Қидириш   

Тумовдан эҳтиёт бўлинг
18 октябрь 2014,   кўрилган: 1490

Тумовдан эҳтиёт бўлингКузнинг ҳавоси ўзгарувчан, эрталаб танни жунжиктирган совуқ тушга қараб ўз ўрнини устки кийимлар оғирлик қиладиган иссиққа бўшатиб беради, хиёл ўтмай ҳарорат яна пасаяди. Об-ҳавонинг беқарорлиги оқибатида ўткир респиратор касалликлар, хусусан, тумовнинг тарқалиши кузатилади.
Бу хасталик билан оғриган кишининг бурун ёки томоқ шиллиқ пардаси шишиб, ачишади, тана ҳарорати кўтарилади. Беморнинг умумий аҳволи айтарли ўзгармаса-да, боши оғирлашиб, иш қобилияти пасаяди, бурундан нафас олиши бироз қийинлашади. Шунингдек, кўз шиллиқ пардасининг қизариб ёшланиши ва ҳид билиш қобилиятининг пасайиши беморни анчайин қийнайди. Тумовга вақтида чора кўрилмаса, сурункали шаклига ўтиб кетади.
Асосан совуқ тушганда учрайдиган тумовни юқтиришга қариялар ва ёш болаларда мойиллик кучли бўлади. Бу хасталик ҳамма вақт ҳам совуқдан ёки вируслар оқибатида келиб чиқавермайди. Унинг аллергик турлари ҳам мавжуд. Аллергик тумов бошоқли ўсимликлар гуллаган пайтда учрайди. Тумовнинг тез-тез қайталаши сурункали тумовга сабаб бўлади. Бу касаллик тумов бурун бўшлиғи шиллиқ пардасининг ўсиб, қалин тортиши (гипертрофия) ёки аксинча, унинг юпқалашиб кетиши (атрофия)га олиб келиши мумкин.
Оилада тумов билан оғриган бемор бўлса, дарҳол ундаги вирусларни бошқаларга юқтирмаслик чоралари кўрилиши лозим. Аввало, уни алоҳида хонада ётқизиб, ётоғи тез-тез шамоллатиб турилиши керак. Беморни парвариш қилаётган оила аъзолари дока ниқоб тақиб юришлари шарт. Хона жиҳозларини кунига 2 маротаба нам латта билан артиб туриш, сўнг исириқ тутатиш ҳаводаги микробларни йўқотишда қўл келади. Бетоб кишининг ҳарорати кўтарилгудек бўлса, унга лимон, малина солинган иссиқ чой, иложи борича кўпроқ дамламалар, компот каби суюқликлар бериш тавсия этилади. Енгил ҳазм бўладиган ва оқсилга бой овқатлар, творог, сабзавот ва ҳўл меваларни истеъмол қилиш фойдали. Витаминларга бой маҳсулотлар кишида бундай касалликларга қарши иммунитетни ҳам шакллантиради.
Тумов грипп, дифтерия ёки қизамиқ каби юқумли касалликларнинг белгиси ҳам бўлиши мумкин. Шу боис бу хасталик ҳарорат кўтарилиши билан кечса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Албатта, касални даволагандан кўра олдини олган афзал. Шу боис организмни жисмоний машғулотлар билан доимо чиниқтириб бориш лозим. Ай-ниқса, юқори нафас йўллари касалликларини ўз вақтида, тўлиқ даволаш керак. Чунки бу касалликнинг асоратлари оғир ўтиши мумкин. Энг муҳими, эрталаб ва кечқурун ҳавонинг кескин совишини эътиборга олган ҳолда куз-қиш фаслларида иссиқ кийиниш даркор.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |