Қизилтепа туманидаги Тошработ қўрғонида 25-қишлоқ оилавий поликлиникасининг 20 ўринли кундузги шифохона бўлими ишга туширилди.
Эндиликда бу ерда "Қалъаи Азизон" маҳалласи ва яқин атрофдаги яшаш масканлари аҳолиси учун эрта тонгдан кеч оқшомгача даволаниш имконияти мавжуд. Халққа тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча зарур шарт-шароитлар яратилди.
— Тошработ ҳудудида "Обод қишлоқ" дастури асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б. Қўшшиев. — Оилавий поликлиникада кундузги шифохонаси очилгани маҳалладошларимиз учун катта туҳфа бўлди. Давлатимизнинг фуқароларга кўрсатаётган бундай ғамхўрлик ва эътиборидан барчамиз мамнунмиз.
Ушбу бўлимдаги барча хоналар мебель билан жиҳозлантирилди. Шунингдек, шифохона иссиқ ва совуқ сув, газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминланади. Бундан ташқари, физиотерапия ва электрокардиограмма замонавий тиббий асбоблари хизматга шай турибди. Беморларни қабул қилиш ва парваришлашга навбатчи врач ҳамда ҳамширалар жалб этилган.
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.