Қидириш   

» » Ўзбекистон шифохоналарида 2019 йилдан электрон навбат жорий этилади

Ўзбекистон шифохоналарида 2019 йилдан электрон навбат жорий этилади
24 июнь 2017,   кўрилган: 903

Ўзбекистон шифохоналарида 2019 йилдан электрон навбат жорий этиладиЎзбекистон шифохоналарида 2019 йилдан электрон навбат жорий этилади
20 июнь куни Президент "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда келтириб ўтилган.

Қарор билан барча даражаларда ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада ислоҳ қилиш, республика миқёсида ихтисослашган йўналишлар бўйича энг замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш, вилоят даражасида ихтисослашган йўналишлар бўйича замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш, туман (шаҳар) даражасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган бўлимлар негизида кўрсатиш назарда тутилган. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами ташкилотларига эса махсус тасдиқланган жадвал бўйича туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги ташкилотларнинг тор ихтисослашган мутахассислари томонидан маслаҳатлар берилиши, шунингдек, даволаш ва маслаҳат-диагностика йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг айрим турларини кўрсатиши назарда тутилган.
Қарорда, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида республика бўйича ва ҳар бир минтақада касалликлар тенденцияларини ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган замонавий таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини кенг қўллаш назарда тутилган.
Етакчи республика ихтисослаштирилган даволаш-профилактика ташкилотлари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига айлантирилиб, уларнинг асосий вазифалари белгиланди.
Марказлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институти тиббиёт ходимларининг, ихтисослашган ҳудудий тиббиёт ташкилотлари ходимларининг малакасини тизимли равишда оширади, шунингдек, клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада тор мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлайди, етакчи халқаро тиббиёт марказлари, клиникалар ва юқори малакали хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан, маслаҳатлашувлар ва маҳорат дарслари ўтказиш учун уларни республикага таклиф этади, соғлиқни сақлаш тизими маҳаллий мутахассисларининг чет элда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва клиникаларида тажриба орттиришини таъминлайди.
Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 январгача имтиёзли тоифа алоҳида ҳисобга олинган ҳолда тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан ёзилиш имконини берадиган электрон дастур жорий этилади.
2022 йил 1 январгача аҳолига пулли тиббий хизматлар кўрсатувчи (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) соғлиқни сақлаш тизими давлат тиббиёт ташкилотларини солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан олиб келинадиган янги тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, тиббиёт ускунасига эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари учун божхона тўловлари тўлашдан озод этиш назарда тутилган.
Қарорда хорижий етакчи олимлар, врачлар ва мутахассисларни шартнома асосида республикага жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантириш мақсадида 373,5 миллиард сўм ва 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 60 миллиард сўм маблағ Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга ва 97 миллион АҚШ доллари республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга йўналтирилади.

Манба: soglom.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |