Замонавий тиббий жиҳозлар эл саломатлиги учун
04 март 2017, кўрилган: 1079
Маълумки, "Саломатлик — 3" лойиҳаси доирасида республикамиздаги барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари ва кўп тармоқли поликлиникалар замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Бунда Жаҳон тараққиёт банки, Хитой гранти ва Қувайт банки ҳамда Германия банклари сармоялари кўмак бериб келаяпти.2012-2017 йилларда вилоятимизда "Саломатлик — 3" лойиҳаси томонидан 8 та туман ва 2 та шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда 10 та кўп тармоқли поликлиника, 4 оилавий поликлиника жиҳозланиши режалаштирилган.
— Ўтган 2013-2016 йиллар давомида Жаҳон тараққиёт банки ҳамкорлигида "Саломатлик — 3" лойиҳаси томонидан Навбаҳор, Конимех ва Нурота туман марказий шифохонаси, туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари 1,5 миллиард сўмлик 35 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди, Япониянинг "Шмадзу" фирмасида ишлаб чиқилган энг замонавий 5 дона рақамли рентгенография аппарати, ЭКГ, эндоскоп, рақамли УТТ аппаратлари, Центрафуга, пацент монитори сингари аппаратлар ҳамда тиббий адабиётлар берилди. "Саломатлик — 3" лойиҳаси доирасида 2016 йил 1-чоракда 602 миллион сўмлик тиббий жиҳозлар келтирилган бўлса, 3-чоракда 1 миллиард 304 миллион сўмлик техникалар туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда кўп тармоқли поликлиника ва оилавий поликлиникаларга келтирилди. Хатирчи, Кармана ва Қизилтепа туманларига 6 дона Япония давлатининг "Шмадзу" фирмасида ишлаб чиқилган энг замонавий рақамли рентгенография аппаратлари, 4 дона гастрофиброскоп, дигитайзер Центрафуга қуруқ ҳаволи стерилизаторлар берилди.
Бугун туман марказларида янгидан қурилган туман тиббиёт бирлашмаларининг моддий-техник базаси тубдан яхшилангани, замонавий ускуналар билан бойитилгани аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошиб бораётганидан дарак беради. Энг чекка туманларгача кириб бораётган замонавий тиббий ускуналар, беморларга тезкор ташхис қўйиш ва саломатлигини тиклашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Қолаверса, барча ҳудудларда олиб борилаётган тиббий текширувлар замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюромобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратлари воситасида ўтказилаётир. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланаяпти. Жумладан, аҳолининг амбулатор шароитда, туман, вилоят шифохоналари ҳамда республика даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши назоратга олинмоқда.
— Замонавий ЭКГ аппаратида бирпасда саломатлигимни текшириб, ташхис қўйиб беришди, — дейди Хатирчи тумани, "Кўксарой" МФЙда яшовчи Музаффар Маманазаров. — Шифокорлар саломатлигимни янада мустаҳкамлашим учун нималарга эътибор қаратишим кераклиги хусусида ҳам ўз тавсияларини беришди. Туман аҳолисининг мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилаётгани ва бу амалиёт замонавий аппаратуралар ёрдамида бажарилаётгани турли касалликларнинг олдини олишда катта ёрдам беради.
Юртимизда тиббиётни ислоҳ этиш борасида олиб борилаётган фаолият, модернизация қилиш ишлари жорий йилда ҳам давом этиши кўзда тутилмоқда. Тиббиёт бирлашмалари, касалхона ва поликлиникалар замонавий тиббий жиҳозлар ҳисобига бойиб бориши "Саломатлик — 3" лойиҳасида алоҳида белгилаб берилган.
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.
Бўлими : Янгиликлар |
info |