Бош саҳифа > Янгиликлар > “Саломатлик – 2020” стратегиясини амалга ошириш йўлидаги халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда

“Саломатлик – 2020” стратегиясини амалга ошириш йўлидаги халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда


28-11-2014, 12:46. Муаллиф: info
“Саломатлик – 2020” стратегиясини амалга ошириш йўлидаги халқаро ҳамкорлик ривожланмоқдаТошкентда 27 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Саломатлик – 2020” сиёсатини амалга ошириш бўйича олий даражадаги минтақавий анжумани ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, миллий ва хорижий экспертлар иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси департаменти директори, доктор Агис Цоурос ва бошқалар аҳоли соғлиғини, жумладан, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, соғлом наслни вояга етказиш, бу борада ягона миллий тизимни яратиш, тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, замонавий технологияларга асосланган тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказиш, соғлом ва фаровон турмуш учун қулай шароит яратиш Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан эканини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Халқимизнинг соғлом ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёшларни жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, фармацевтика маҳсулотларини юртимизда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун барча зарур шароит яратилди. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги фармони соҳани тубдан ислоҳ этишда муҳим босқични бошлаб берди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгайди. Мамлакатимизда “Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган миллий дастур ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шифокорларнинг билим ва малакасини ошириш, жаҳон илм-фани янгиликларини амалиётга кенг жорий этиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда соғлиқни сақлаш тузилмалари билан бир қаторда турли соҳаларга ихтисослашган кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам ўзаро ҳамкорликда фаол иш олиб бораётир.

Бу жараёнда аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун қулай ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш ҳам доимий эътиборда. Хусусан, “Саломатлик – 2020” стратегиясига тўла мос келадиган барча соҳаларда меҳнат шароитини замонавийлаштириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, экологик муҳитни барқарорлаштириш, қишлоқ жойларда барча қулайликларга эга намунавий уйлар барпо этиш, хонадонларда санитария-гигиена шароитларини яхшилаш билан боғлиқ кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Саломатлик – 2020” стратегияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, инсон саломатлиги ва бўлажак насллар камолотига салбий таъсир этадиган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишга йўналтирилган. Мазкур стратегиянинг яна бир устувор йўналиши жойларда жамоатчилик барқарорлигини таъминлаш ва аҳолини қўллаб-қувватлайдиган муҳитни яратиш билан боғлиқ. Табиийки, бу минтақадаги ҳар бир давлатда соғлиқни сақлаш билан бирга таълим, аҳолини уй-жой, озиқ-овқат, сув ва энергия билан таъминлашни янада яхшилашни тақозо этади.

Ўзбекистон сўнгги йилларда “Саломатлик – 2020” стратегиясида кўзда тутилган ушбу устувор йўналишларнинг ҳар бири бўйича дунё мамлакатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида йирик симпозиум, конференция ва форумлар ўтказиб, бу борадаги тажрибаси билан ўртоқлашишга муваффақ бўлмоқда. Хусусан, ўтган йили ташкил этилган “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзусидаги халқаро конференция мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, жумладан, қишлоқларда тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойиллари асосида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, уларнинг юқори кўрсаткичлари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Жорий йилда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда овқатланишни яхшилаш аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича миллий стратегиянинг таркибий қисмларидан бири экани яна бир бор эътироф этилди. Бу борада мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш учун зарур қонунчилик ва меъёрий база яратилган. Аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутриентлар мавжуд махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали соғлом ва баркамол фарзандларни дунёга келтириш бўйича амалга оширилаётган профилактика чора-тадбирлари жаҳонда кам учрайди. Давлатимиз томонидан поливитаминлар хариди учун маблағ ажратилиб, ҳар йили қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган ҳомиладор аёллар соғломлаштирилмоқда, оналар саломатлиги мустаҳкамланмоқда, туғма нуқсонлар билан туғилишнинг олди олинмоқда. Унни зарур микроэлементлар билан бойитиш, тузни йодлаш дастурлари ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида халқимизнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичини узайтириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, санитария-эпидемиология муҳитини барқарор сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашга эришилмоқда. Тиббий-ижтимоий соҳада эришилаётган бундай ютуқлар халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофазалашга оид миллий модели тараққий этган мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилгани бунинг яққол далилидир.

– Аҳоли саломатлигини асраш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ҳаётимиздаги кўплаб тиббий-ижтимоий вазифаларни оқилона ҳал этиш барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омилидир, – дейди Руминия соғлиқни сақлаш вазири Николай Бэничиою. – Ўзбекистонда мустақиллик йилларида бу масалаларга давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратилаётгани ўз самараларини бермоқда. Мамлакатингизда аҳолининг барча қатламига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш кўлами тобора кенгайиб бораётгани эътиборга молик. Мазкур анжуман Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида танлаган миллий модели билан яқиндан танишиш, турли мамлакатлардан келган мутахассислар билан фикр алмашиш, ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг “Саломатлик – 2020” миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш тажрибаси билан танишиш имконини яратди.

Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда даволаш-профилактика муассасаларини модернизация қилиш ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун 750 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайди. “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 марта камайди. Бугунги кунда болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш доирасида юқори самарадорлиги бутун дунёда эътироф этилган она ва бола соғлиғини муҳофаза қилишнинг миллий модели шакллантирилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинлари, жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг кенг тармоғи яратилгани натижасида аҳоли, авваламбор, қишлоқ жойлардаги оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг амалга оширилиши самаралари мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётан улкан эътиборнинг яққол тасдиғидир. Спорт эса мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялашнинг ажралмас таркибий қисмига айланган. Уни болалар ва ўсмирлар, айниқса, қизлар ўртасида оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш бўйича ноёб тизим яратилди. Нафақат шаҳарларда, балки энг олис туманларда ҳам замонавий спорт комплекслари барпо этилди.

– Ўзбекистон “Саломатлик – 2020” стратегиясини ҳаётга изчил татбиқ этаётган энг етакчи мамлакатлар қаторига киради, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси департаменти директори Агис Цоурос. – Ушбу анжуманни ўтказишдан мақсад аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини янада мустаҳкамлаш йўлида тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш, “Саломатлик – 2020” сиёсатини изчил амалга оширишга оид масалаларни муҳокама қилишдан иборат. Тадбир бу борадаги алоқалар кўламини янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Анжуманни юксак савияда ташкил этгани учун Ўзбекистон раҳбариятига, тадбир ташкилотчиларига самимий миннатдорлик билдирамиз.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолар экан, ўтган даврда мамлакатимизда тиббий хизматнинг жаҳон андозалари даражасидаги ўзига хос миллий модели яратилганини таъкидлади. Ўзбекистон БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича глобал жараённинг фаол иштирокчиси экани ва бу борада давлатлар олдига қўйилган вазифаларни мамлакатимиз ҳаётга муваффақиятли татбиқ этаётгани, кўплаб кўрсаткичлар бўйича етакчилик қилаётгани қайд этилди.

– Ўзбекистон тиббиёт соҳасида кенг қамровли туб ислоҳотларни амалга ошириб, улкан ютуқларни қўлга киритмоқда, – дейди Латвия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат котибининг ўринбосари Эгита Поле. – Айтиш жоизки, аҳолиси соғлом юртда иқтисодий барқарорлик бўлади. Бундай муҳим тадбирда иштирок этиш, аҳоли саломатлигини асраш ва фаровонлигини ошириш борасида фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлаётганимдан мамнунман. Анжуман доирасида Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш борасида ғоят салмоқли ишлар амалга оширилаётганига амин бўлдик. Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги ютуқларини чуқур ўрганиш ва қўллаш юксак самаралар беради.

Икки кун давом этадиган халқаро анжуманда “Саломатлик – 2020” стратегиясининг асосий тамойиллари ва йўналишлари, уни ҳаётга изчил татбиқ этиш, ушбу стратегияга мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимида миллий сиёсатни шакллантириш, Ўзбекистонда бу борада эришилаётган ютуқлар, “Саломатлик – 2020” сиёсатини мониторинг қилишнинг ҳадли асоси, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш, она ва бола саломатлигини янада яхшилашга бағишланган маърузалар тингланади, ўзаро фикр ва тажриба алмашилади.

Тадбир доирасида мустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида эришилган ютуқларга бағишланган кўргазма намойиш этилмоқда.

Анжуман доирасида иштирокчилар В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг Кардиожарроҳлик мажмуаси, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, болалар спорт мажмуалари фаолияти билан танишадилар.

Манба:uza.uz
Ортга қайтиш