Бош саҳифа > Янгиликлар > Мишель Казачкин: Ўзбекистон тиббиёт соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришмоқда

Мишель Казачкин: Ўзбекистон тиббиёт соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришмоқда


13-05-2015, 19:02. Муаллиф: info
Мишель Казачкин: Ўзбекистон тиббиёт соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришмоқдаТошкент шаҳрида Ўзбекистон фтизиатрлари ва пульмонологларининг VIII съезди якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, Ўзбекистон фтизиатрлари ва пульмонологлари илмий-тиббиёт жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда йигирмага яқин мамлакатдан беш юздан зиёд олим, шифокор ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Анжуманда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни баркамол этиб вояга етказиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Съезднинг шўъба мажлислари, давра суҳбатларида мамлакатимиз ва дунёда фтизиатрия ҳамда пульмонология соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директорининг махсус вакили Хайк Никогосян, Москва пульмонология илмий-тадқиқот институти директори, Россия тиббиёт фанлари академияси академиги Александр Чучалин, “Medecins Sans Frontieres” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Андреас Брундер ва бошқалар мазкур съезд Ўзбекистон ва дунё мамлакатлари аҳолисига кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий ёрдамни янада яхшилаш, мутахассис ва шифокорларнинг билимини ошириш, фтизиатрия ва пульмонология соҳасида халқаро илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш, фикр ва тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади.
– Ўзбекистонда Мингйиллик мақсадларига эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг махсус элчиси Мишель Казачкин. – Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги дастурлар самарасида сил касаллиги профилактикаси, диагностикаси ва даволаш ишларида изчил ривожланиш кузатилмоқда. Ўзбекистондаги қатор тиббий муассасалар, хусусан, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлдим. У ердаги замонавий тиббиёт техника ва технологиялари, мутахассисларнинг юқори малакаси менда катта таасурот қолдирди. Ўзбекистонда бошқа соҳалар қатори аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ҳам эришилаётган ютуқлар эътиборга лойиқ.
Анжуманда фтизиатрия ва пульмонологияда қўлланилаётган замонавий технологиялар ва ўқув дастурлари, силнинг дориларга чидамли шаклларини аниқлаш ва даволаш билан боғлиқ илмий изланишлар натижалари, диагностика ва даволашга янгича ёндашувлар, торакал жарроҳликнинг замонавий йўналишлари каби қатор мавзуларда маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди, маҳорат дарслари ўтказилди.

Манба: minzdrav.uz
Ортга қайтиш