Бош саҳифа > Янгиликлар > Меҳр ва эътибор тантанаси

Меҳр ва эътибор тантанаси


12-03-2016, 09:50. Муаллиф: info
Меҳр ва эътибор тантанасиБаҳор насими эсиб, Наврўзи оламнинг кўклам элчилари она Заминимизга ўз сепини ёяётган паллаларда юртимизда ажойиб тадбир ўтказилди. Унда обод ва фаровон юртимиз равнақи учун меҳнат қилаётган юртдошларимиз ва кексалик гаштини сураётган, ўз оқил маслаҳати, йўл-йўриқлари билан элимиз осойишталиги-ю файз-баракасига ҳисса қўшаётган пиру бадавлат отахону онахонларимиз соғлиги яна бир марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Дарҳақиқат ушбу тадбирда соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади деган пурмаъно сўзлар ўз ифодасини яққол намоён этди.
“Хеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ўтказилган тиббий кўриклар ҳақиқий меҳр ва эътибор тантанасига айланди десак муболаға бўлмайди. Вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида истиқомат қилаётган юртдошларимиз фаоллик билан ўз соғликларини яна бир карра назоратдан ўтказдилар. Ушбу кўрикларга Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли республика илмий амалий марказлари профессор-ўқитувчиларидан иборат 11 нафар ходим ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассислари, вилоят ва туманлар даволаш-профилактика муассасаларидан малакали шифокорлар, тажрибали ўрта тиббиёт ходимлари жалб қилинди. Ўтказилган кўрикларни ташкил қилишда вилоят ҳокимлиги ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Жараёнда аёллар ва болалар, иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз қариялар, ногиронлар ва нафақахўрлар қамраб олинди.
Педиатр, терапевт, невропатолог, жарроҳ, ЛОР, кардиолог, стоматолог, акушер-гинеколог ва дерматовенеролог мутахассислари иштирокида ЭКГ ва ультратовуш тўлқини ташхиси текширувлари билан олиб борилган кўрикларда 17 425 нафар аҳолининг соғлиги назоратдан ўтказилди. Уларда 7955 та касаллик аниқланди. Шундан 6583 нафар беморга амбулатор шароитда, 537 нафарига туман ва вилоят шифохоналарида ва 65 нафарига республика илмий-амалий тиббиёт марказларида даволанишга ва 147 нафарига санатор-курортларга тавсиялар берилди.
Соғлом оилада соғлом ва баркамол авлод камолга етишини, бу она ва бола саломатлиги билан чамбарчас боғлиқлигини теран ҳис қилган шифокорлар патронаж ойлиги давом этаётган шу кунларда ҳам тиббий кўрикларни мунтазам ташкиллаштириб боряптилар.

Ортга қайтиш