Қидириш   

» » Ҳазм аъзолари касалликларида парҳез овқатланиш

Ҳазм аъзолари касалликларида парҳез овқатланиш
06 декабрь 2017,   кўрилган: 994

"Кимки ўз соғлиғини сақламоқчи ва  мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган  таомнинг сифатига, миқдорига, истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборини қаратмоғи лозим” дея ёзган эди буюк ҳаким Абу Али Ибн Сино ўзининг "Тиб қонунлари” китобида.

           Ҳазм аъзолари  – ичак, жигар,  ўт пуфаги, ошқозон, ошқозон ости бези. Уларда касаллик келиб чиқишида физик, кимёвий, микробиологик омилларнинг салбий таъсирлари, спиртли ичимликлар ва айниқса рационал овқатланиш тартибларининг бўзилиши сабаб бўлади. Овқат таркибида кўп миқдорда аччиқ, шўр, ёғли, дудланган, нордон маҳсулотларнинг бўлиши овқат тайёрлаш технологияси, овқатланиш тартиби,   меъёрий таркибнинг бўзилиши ҳазм аъзолари касалликларининг ривожланишига олиб келади.

            Бундай беморларни даволашда дори-дармонлар, физиотерапия, фитотерапия (шифобахш ўтлар ёрдамида даволаш) шифобахш овқатланиш – диетотерапия аҳамиятга эга. Шифобахш овқатланиш – касал организмнинг озуқа моддаларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, физиологик томондан тўла қимматга эга бўлиш ва касал аъзонинг функциясини тиклашга ёрдам бериши керак. Шифобахш овқатланиш  ҳар бир касалликнинг ўзига хос хусусиятлари, клиник кечишини ҳисобга олган ҳолда тузилади ва  маълум даврга мўлжалланади. Парҳез таом беморга узоқ муддатга буюрилмайди. Ҳазм аъзолари касаллигида иссиқ нон ва нон маҳсулотлари, ёғли гўшт, қовурилган, дудланган таом,  жўхори, перловка ёрмаси,  спиртли ва газли  ичимлик, аччиқ чой, қахва, музқаймоқ, хом мева, пиёз, саримсоқ, консерва маҳсулотларини ейиш таъқиқланади. Бир кун олдинги ёки қуритилган нон, қуруқ печенье, қайнатилган мол гўшти, эзилиб яхши пишган макка ёрмаси, гуруч, сули, қора буғдой бўтқаси, ширгуруч, шавла, ширқовоқ, буғда  пишган  гўштли таом, кефир, ёғсиз қатиқ, чала пишган тухум, картошка пюреси, пиширилган қовоқ, лавлаги каби озиқ-овқат маҳсулотларини ейиш тавсия этилади. Шунингдек, ўсимлик ёғида димланган таом, пишган сабзавотли салат, мевали десерт, асал, мураббо, ширин шарбат, кисель ва маъданли сувлар ичиш мумкин.

          Шифобахш овқатнинг ҳар хил қисмлари меъда фаолиятига турлича таъсир этади. Гўшт ва ёғ қўшилган  рационда меъда шираси кўпроқ ажралади. Сут ичилганда меъда шираси кам ажралгани боис  парҳезда сут ва сут маҳсулотлари етарли бўлиши керак. Ўсимлик ёғлари қўшилган таомлар ичаклар ҳаракатини кучайтиради ва ич яхши юришади. Беморларга бериладиган сабзавотлар тўғралган, яхши пишган ва эзилган, гўшт қиймаланган  бўлиши лозим. Овқатни  оз-оздан ейиш меъдада кислотани камайтиради, қабзиятнинг олдини олади, ичак, меъда, ва меъда ости бези фаолиятини меъёрига келтиради. 

 Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Бўлими : Шифокор маслаҳати   |   info  |