Бош саҳифа > Янгиликлар > Беғараз қон донорлиги

Беғараз қон донорлиги


12-06-2015, 11:08. Муаллиф: info
Беғараз қон донорлиги 14 июнь — Халқаро донорлар куни
Қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсон доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу хайрли амалларимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса-чи? Ўйлаймизки, киши учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Донорларни ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу-ниятли инсонлар дейиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир. Бинобарин, меҳнат жамоалари, олий ўқув юртларида қон ва қон маҳсулотларининг қандай хасталикларда қўлланилиши, донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, ўз навбатида донорнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар билан таништирилмоқда.
Тиббиётда маълумки, қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Шунингдек, қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликларда, лейкоз, яъни “оққон” хасталигида, қон ивиш тизими бузилиши касалликлари, яъни, гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон касалликларида, патологияли оғир кечадиган туғруқларда, операцияларда, оғир даражали куйишларда ва турли хил фавқулоддаги ҳолатларда асқотади. Бундай ҳолатда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб этиш лозим. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, ҳар бир мамлакатнинг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар минг нафар аҳолининг камида қирқ нафари донор бўлиши талаб этилади. Ана шундан келиб, чиқиб юртимизда аҳолини донорликка жалб этишда зарур тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Биламизки, қон беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан келган донордангина олинади. Бундай саҳоватпеша кишилар ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олади. Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Негаки, донор бўлишга аҳд қилган инсон маъсулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғи учун жавоб берган бўлса, бугун у бошқаларнингсаломатлигиучун ҳам масъулдир.
Маълумки, донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар бўлиб, улар тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз ҳисобланади. Одам организми топширилган қон миқдорини қисқа муддатда тиклаб олиш хусусиятига эга. Асосийси, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти беқиёсдир. Эътиборлиси, мамлакатимизда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ушбу йўналишда қатор хайрли юмушлар амалга оширилмоқда. Донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий

қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётганлиги бунинг ёрқин тасдиғидир. Хусусан, 2008 йилда ҳукуматимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида беғараз донорликни ривожлантириш дастури” қабул қилинди. Айни пайтда мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, кенг жамоатчилик орасида тиббий тарғибот тадбирларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, маҳаллалар, олий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда беғараз донорликнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бу йилги Халқаро қон донорлар куни “Ҳаётимни сақлаб қолганлигингиз учун Сиздан миннатдорман” шиори остида ўтказилмоқда.
Қон топшириш инсоннинг-инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш – савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳам саналади. Шундай экан савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик.
Ортга қайтиш