Қидириш   

Халқаро анжуман
06 ноябрь 2014,   кўрилган: 1529

Халқаро анжуманТошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Шошилинч тиббий ёрдамда нур диагностикаси ва интервенцион радиология” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Ўзбекистон радиологлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда мамлакатимиз ҳамда АҚШ, Австрия, Бельгия, Канада, Германия, Франция, Швейцария, Италия, Нидерландия, Чехия каби давлатларнинг олим ва шифокорлари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим масканларининг профессор-ўқитувчилари, клиник ординаторлар, магистрлар, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси М.Хўжамбердиев, Австриянинг Грац тиббиёт университети профессори Р.Рейнмюллер ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказиш, фуқароларга сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконини бераётганини таъкидлади.
Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий кафолатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Президентимиз фармон ва қарорлари билан мустаҳкамланган. Уларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши самарасида тиббиёт муассасалари, турли йўналишларга оид ихтисослаштирилган марказлар, диспансерлар, соғломлаштириш масканлари, шифохоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий жиҳозлар, дори ва препаратлар билан таъминлаш, фаолиятини давр руҳига мос тарзда такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Даволаш-профилактика муассасаларини модернизация қилиш ва энг замонавий лаборатория, диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлашга бюджет маблағлари йўналтирилаётгани, имтиёзли кредитлар ҳамда грантлар жалб этилаётгани диққатга сазовордир.
Соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасида тиббиётнинг барча йўналишлари қатори радиология ҳам равнақ топмоқда. Мамлакатимизда жорий этилган шошилинч тиббий ёрдам хизматида соҳанинг илғор ютуқларидан кенг фойдаланилмоқда. Шифо масканларида тиббий визуализациянинг замонавий технологияларидан кўп кесимли компьютер томография, бир фотонли эмиссион томография, магнит-резонанс томография, рақамли рентгенография, ангиография, кўп ўлчамли эхография каби усуллар самарали қўлланилмоқда. Рентгенэндоваскуляр ва инвертацион радиологиянинг замонавий усуллари ёрдамида мураккаб касалликларни даволашга оид илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Энг замонавий технологиялар асосида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини бошқаришни янада такомиллаштириш, мутахассисларнинг меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг касб билим ва малакасини муттасил тарзда оширишга доимий эътибор қаратилмоқда. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида тиббий радиология ҳамда шошилинч ёрдам кўрсатувчи шифокорларнинг ҳамкорлиги турли хасталикларга тез ва аниқ ташхис қўйиш, уларни самарали даволаш, учраши эҳтимоли бўлган касалликларнинг профилактика чораларини кучайтириш имконини бермоқда.
– Радиология тиббиётнинг катта эътибор талаб этадиган соҳаларидан биридир, – дейди Осиё-Океания радиологлар жамияти директори Жонгмин Ли (Жанубий Корея). – Ўзбекистонда ушбу соҳа ривожи йўлида мунтазам эътибор кўрсатилаётганининг гувоҳи бўлдим. Бу жиҳатлар шошилинч тиббий ёрдам масканлари фаолиятига радиологиянинг энг илғор усуллари татбиқ этилаётганида яққол намоён бўлмоқда.
Халқаро анжуманда соҳага илғор технологияларни жорий этиш ва касалликларни самарали даволашга оид долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Манба: uza.uz 

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |