Қидириш   

» » Шавкат Мирзиёев фармони билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди

Шавкат Мирзиёев фармони билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди
26 сентябрь 2018,   кўрилган: 837

Шавкат Мирзиёев фармони билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилдиМамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. 

Мазкур ҳужжат хорижда яшаётган ва ишлаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга бўлган олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш каби мақсадларда қабул қилинган. 

"Истеъдод” жамғармаси негизида тамоман янги "Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолият юритади. Жамғарманинг шу пайтга қадар бажариб келган функцияси бундан буён ҳам давом этаверади. Эндиликда жамғарма зиммасига хориждаги ватандошлар билан мулоқот қилиш вазифа ҳам юкланди.

"Эл-юрт умиди” жамғармаси магистратура ва докторантура дастурлари бўйича танлов ўтказиш ва тайёргарликни ташкил қилиш, шунингдек, давлат тузилмаси, иқтисодиёт тармоқлари, таълим ва илмий муассасаларнинг истиқболли мутахассисларини ривожланган мамлакатлардаги илмий ва таълим муассасаларига малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишга ҳам жўнатади.

Фармон билан, янги жамғарманинг ташкилий тузилмаси, унинг Низоми, Васийлик кенгаши таркиби ҳамда хорижда таълим олиш, стажировка ўташ ва малака ошириш учун номзодлар ўртасидаги танлов Тартиби ҳам тасдиқланди. 

Жамғарма стипендиялари ҳар йили тасдиқланадиган мақсадли дастурларга мувофиқ қуйидагича ажратилади:

Хорижий таълим ва илмий муассасаларда малака оширишга – 2 ойгача;

Хорижий илмий, таълим, ижод муассасалари, давлат идоралари, корхона ва бошқа ташкилотларда стажировка ўташга – 6 ойгача муддатга;

Етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасаларда магистратура дастури асосида ўқишга – 1-2 йил мобайнида; 
Докторантура дастури бўйича эса 1-4 йил мобайнида.

Танловдан ўтган стипендиатларга жамғарма стипендиялари қуйидаги харажатларни қоплаш учун ажратилади:
хорижий таълим ва илмий муассасаларда ўқиш қийматининг тўлови;

стипендиатларнинг виза олиш харажатлари;

барча турдаги транспорт воситалари билан ўқиш жойига қадар – йилда бир мартадан ортиқ бўлмаган йўлкира харажатлари;

борган мамлакатдаги ўқиш даврида яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари;

зарур ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар харид қилиш;

хорижда ўқиш даврида стипендиатларни тиббий суғурталаш.

Жамғарманинг молиявий кўмаги билан магистратура ёки докторантура дастурлари бўйича таълим олган стипендиатлар тузилган шартномада белгилаб қўйилган муддат давомида олий таълим ёки илмий муассаса, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида ишлаб бериш мажбуриятини зиммаларига олади.

Тўғрироғи, чет элда малака ошириб ёки стажировка ўтаб келган стипендиатга, уни тавсия этган олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, давлат ташкилотларида 3 йилдан кам бўлмаган муддат давомида ишлаб бериш шарти қўйилади.

Башарти стипендиат магистратура ёки PhD дастури бўйича чет элда таълим олганда, эгаллаган мутахассислиги бўйича 5 йилдан кам бўлмаган муддатда, стипендиатни ўқитишга қилинган барча харажатлар миқдори 75 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлса, уларга 7 йилгача узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади. 

Эндиликда жамғарма хориждаги малакали ватандошларимиз ҳамда Ўзбекистондаги кадрлар захирасига эҳтиёжи бор вазирлик ва идоралар учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.
 
 Манба:uza.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |