Қидириш   

» » Шифокор бемор келишини кутиши керак эмас, касалликнинг олдини олиши зарур

Шифокор бемор келишини кутиши керак эмас, касалликнинг олдини олиши зарур
27 февраль 2017,   кўрилган: 510

Шифокор бемор келишини кутиши керак эмас, касалликнинг олдини олиши зарурПрезидентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳрида қурилаётган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиаллари лойиҳалари тақдимотида ҳам иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширишимиз зарур бўлган ишларимиз кўп. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар анчагина. Мавжуд марказлар филиалларини вилоятларда ташкил этиш билан кўплаб масалаларга ечим топиш мумкин, деди Президентимиз.
Мамлакатимиздаги кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пульмонология ва фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, дерматология ва венерология, педиатрия ва бошқа йўналишлардаги махсус илмий-амалий тиббиёт марказларида юқори сифатли хизмат кўрсатилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан аҳолига эндокринология соҳасида профилактика, диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизими яратилгани халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Соҳага илғор илм-фан ютуқлари жорий қилинаётгани натижасида гипофиз бези, қалқонсимон без хасталиклари, қандли диабет асоратлари туфайли келиб чиқадиган буйрак етишмовчиликлари ва бошқа оғир хасталиклар самарали даволанмоқда.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг 150 ўринли Қарши филиалида йилига 700-800 жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва диабетология, қалқонсимон без ва диабетик тўпиқ жарроҳлиги каби бўлимларни ўз ичига олган марказ энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланади.
Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалида клиник-биохимик лаборатория, автоклав, поликлиника, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими, аритмология, артериал-гипертензия, юрак ишемик касалликлари, реабилитация, кардиожарроҳлик бўлимлари ташкил этилади. 120 ўринли марказ жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, бу марказларнинг ташкил этилишидан мақсад аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш, уларнинг соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш эканини алоҳида таъкидлади. Бир нарсани эсдан чиқармаслик лозим: марказ ходимлари беморнинг келишини кутиши керак эмас, аҳоли орасида юриб профилактика ва тиббий маданиятни ошириш билан шуғулланиши лозим.
Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг янги биноси лойиҳаси билан танишди.
Бугунги кунда мазкур шифохона 1990 йилларда қурилган бинода жойлашган бўлиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланиши кутилаётган шифохонада вирусли гепатитнинг олдини олиш, диагностика ва даволаш ишлари олиб борилади.
Президентимиз аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, маҳаллалар, таълим муассасаларида юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш кераклигини алоҳида таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев вилоятда поликлиникалар, туман тиббиёт бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам хизматларини янгидан ташкил қилиш, қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш, тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича марказлар ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Манба: minzdrav.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |