Бош саҳифа > Янгиликлар > Тарвуз шифобахш бўлиши учун қайси пайтда истеъмол қилиш керак?

Тарвуз шифобахш бўлиши учун қайси пайтда истеъмол қилиш керак?


15-08-2016, 19:52. Муаллиф: info
Тарвуз шифобахш бўлиши учун қайси пайтда истеъмол қилиш керак?Тарвуз мамлакатимиз полиз экинлари қадим замонлардан бери етиштирилади. Ўзбекистон ўзининг ширин таъмли ва ажойиб шифобахш хусусиятларга эга полиз маҳсулотлари билан дунёга донг таратган. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашри ёзади. Тарвузнинг этида глюкоза, фруктоза ва сахароза кўринишида тўпланадиган 12 фоизгача енгил ўзлаштириладиган қандлар мавжуд. Шунингдек, унда C, B1, B2, A, фолий кислотаси, пектин моддалари, каротиноидлар, калий тузлари, темир, магний ва кальций моддалари, аминокислоталар ҳам бор.

Тарвуз қадимдан дори воситаси сифатида қўлланиладиОлим табиб Маҳаммад Аъзамхоннинг “Буюк уммон” асарида тарвузнинг этини йилнинг иссиқ даврида пайдо бўладиган куйдирувчи безгакда фойдаланиш ҳақидаги маълумотлар келтирилади. Тарвузни жигар касалликларида, қон қуюлиб қолишида ва организмдан шлакларни чиқаришда қўллашган. Ўрта асрларда араблар “агар тарвуз мунтазам равишда овқатдан олдин тановул қилинса, баданни тозалаш ва ундаги касалликларни олиб чиқиш” хусусиятига эга бўлиши ҳақида гапиришган. Қадимги ҳинд табиблари санскрит ёзма манбаларида тарвуз бутун организмни юмшатиши ва пешоб ҳайдовчи восита сифатида яхши эканини таъкидлашади.

Тарвузнинг шифобахш хусусиятлари замонавий тиббиётда ҳам қўлланади

Хусусан, тадқиқотчилар берган маълумотларга кўра, тарвуз таркибидаги фолий ва аскорбин кислотаси бошқа моддалар билан биргаликда склерозга қарши таъсир кўрсатар экан. Тарвузнинг суви артрит, подагра, ичак касалликлари, атеросклероз каби касалликларни даволашга ёрдам беради. Унинг пешоб ҳайдовчи хусусияти юрак ва буйрак касалликлари билан боғлиқ аъзолардаги шишларни йўқ қилади. Жигар хасталикларида тарвуз суви организмдан ортиқча суюқлик ва шлакларни чиқарибгина қолмасдан, жигар тўқималарини енгил ўзлаштириладиган қандлар билан ҳам таъминлайди.

Турли илмий манбаларга қараганда, организмда суюқликларни ушлаб турмасдан кечадиган буйрак тоши, цистит, нефрит ва пиелонефрит касалликларида суткасига 2,5 кг гача тарвуз тановул қилиш тавсия этилади. Тарвуз буйраклар ва пешоб йўлларини ачиштирмайди. Шифобахш озуқа сифатида камқонликда қўлланилади, таркибидаги фруктоза эса қонда қанд моддаси кўп бўлганида ҳам организм томонидан яхши ўзлаштирилади, шу боис уни қандли диабетда ҳам тановул қилиш мумкин.

Айтиш жоизки, полиз экинларини етиштиришда унга бериладиган ортиқча азотли ўғитлар тарвузларнинг озуқавийлик ва шифобахш хусусиятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Савдога чиқариладиган тарвузлар санитария-эпидемиология хизматлари томонидан кимёвий таҳлилдан ўтказилади. Шунинг учун полиз маҳсулотларини харид қилаётганда сотувчилардан тегишли сертификат бор-йўқлигини сўранг.
Ортга қайтиш