Бош саҳифа > Янгиликлар > Буйракда тош борми?

Буйракда тош борми?


7-10-2014, 16:26. Муаллиф: istam
Кейинги пайтларда аҳоли орасида буйракда тош тўпланиш ҳодисаси кўп учрамоқда, шунинг учун бу хасталик минтақавий касалликлар қаторига киритилди. Тошкент Педиатрия институтининг катталар шифохонаси жарроҳлик бўлими бошлиғи Аҳмаджон Аҳмедов касалликнинг келиб чиқиш сабаб ва оқибатлари, унинг олдини олиш йўллари ҳақида сўзлайди.
- Кўплар танада модда алмашинувининг бузилиши, тузли овқатларни меъёридан ортиқ ейиш бу касалликни келтириб чиқаради, деб ўйлайди. Аслида, бу касалликнинг бошқа сабаблари ҳам бор, унинг илдизлари аёлнинг ҳомиладорлик пайтига бориб тақалиши ҳам мумкин. Масалан, агар она юкли пайтида шамоллаб, охиригача даволанмаган бўлса, асорати болада қолади. Афсус, шамоллашнинг буйрак тош касаллигига бевосита алоқаси борлигини кўплар билмайди.
Гап шундаки, чўкиндилар соғлом буйракка эмас, унинг шамоллашдан яллиғланган жойларига ёпишади. Иситма, оғриқли хуружлар билан кечадиган ҳар хил ўткир касалликлардан фарқли томони, сурункали буйрак касалликлари одамни унча безовта қилмайди, шу сабабли ўткинчи оғриқ деб унга эътибор берилмайди. Тошлар катталашиб, кутилмаганда белда, қоринда қаттиқ оғриқ бериб қолганидан кейин¬гина дўхтирга югур-югур бошланади.

Тош катталашиб, касаллик жиддийлашиб бораётганидан дарак берадиган белгилар бор: 1) гоҳ-гоҳ оғриқ тутиб ўтиб кетади; 2) сийдик тез-тез оз-оздан кела бошлайди; 3) сийдик ачишиб тушади; 4) айрим ҳолларда қизғиштоб тусга кириши мумкин.

Баъзида жуда қаттиқ оғриқ тутиб, сўнг ўтиб кетса, "Ўзи тузалиб қолди", деб бепарво бўладиганлар оз эмас. Бу белгиларнинг ҳаммаси касаллик кучайиб бораётганидан далолат.

Илгари буйракдаги тош фақат жарроҳлик йўли билан олиб ташланар эди. Ҳозир бошқа замонавий усуллар ҳам чиқиб кетди. Тошлар лапороскопик йўл билан ёки дорилар ёрдамида майдалаб туширилади, каттариб кетганида асосан жарроҳлик муолажаси қўлланилади. Касаллик даражаси ҳамда беморнинг умумий аҳволидан келиб чиқиб даво усули танланади. Ҳозир республикамизда ишлатилаётган замонавий тиббий асбобларнинг имкониятлари кенг.

Такрор бўлса-да, бор гап: касалликни даволашдан кўра олдини олиш осон ва арзон, энг муҳими, азоб-уқубат, ҳар хил асоратлар кам бўлади. Буйракда тош тўпланишига нималар сабаб бўлишини билиб олиб, улардан сақланиш ҳар бир кишининг қўлидан келади. Албатта, шифо топишни чин юракдан истаса!

Айтилганидек, ҳар хил касалликларни, айниқса, шамоллашни сурункалига айланиб кетмасидан даволатиш керак. Овқатдаги туз меъёрида бўлгани яхши, ахир шифокорлар тузни бекорга "оқ заҳар" деб аташмайди. Кечки пайт гўштли овқатларни еб бир жойда узоқ ўтириш ёки тезда ётиб олиш натижасида гўштдаги кислоталар буйракка чўкади. Шунинг учун жуда кеч овқатланмаслик, кечки дас¬турхонга асосан осон ҳазм бўладиган таомлар тайёрлаш, мева ҳамда сут маҳсулотларини кўпроқ ейиш жуда фойдали. Хилма-хил рангдаги салқин ичимликлар ҳам киши саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Сал¬қин ичимликлар ичилганда, унинг таъм берувчи сунъий моддалари ва бўёқлари буйрак ва жигарда тўпланиб, тана аъзосини емириб бораверади.

Наъматак, маккажў¬хори попуги, пол-пола ўсимлиги дамламаси буйракни ювади, тошларни майдалаб, эритиб туширади. Уларни мунтазам ичиш мумкин. Ошқовоқдан тайёрланган таомлар ҳам буйрак ҳолатини, фаолиятини яхшилайди.

Мамлакатимизда янги оила қурмоқчи бўлган йигит-қизлар никоҳ олдидан тиббий кўрикдан ўтишлари мажбурий қилиб қўйилганининг аҳамияти катта. Ёшлар тиббий текширувлардан ўтиб, агар ўзларида айрим касалликлар аниқланса, уни яхшилаб даволатиб, кейин¬ турмуш қурсалар, кўп дардларнинг олдини олган бўладилар, деб ўйлайман.

Манба: tib.islom.uz
Ортга қайтиш