Қидириш   

» » Фарзандингиз соғлиги учун бефарқ бўлмасангиз, буни ўқиб чиқинг

Фарзандингиз соғлиги учун бефарқ бўлмасангиз, буни ўқиб чиқинг
01 май 2017,   кўрилган: 1142

Фарзандингиз соғлиги учун бефарқ бўлмасангиз, буни ўқиб чиқингКўпчилик ота-она, бувилар болаларнинг кундузи ухлашига йўл қўймайди. Майли, ухламаса ухламасин, дейишади. Болалар боғчасида эса мажбурлаб ухлатишади.

Педиатрлар ва болалар невропатологлари 5-6 яшар бола кундузи камида 1,5-2 соат ухлаши шарт, деган фикрни айтадилар. Бола қанчалик ёш бўлса, унда уйқуга бўлган эҳтиёж шунчалик кучли бўлади. Янги туғилган чақалоқ бир кунда 19 соат, 3-5 ойлик 17 соат, олти ойлик 15 соат, 9-12 ойлик 13 соат, 2-3 яшар 12,5 соат, 4-5 яшар 11,5 соат, 6 яшар бола 10 соат ухлаши керак.

Бу боланинг соғлом ўсиши учун табиатнинг ўзи белгилаб қўйган заруриятдир. Бола ёруғ дунёга келган заҳоти кун билан тунни ажрата олмайди, у бир суткада 4 мартадан 11 мартагача ухлайди. 1,5 яшар бўлганда ҳар 4,5 соатда 1,5-2 соат ухлатилади. 3 ёшга тўлгунча 2,5-3 соат, 4-6 ёшгача 1,5-2 соат ухлайди. Фақат 7 ёшга бориб, бола организми тунги уйқуга мослашади.

7 яшар бола кечаси яхши ухламаган бўлса, мактабда толиқса, шамоллаган ёки ҳоли қуриган бўлса, уни кундузи ухлатиш керак. Шунда қуввати тезроқ асли ҳолига келади. Демак, бола кундузи, албатта, ором олгани маъқул. Чунки бола кундузи ухлаганида организмдаги энг муҳим бўлган уйқу ва тетиклик биоритмларни табиатнинг ўзи бир маромда ишлатади. Бола кундузи ухламаса, биоритмлар уйғун бўлмай қолади. Натижада бола жаҳлдор бўлиб, тез толиқади, асабий-руҳий ва жисмоний ривожланиши секинлашади, яхши ўсмайди, иммунитети пасайиб кетади, тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолади. Ахир болалар инфекциялари жуда тез юқади.

Бола кундузи мириқиб ухлаганда янги билимларни яхши ўзлаштиради, иш сифати яхшиланади. Ёшлигидан кўп нарсаларни билиб олиши ва эслаб қолиши керак. Қолаверса, кундузи ухласа, кечаси ҳам тўйиб дам олади, ишонмайсизми? Болам кундузи ухласа, кечқурун вақтли ухламайди, деб ўйлайсиз. Лекин адашасиз. Тегишли вақтда дам олмаган бола кечга бориб безовталанади, хоҳласа ҳам, ухлашга қийналади. Кундузи таассуротларга тўлиб тошган мия фаолияти кечаси уларни қайта ишлашга қийналади, бинобарин, бола алоқ-чалоқ тушлар кўриб чиқади.

Шаҳарда яшайдиган болалар кўпроқ ухлаши керак. Чунки машиналарнинг шовқин-сурони, зарарли чиқиндилар боланинг асаб тизимини заҳарлайди. Бир маромдаги ҳаётини издан чиқаради. Шунинг учун улар қишлоқ болаларига қараганда кўпроқ чарчайдилар. Бола ухлаб ётганда миянинг махсус ҳимоя оқсили ишлаб чиқарилади, у эса мияни зўр келадиган нарсаларга мослаштиради.

Яхшиси, 2,5 ойгача бўлган чақалоқларни эмизиб бўлган заҳоти ухлатинг. 3 ойлик болани қорни тўйгандан сўнг 15-20 дақиқа ўтгач, каттароғини ярим ёки бир соатдан сўнг ухлатинг.

1,5 ёшли болани кундузи фақат бир марта ухлатинг. Озроқ қайсарлик қиладию, лекин кейин кўникиб кетади. Фақат ҳар куни маълум бир вақтда, ўрганган жойида ухлагани маъқул.

Табиатнинг ўзи шундай тартиб ўрнатганки, аёл киши ҳар 28 кунда ҳайз кўради, шунинг учун бола қизалоқ бўлса, шу кунлар келганда 2-4 кун вақт ичида ухлашга қийналади. Уйқиси сийрак, инжиқ, безовта бўлиб қолади. Масалан, ўрнига ётишга ҳеч ҳам кўнмаслиги мумкин. Лекин барибир алдаб-сулдаб ухлатиш шарт. Буни қарангки, катта қиз бўлганида ҳайз кўриши қизалоққа болалигидан белги берар экан.

Бола 15-20 дақиқа ётсаю, лекин уйқуси келмаса, майли, турақолсин, ухламайдиганга ўхшайди, деб ўйламанг. Бу фикрингиз мутлақо хато. Чунки у ўрнига ётар экан, дам олади, иккинчидан 1,5-3 яшар бола нақд бир соатда, 4-6 яшаргача 30 дақиқада ухлаб қолади. Энг қизиғи шуки, мазаси қочиб турган боланинг ухлашига анча кўп вақт кетади.

Болалар боғчасидаги уйқу

Бола кундузи ухлашга кўпроқ боғча шароитида мослашади, тарбиячисига, ўртоқларига ўрганади. Чунки бола тенгдошлари билан бирга худди уйидагидек ечинади. Кроватда улар билан маълум бир вақтда гаплашиб, ўйнаб-кулиб кетади. Бир ойда бир мартами, икки мартами, болани ҳайвонот боғига ёки далага олиб борсангиз, унда ухламаса ҳам бўлади. Баъзи-баъзида кун тартибини бузиш биоритмларни машқ қилдиради. Бу эса бола соғлиги учун фақат фойда келтиради, холос.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар / Шифокор маслаҳати   |   info  |