 та глобал мақсад (қашшоқликни бартараф этиш, очликка барҳам бериш, таълим олиш имкониятини таъминлаш ва ҳоказо)ни, 169 та вазифа ҳамда 230 та аниқ мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни ўз ичига олган. БМТ режаси бўйича 15 йил мобайнида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришилмоғи лозим.
“The Lancet” журнали тадқиқотининг натижалари Ўзбекистон бўйича бошқа нуфузли халқаро институтлар томонидан берилган баҳоларни тўла тасдиқлайди. Шуни эслатиб ўтиш ўринлики, Ўзбекистон жаҳондаги нуфузли ташкилот – “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро муассасаси томонидан тузилган дунё рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор ўн мамлакат қаторидан жой олган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган яна бир тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтингида 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида эса 1-ўринни эгаллаган.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |