Қидириш   

» » Нуроний отахону онахонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

Нуроний отахону онахонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди
25 февраль 2015,   кўрилган: 1401

Нуроний отахону онахонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилдиМуҳтарам юртбошимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-4658-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан жорий йилнинг 16-21 февраль кунлари вилоятимизнинг барча ҳудудларида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида нуроний отахону онахонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан ўтказилган мазкур саломатлик ҳафталигида РИФ ва ПИАТМ директори, тиббиёт фанлари доктори М.Н. Тиллашайхов раҳбарлигида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари ва юқори малакали шифокорлари фаоллик кўрсатишди. Тиббий кўрикларни сифатли ташкил этиш мақсадида махсус жойлар ажратилиб, зарурий асбоб-ускуналар, жумладан, электрокардиограф ва ультратовуш ташхислаш аппаратлари билан жиҳозланди ҳамда кенг кўламли шарт-шароитлар муҳайё этилди. Жараёнда 2403 нафар фуқаронинг соғлиги тиббий кўрикдан ўтказилди.Шундан 1876 нафари уруш ногиронлари, қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларидир. 232 нафар касаллиги аниқланган фуқароларга вилоят ва республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида ҳамда республика тиббиёт муассасаларида даволанишга, 406 кишига санаторий-курортларга йўлланма берилди.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |