Қидириш   

» » Аҳоли саломатлиги муҳофазаси – устувор мақсад

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси – устувор мақсад
02 декабрь 2014,   кўрилган: 1348

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси – устувор мақсадМамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт тизимида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳоли саломатлигига катта эътибор қаратилиб, барча тиббиёт муассасалари замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ва давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан Навоий шаҳрида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилаётир.
Шаҳар тиббиёт бирлашмаси, оилавий поликлиникалар, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, улар ўртасида репродуктив саломатлик тушунчаларини тўғри тарғиб қилиш мақсадида маҳаллаларда ҳамда таълим муассасаларида учрашув, давра суҳбатлари ташкил этилаяпти.
Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида таҳлил қиладиган бўлсак, шаҳар ҳудудида 1738 та туғруқ қайд этилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан иккитага кўпайган. Тарғибот ишлари самарали ташкил этилганлиги натижасида, 15-17 ёшлилар ўртасида туғруқ учрамади. Аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида 21 минг 788 нафар аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 14 минг 322 нафарида турли экстрагенитал касалликлар аниқланиб, соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, тиббий кўрикдан ўтказилган 36 минг 436 нафар 14 ёшгача бўлган болаларнинг 25 фоизида касаллик аниқланиб, 46 нафари санатория шароитида, қолганлари стационар ва амбулатор шароитида даволаняпти.
– Она соғлом бўлса, ҳомила ҳам яхши ривожланади, – дейди вилоят она ва бола скрининг маркази директори Маҳфуза Ҳамроева. – Биринчи навбатда, онанинг соғлигини тўлиқ назоратдан ўтказиш жуда муҳим. Соғлом боланинг дунёга келиши ота-она учун ҳам, жамият учун ҳам қувонарли ҳол, албатта.
Шунинг учун ўтган давр ичида вилоят бўйича 9325 нафар ҳомиладор аёл бирламчи скрининг текширувидан ўтказилиб, 129 нафарида турли хилдаги нуқсонлар аниқланди ва ҳомиладорлик тўхтатилди, 504 нафари биомаркерларга қон топширди.
Айтиш жоизки, олиб борилаётган кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари ўзининг ижобий натижасини кўрсатаётган бўлса-да, айрим маҳаллалар ҳамда таълим муассасаларида қарор ижроси бўйича ишлар талаб даражасида олиб борилмаганлиги, унга масъулият билан ёндашилмаганлиги ачинарли ҳол. Зеро, ҳар бир она ва боланинг саломатлиги аввало, оила фаровонлигини ҳамда жамият кўркини таъминлаши шубҳасиз.

Манба:navoiypress.uz

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |