Қидириш   

Энг катта бахт
04 август 2017,   кўрилган: 817

Энг катта бахтМен Конимехда таваллуд топдим. Отам – йигирма тўрт йилдан буён вилоят ўрмон хўжалиги ходими, онам маърифат жонкуяри сифатида қишлоқдошларимизнинг ардоғида. Ўттиз йиллик тажрибаси бор муаллима сифатида ўқувчиларининг севимли устози. Ўзим тиббиёт коллежида уч йил таҳсил олган бўлсам ҳам ҳамон устозлардан, тажрибали ҳамширалардан ўрганишга ҳаракат қиляпман. Устозим Муқаддас Ҳамдамовадан жудаям миннатдорман. У киши касб сирларини ўргатиш билан бир қаторда, ўз ишимиз, меҳнатимиз, ширин муомаламиз билан беморларнинг саломатлигини узайтиришимиз, тезроқ оёққа туриб кетишларида ишончли далда бўлишимиз мумкинлигини ўқтирадилар. Ана-мана деб, фаолиятимни бошлаганимга ҳам етти йил тўлибди. Куни кеча тиббиёт коллежини тугатгандекман, назаримда. Аммо бугун устоздек, янги иш фаолиятини бошлаётган ҳамширалардан ёрдамимни аямайман. Барчамиз, бир мақсад остида – аниқроғи Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, элу юрт саломатлигини асраш борасида ҳамқадаммиз.
Мен муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Камолот” ЁИҲ 1V-қурултойида сўзлаган нутқларини бор вужудим билан тингладим. Юртбошимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ишда биз ёшларнинг ўрнимиз бўлиши шартлигини ўқтириш билан бир қаторда, бизга яратиб берилажак имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталдилар. Айниқса “ ... ҳар қандай ютуқ, ҳар қандай ғалабанинг замирида, аввало, меҳнат ва қатъият, эл-юрт равнақи йўлидаги ҳалол хизмати албатта ўзининг муносиб баҳосини ва қадрини топиши керак” дея айтган сўзлари мени жуда қувонтирди. Мен жорий йилда Бухоро Давлат Тиббиёт институтига ҳужжатларимни топширдим. Умид қиламанки, мен албатта талаба бўламан, олдимга қўйган мақсадларимга эришаман.
Айни пайтда ўз иш жойимдаман. Эгнимдаги оқ халатим мисол оппоқ орзулар билан келажакка қадам ташламоқдаман. Юртимнинг корига ярайдиган фарзанд бўлсам, энг катта бахтим шу.

Гулбану ЕСЕНБАЕВА, Конимех ТТБ ҳамшираси.

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Янгиликлар   |   info  |