Бош саҳифа > Янгиликлар > Репродуктив саломатлик ва соғлом турмуш тарзи

Репродуктив саломатлик ва соғлом турмуш тарзи


30-10-2014, 14:21. Муаллиф: info
Репродуктив саломатлик ва соғлом турмуш тарзиПойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган видеомулоқот ўтказилди.
Тадбирда юртимизда аҳоли саломатлигини асрашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилгани, “Соғлом она — соғлом бола” миллий модели ҳаётга самарали татбиқ этилаётгани, бу эса ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Айни чоғда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастур ижрога йўналтирилган бўлиб, Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда аҳоли, энг аввало, ёшлар орасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом оилани шакллантириш борасида кенг тарғибот ва тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида республика миқёсида қарийб 274 минг нафар никоҳланувчи шахс, 7 миллион 833 мингга яқин туғиш ёшидаги аёл, 7 миллион 670 мингдан зиёд бола тиббий кўрикдан ўтказилгани бунинг ёрқин далилидир.
Қўмита фаоллари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда фаолияти йўлга қўйилган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси”, “Саломатлик”, “Таълим ва тарбия”, “Бандлик”, “Оилаларга кириш” каби секторлар ёшлар маънавиятини шакллантириш, эрта никоҳлар, ажралишларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамшираларининг мақсадли, манзилли тарзда хонадонларга кириб боришини таъминлаш ва фаоллигини ошириш, ҳафта кунларини белгилаш, ҚВП ҳамда оилавий поликлиникаларни тиббий маданиятни тарғиб этиш масканига айлантириш ва шу орқали аҳолининг ўз саломатлигига бўлган эътиборини кучайтиришга эришишда тавсия этилган усуллар ўз самарасини бераётир. Чунончи, “Саломатлик” жамоатчилик секторининг олиб борган ишлари натижасида нуронийлар билан 375 мингдан ортиқ, ҳомиладорлар билан 477 мингдан зиёд, болалар ва ўсмирлар билан 488 мингдан кўп тадбирлар ўтказилган.
Бундан ташқари, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳозирги вақтда спорт билан мунтазам шуғулланаётган аёллар сони 1,5 миллион нафардан зиёдни ташкил этади. Муҳокама жараёнида бу борадаги ишларни янада кенгайтириш, айниқса, болалар спортига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Видеомулоқотда айрим ҳудудларда эрта туғуруқларнинг камаймаётгани, тиббий кўрик натижаларини сохталаштириш ҳолатларига йўл қўйилаётганига тўхталиб ўтилди. Якунда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш борасида зарур тавсиялар берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Манба: xs.uz
Ортга қайтиш