Қидириш   

БОШ МЕЗОН — ХАЛҚ РОЗИЛИГИ
06 май 2017,   кўрилган: 1120

БОШ МЕЗОН — ХАЛҚ РОЗИЛИГИБу борадаги саъй-ҳаракатларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига мувофиқ 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлаётир.
Дарҳақиқат, юртимизда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришилаётгани, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётгани, фуқаролар томонидан ўртага ташланаётган муаммоларнинг қонун асосида кўриб чиқилиб, ҳал этилаётгани одамларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини оширмоқда.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 2 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ҳар бир мурожаат эътиборда: Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими бўйича келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, бошқарма бошлиқлари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди. Тадбир давомида тизимда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тартиби, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси ва истиқбол режалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Дарҳақиқат, бугун ҳаётнинг ўзи энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашмасаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Зеро, инсон манфаатларини таъминлаш учун аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак. Бунда халқ билан очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш билан бир қаторда, давлат органларига келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни эътиборга олиб, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва ҳал этиш давлат идоралари фаолиятида биринчи ўринда туриши лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак.
Ушбу мақсадда мамлакатимиз раҳбарининг интернет тармоғида электрон қабулхонаси ташкил этилган эди. Ўтган даврда мазкур қабулхонага фуқароларимиздан 740 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг қарийб 3,5 фоизи тиббиётга тегишли.
БОШ МЕЗОН — ХАЛҚ РОЗИЛИГИ
Мурожаатлар ўрганилганда, уларнинг катта қисми саломатлик, соғлиқни сақлаш ходимлари ҳаракати, меҳнат ва бандлик, моддий ёрдам ва дори-дармон масалалари бўйича экани аниқланди. Бундан ташқари, тиббий таълим масалалари, ногиронлик гуруҳини белгилаш, нафақа, протез, техник воситалар ҳамда таклиф ва миннатдорчиликлар мазмунидаги мурожаатлар ҳам катта фоизларни ташкил этмоқда.
Қайд этилганидек, мурожаатларда кўтарилган ҳаётий муаммоларни жойлардаги тегишли мутасаддилар ўз вақтида ҳал этиши зарур. Зеро, бу масалада алоҳида ҳуқуқий ҳужжат — “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Шу нуқтаи назардан бу қонуннинг ижросини назорат қилиш ҳам бугуннинг долзарб вазифасидир.
Эътиборли томони бугун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида, қонун доирасида бажармаётган раҳбар ва мансабдор шахсларга тегишли тартибда чора кўрилмоқда ва бунда ҳар бир ходимнинг шахсий жавобгарлиги бош мезонга айланган. Бу эса соғлиқни сақлаш вазирлигидажисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимининг самарали йўлга қўйилишида мустаҳкам асос бўлмоқда.
Президентимизнинг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилиш масаласига тўхталадиган бўлсак, шу йилнинг 1 май ҳолатига кўра, давлатимиз раҳбарининг электрон қабулхонасига фуқароларимиздан тиббиёт соҳаси бўйича тушган жами 25 минг мурожаатнинг қарийб 93 фоизи ўз ечимини топган, 6 фоизи кўриб чиқиш босқичида, қолган 1 фоизини эса аноним мурожаатлар ташкил қилади.
БОШ МЕЗОН — ХАЛҚ РОЗИЛИГИ
Бу таҳлиллар тиббиёт ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Ана шундан келиб чиқиб, халқ билан янада самарали мулоқотни йўлга қўйиш, ҳаётий эҳтиёж ва талабларини яқиндан билиш, хусусан, юртимизда кўрсатилаётган кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турлари бўйича ҳал этилмаган муаммо, ариза, шикоят ёки таклифларни атрофлича ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди.
Эндиликда фуқаролар вазирликнинг расмий веб-сайти — www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориши мумкин. Таъкидлаб ўтиш ўринли, ҳар бир мурожаат шахсан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан кўриб чиқилиб, назоратга олинмоқда ва қонун доирасида ҳал этилмоқда.
Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимлари томонидан жойларга чиққан ҳолда ўтказилаётган сайёр қабулларда фуқароларнинг ечимини кутаётган муаммо ва таклифлари жойида ўрганилиб, ҳал этилмоқда.
Сайёр қабул жараёнларида ҳудудларда фуқароларни тинглаш, уларнинг мурожаатларига жиддий ёндашиш, бу борада мутасадди идоралар раҳбарлари масъулиятини кучайтириш билан бир қаторда, аҳоли кенг қатламининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш соҳасида ҳам бажарилиши керак бўлган вазифалар бисёр эканини кўрсатмоқда. Матбуот анжуманида қайд этилганидек, жойларда ҳуқуқий тарғибот ишларини изчил ривожлантириш, профилактик тадбирлар кўламини кенгайтириш, мутасадди ташкилот ходимларининг оилаларга кириб борган ҳолда мулоқот ўрнатишига катта эътибор қаратиш даркор. Ана шунда жойида ҳал этилиши мумкин бўлган аксарият масалалар юзасидан ҳукумат даражасидаги мурожаатлар юзага келмайди. Бу эса халқ билан давлат идоралари ўртасида шаффоф муносабат ўрнатилишига, одамларни ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига замин яратади.
Тадбирда таъкидлаганидек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш институти давр талабларига монанд такомиллашиб бораётгани, сайёр қабуллар орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилаётгани давлат идораларида, барча даражадаги ҳокимиятларда аҳолининг ариза, шикоят ва таклифларини ўрганишда эътиборсизлик, сансалорлик ҳолатларига барҳам бермоқда, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ишонч телефони” рақами — 1003ва вазирнинг виртуал қабулхонаси куну тун халқ хизматида эканлиги алоҳида таъкилаб ўтилди.

Манба: minzdrav.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |