Бош саҳифа > Янгиликлар > Эзгу мақсадлар рўёби

Эзгу мақсадлар рўёби


20-10-2014, 17:49. Муаллиф: info
Эзгу мақсадлар рўёби“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлашга Навоий вилоятида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Зарафшон шаҳрида дастурда белгиланган вазифалар ижросига 14 миллиард 70 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жорий йилнинг мамлакатимизда Соғлом бола йили деб эълон қилиниши замирида аввало она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, жамиятнинг муҳим бўғини – оилада соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришдек эзгу мақсадлар мужассам. Йил муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

– Соғлом авлодни вояга етказиш барчамизга катта масъулият юклайди, – дейди Зарафшон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулхумор Жўраева. – Бу йўналишдаги ишлар доирасида аёлларимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, уларда тиббий маданиятни юксалтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 17 минг 417 хотин-қиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, ҳомиладор аёллар поливитаминлар билан таъминланди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини янада ошириш мақсадида уч юзга яқин тарғибот тадбири ташкил этилди. Ўн минг 300 дан ортиқ бола тиббий текширувга жалб этилди. Юқумли касалликларга қарши эмланди. Икки нафар ногирон бола даволаниш учун Германияга юборилди.

Никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ёш оиланинг ҳар томонлама мустаҳкам бўлиши, туғилажак фарзанднинг соғлом дунёга келишида бундай текширувларнинг аҳамияти катта. Тиббиёт муассасаларида мазкур масалага жиддий ёндашилиб, никоҳланувчи ёшлар белгиланган тартибда тиббий кўрикларга жалб этилмоқда. Бунда тиббиёт масканларининг “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий анжомлар билан таъминлангани қўл келаётир.

Жорий йилда Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасига 13,8 миллион сўмлик жиҳозлар келтирилиб, махсус тез тиббий ёрдам машиналарининг аксарияти таъмирланди. “Янги-Зарафшон” қишлоқ врачлик пунктига энг замонавий ЭКГ аппарати ўрнатилди.

Хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Тижорат банклари ажратган истеъмол кредитлари кўплаб оилаларга маиший техникаларни харид қилиш имконини берди. Аёллар “Гўзаллик салони” кўпайгани уларнинг кўнглидаги иш бўлди.

Шаҳарда бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда. Йил якунига қадар ишга туширилиши мўлжалланган “Аквапарк” қурилиши жадал олиб борилмоқда. Барпо этилаётган бир-биридан кўркам кўп қаватли уйлар ҳадемай фойдаланишга топширилади.

Мухтасар айтганда, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳудудлар инфратузилмасини янада ривожлантириш каби олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда.

Манба: uza.uz
Ортга қайтиш