Бош саҳифа > Янгиликлар > Ўзбекистонда парламент сайлови якунланди

Ўзбекистонда парламент сайлови якунланди


22-12-2014, 16:31. Муаллиф: info
Ўзбекистонда парламент сайлови якунландиЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатларни сайлаш бўйича барча сайлов участкаларида овоз бериш якунланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов 2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика матбуот марказида Тошкент вақти билан соат 22.00 да мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда 18 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган умумий сайловчиларнинг 88 фоиздан кўпини ташкил этди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунининг 44-моддасига мувофиқ парламент Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ўтган, деб ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг конференцияси ҳам якунланди. Унда Экоҳаракатнинг Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси ва ҳудудий бўлинмалари вакиллари томонидан Қонунчилик палатасига 15 нафар депутат яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Ҳозир овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш жараёни давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов тўғрисидаги қонунларда мустаҳкамланган барча демократик норма ва принципларга риоя этилган ҳолда ўтказилди.

Сайлов жараёнида сайлов қонунчилиги бузилгани ҳақида жойлардан бирорта ҳам маълумот тушмади.

Айни пайтда сайлов участкаларида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддасига мувофиқ парламент қуйи палатаси депутатлигига ҳар бир номзод бўйича берилган овозлар алоҳида санаб чиқилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, сайловни дунёнинг элликдан зиёд давлати ва беш халқаро ташкилотдан 300 дан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчи кузатиб бормоқда.

Бундан ташқари, Қонунчилик палатасига сайлов жараёнини депутатликка номзодларни кўрсатган сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчи ва ваколатли вакили ҳам кузатмоқда. Қонунчиликка биноан сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда ҳам қатнашади.

Мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларига 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг дастлабки якунлари эълон қилиниши маълум қилинди.

Манба:uza.uz
Ортга қайтиш