Бош саҳифа > Янгиликлар > Қўшма тадбир

Қўшма тадбир


3-03-2015, 10:47. Муаллиф: info
Қўшма  тадбир Яқинда “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ҳамда Нурота туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда тумандаги 5-Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Очиқ эшиклар куни” ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2002 йил 28-ноябрдаги “Истеъмолчилар” ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўқув семинари ташкил этилди. Даставвал “Деҳибаланд” МФЙ ҳудудида умргузаронлик қилаётган 95 ёшли онахон Муҳаррам Ҳамроева хонадонига ташриф буюрилиб, у кишининг ҳолидан хабар олинди. Сўнгра “Очиқ эшиклар куни”га таклиф этилган кекса отахонлар билан ёш ўқувчиларнинг учрашуви ташкил этилди. Сўзга чиққанлар ота-боболаримиз орзу қилган бугунги доруламон кунларнинг қадрига етишни, тинч ва осойишта юртимизда ёшлар учун чексиз имкониятлар яратиб берилганлигини бот-бот таъкидлашди. Тадбирда қатнашган фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Тадбир сўнггида кексалар учун ташкил этилган бир пиёла чой устида уларга эсдалик совғалар топширилди. Шундан сўнг ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари иштирокида “Ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш” мавзусидаги ўқув семинари бошланди. Семинарни Нурота туман ҳокимининг ижтимоий иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари С. Мирзаев очиб берди ва маъруза қилди. Шунингдек, семинарда ҳудудий бирлашма ижрочи директори Ш.Раҳматов, ВССБ бўлим бошлиғи С. Шамсиев, ФЖШМҚМИ катта мутахассиси Х. Худойбердиев ҳамда давлат стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бўлим бошлиғи Э. Бобоназаровларнинг ҳам маърузаси тингланди. Семинар сўнггида илғор истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таянч гуруҳлари фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ортга қайтиш