Бош саҳифа > Янгиликлар > Сенсация: Нейрохирургия соҳасида ноёб операция ўтказилди

Сенсация: Нейрохирургия соҳасида ноёб операция ўтказилди


6-03-2015, 13:57. Муаллиф: info
Сенсация: Нейрохирургия соҳасида ноёб операция ўтказилдиФАЛАЖ ТАШХИСИ ҚЎЙИЛГАН БОЛА ЮРИБ КЕТИШИГА ИШОНЧ ПАЙДО БЎЛДИ!

Ўтган ойда пойтахтимиздаги Нейрохирургия илмий Марказида илк бор Ўзбекистонда болалар церебрал фалажи ташхиси қўйилган болада жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Тўрт соатлик оғир амалиётдан сўнг 8 ёшли бола ўзини яхши ҳис қилмоқда. Асосийси, унинг оёқлари букила бошлади, шифокорлар унинг юриб кетишига умид қилишмоқда. Хўш, аслида болалар церебрал фалажи (БЦФ) қандай хасталик? Нейрохирургия илмий Марказида айни шу хасталик билан оғриганларнинг даволаниши учун қандай тартиблар мавжуд? Имтиёзла дастурлар ҳам татбиқ этиладими? Айни юқоридаги шов-шувли жарроҳлик амалиёти сабаб биз мавзуга доир шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Саволларимизга Республика нейрохирургия илмий Маркази директори, профессор Ғайрат ҚОРИЕВ ва марказ жарроҳи Игорь Александрович ЮГАЙдан жавоб олдик.

ДАВОЛАНИШ УЧУН ТАЛАБЛАР ҚАНДАЙ?

«Нейрохирургия Марказида даволаниш учун қандай талаблар мавжуд?»
С. Латипов, Фарғона ш.

— Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Марказда даволанишга тўла ҳақли. Биз тезкор ёрдам зарур бўлган беморларга туну кун малакали нейрохирургик ёрдам кўрсатамиз. Бундан ташқари Марказда маслаҳат поликлиникаси ҳам мавжуд, бу ерга ҳар куни қарийб 100 киши мурожаат қилади. Тиббий текширувлардан ўтган ҳар бир бемор зарур ҳолда нейрохирургик аралашув учун Марказга соғлиқни сақлаш органлари томонидан берилган ордер ёки тўлов-шартнома асосида ётқизилади. Айтиш жоизки, асаб тизимининг бир қатор касалликлари ҳукумат томонидан белгиланган бепул хизматлар рўйхатига киритилмаган.

БЕПУЛ ОПЕРАЦИЯ ҲАМ ЎТКАЗИЛАДИМИ?
«Кимлар бепул операция қилинади?»

Ҳулкар Ибрагимова, Учқудуқ ш.

Нейрохирургия илмий Марказида ҳукумат томонидан белгиланган рўйхат асосида орқа ва бош миянинг онкологик шикастланиши, 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ва болаларга, I ва II гуруҳ ногиронларига, Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига бепул тиббий ёрдам кўрсатилади. Марказимизда мавжуд барча хизматлар ушбу имтиёзли гуруҳга бепул кўрсатилади.

ЖАРРОҲЛИКДАН СЎНГ БУТУНЛАЙ ТУЗАЛИШ МУМКИНМИ?

Яқинда нейрохирургия марказида болалар церебрал фаладжи билан оғриган 8 ёшли беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ҳақида эшитдик. Айтинг-чи, бу жарроҳлик айни шунджай хасталикнинг бутулай даволаниши учун ечим бўла оладими?

Ф.Холтўраева, Қашқадарё вилояти

Марказимизда БЦФ хасталиги устида ўтказилган жарроҳлик амалиёти жараёнида электрнейромониторинг услуби қўлланилди, бундай услубдаги амалиётдан сўнг оёқ-қўллар анча бўшашиб, бола ҳаракатланиш имкониятига эга бўлади. Албатта, бу жараён дарҳол юз бермайди, бироқ келажакда мўъжиза рўй бериш эҳтимоли катта. Марказимизда ўтказилган бу турдаги жарроҳлик амалиётидан сўнг беморнинг оёқлари бироз букила бошлади, бу албатта қувонарли натижа. Тахминимизча, болада ижобий натижа кузатилиши ҳали давом этади. Ахир у шунча йил давомида ҳаракатсиз бўлган, табиийки, тикланиш учун вақт талаб этилади. Ўйлашимизча, уч ойдан кўпроқ вақт ўтгач, унинг саломатлиги яхшиланиб, оёққа туриб, юриб кетади. Ҳозирча у янги шароитга кўникиши лозим. Бу илк операция, у аввалдан пухта ўйланиб, амалга оширилди. Ҳар ҳолда ижобий ўзгаришларга умид катта!

МАЪЛУМОТ УЧУН

Болалар церебрал фалажи (БЦФ) - оғир касалликлардан бири бўлиб, бола умрининг биринчи йилида: анте-, интра- ва постнатал даврларда бош миянинг турли шикастланишлари оқибатида келиб чиқади. БЦФ ли беморлар жисмоний ва руҳий ривожланишда кескин ортда қолишади, ўзларига мустақил ёрдам бера олишмаслиги туфайли бу нафақат тиббий, балки катта ижтимоий муаммолар чақиради.
Жисмоний ва руҳий ривожланишдан ортда қолиш, қўл ва оёқларда турли кўринишдаги ҳаракат ва сезувчанликнинг бузилиши, тутқаноқ хуружлари, статокоординатор бузилишлар, юқори асаб фаолиятини секинлашиши БЦФнинг асосий симптомлари ҳисобланади. Болалар церебрал параличининг спастик шакли — болаларда кенг тарқалган патологиялардан бири саналади. Бундай ҳолатда болада гипертонус юзага келиб, бунинг оқибатида у ҳаракатлана олмайди ва ҳис этмайди.

Манба:darakchi.uz

Ортга қайтиш